9 март тонгги хабарлари

мар 09 / 2019

alt

Гулнора Каримова 865 миллион доллар миқдорида пора олишда айбланмоқда

Гулнора Каримова ва МТСнинг Ўзбекистондаги шўъба корхонаси - «Уздунробита» собиқ бош директори Беҳзод Аҳмедов АҚШда пул ювиш ва 865 миллион доллар миқдорида пора олишда айбланмоқда. Бу ҳақда Нью-Йорк Жанубий округи прокуратураси маълумотига асосланиб, РИА Новости хабар бермоқда.

Хабарда маълум қилинишича, бугун Ўзбекистон собиқ расмий вакили, Ўзбекистон собиқ раҳбарининг қизи Гулнора Каримова ва Россиядаги энг йирик телекоммуникация компанияси - «Мобильние ТелеСистеми» («МТС»)нинг Ўзбекистондаги шўъба корхонаси «Уздунробита» собиқ бош директори Беҳзод Аҳмедовга нисбатан жиноий иш очилган.

alt

Ўзбекистон кран суви хавфли бўлган 187 та мамлакатлардан бири

“Глобеҳунтерс” турагентлиги АҚШнинг “Касалликлар назорати ва профилактикаси” маркази маълумотлари асосида водопровод суви хавфсиз бўлмаган мамлакатлар рўйхатини тузган.

Рўйхатдан 187 та мамлакат, шу жумладан, Ўзбекистон, Россия ва деярли барча собиқ иттифоқ республикалари (Эстониядан ташқари)ўрин олган.

Таъкидланишича, бу рўйхатга кирган мамлакатлар ҳудудида водопровод суви ифлос дегани эмас, у шунчаки истеъмол учун тўғри келмайди.

АҚШ (Гуам оролидан ташқари), Канада, Австралия, Чили, Япония, Жанубий Корея, Саудия Арабистони, Буюк Британия, Норвегия ҳамда Евроиттифоқнинг кўпчилик мамлакатларидаги водопровод суви эса хавфсиз деб топилган.

alt

Қашқадарёда бир кунда 7 та нодавлат боғча очилди

7 март куни Қашқадарё вилоятида 7 та нодавлат боғча иш бошлаган. Боғчаларнинг 4 таси Миришкор туманида, қолган 3 таси Яккабоғ туманида иш бошлаган.

Боғчани қуришда қаровсиз ва ташландиқ ерлар ажратилиб, 1 миллиард 700 миллион сўм кредит олинган.  Жами 2 миллиард 400 миллион маблағ эвазига замонавий, барча талабларга жавоб берадиган боғча ташкил этилган. Боғча очилиши билан 100 нафар бола қамраб олинган.

alt

Ҳиндистондаги қирувчи самолёт қуш билан тўқнашиб кетди

Ҳиндистон қирувчи самолёти МиГ-21 8-март куни мамлакат шимоли-ғарбидаги Ражастхан штатида ҳалокатга учраган.

Ҳодиса Биканер шаҳри яқинида юз берган. Қирувчи самолёт ҳарбий-ҳаво кучлари базасидан парвоз қилгандан сўнг двигатель билан боғлиқ носозлик юзага келган. Учувчи катапульта қилишга муваффақ бўлган.

Дастлабки маълумотларга кўра, самолёт ҳавода қуш билан тўқнашиб кетган, шундан кейин ерга қулаган. Авария машқ парвози давомида юз берганлиги таъкидланмоқда.

alt

Зулфия мукофотининг янги совриндорлари вазирлик ва идоралар вакиллари билан учрашди

Ўзбекистон ахборот агентлигининг маълум қилишича, 2019 йилда қўшилган иқтидор соҳибалари билан учрашувда турли вазирлик ва идоралар, ижодий ва жамоат ташкилотларининг вакиллари, хотин-қизлар қўмиталарининг Ўзбекистон Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясида Зулфияхоним қизлари сафига фаоллари, маънавият тарғиботчилари, ўқувчи ва талаба қизлар иштирок этишган.

Таниқли ёзувчи ва шоирлар билан бўлиб ўтган учрашувда қизлар мамлакатда миллий адабиётни равнақ топтириш, маданият ва санъат соҳаларини жадал ривожлантириш, ёш истеъдодлар парвозини бунданда юксалтириш, уларнинг ижодини халққа яқиндан таништириш борасидаги амалий ишларнинг мазмун-моҳияти билан атрофлича танишишган. Иқтидорли қизларга бадиий-ўқув адабиётларидан иборат эсдалик совғалари топширилган.

alt

Тошкент шаҳар ҳокимлиги отинойиларга фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалар топширди

Бу ҳақда Тошкент шаҳар ҳокимлиги Матбуот хизмати хабар бермоқда. Тошкент шаҳар ҳокимлиги ва жамоат ташкилотлари билан ўзаро ҳамкорликда шаҳарда фаолият олиб бораётган отинойилар билан давра суҳбати ташкил этилган. Тадбирда отинойилар фаолияти, улар замон билан ҳамнафас бўлишлари, доимий равишда илмларини бойитиб боришлари ва инсон руҳиятини яхши тушуниши кераклиги муҳокама этилган. Учрашув давомида бир гуруҳ фаол отинойиларга фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалар топширилган.

Маълумот учун, Тошкент шаҳрида 203 нафар отинойилар фаолият юритмоқда. Ҳар бир отинойи яшаш манзили ва унинг атрофидаги маҳаллаларга бириктирилган. Уларнинг саъй-ҳаракати билан 377 нафар маънавий кўмакка муҳтож аёлларнинг дунёқараши, 313 нафар нотинч оилалардаги муҳит соғломлаштирилган, 478 нафар ажрим ёқасидаги оилалар яраштирилган.

alt

Москвада Буюк ёзувчи Пушкиннинг авлоди дўппослаб кетилди

Life Shot нашрининг хабар беришича, Москвада номаълум шахс Александр Пушкиннинг авлодини дўппослаб кетган. Жабрланувчи, у ташқарига чиққанида номаълум йигит унга яқинлашиб ўзини милиционер сифатида танитгани ва ҳужжатларни сўраганини айтган.

- Мен унинг кимлигини аниқ билиш учун ҳужжатларини кўрсатишни илтимос қилдим, лекин у қўлига қурол олиб, ўқлади-да, ўлдириш билан қўрқитиб, фамилиямни айтишни талаб қилди. Кейин юзимга қаттиқ урди, мен йиқилиб тушдим. У бошимга қурол ўқталиб, бу ердан кетишимни айтди, дейди у. Жабрланувчининг юзи кўкарган.

Ҳозирда ҳолат юзасидан текшириш ишлари давом этмоқда.

alt

Никарагаулик аёл одамсифат қанотли махлуқни тасвирга олди

Никарагуа фуқароси қанотли номаълум одамсифат жонзотни видеотасмага муҳрлаган.

Ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари орасида уни монтаж ёки аксинча, бу ҳақиқий дея таъкидловчилар бўлиб турибди. Видео остида минглаб фикрлар қайд этилган. Гувоҳлар эса жонзотни ўз кўзлари билан кўришганини айтишган.

Қанотлари бўлган жонзот одамга ва шу билан биргаликда ҳашаротга ҳам ўхшаб кетади. Унинг баландлиги камида 160 сантиметрга тенг. Одамлар камера билан яқинлашганда, у осмонга учиб кетган ва кўздан ғойиб бўлган. Маҳаллий аҳоли эса номаълум жонзотнинг кўринишини дунёнинг охири ҳақидаги тахминлар билан боғлашмоқда.

alt

Об-ҳаво

ФВВ ҳузуридаги Гидрометеорология хизмати маркази мамлакатда 9—12 март кунлари кутилаётган об-ҳаво маълумотларини тақдим этди.

Қорақалпоғистон ва Хоразм вилоятида ҳаво ўзгариб туради, ёғингарчилик кутилмайди. Шамол шарқдан 7—12 м/с тезликда эсади. Ҳарорат кечаси 0-5 даража илиқ, кундузи 10-15 даража илиқ бўлади.

Бухоро ва Навоий вилоятларида ҳаво ўзгариб туради, ёғингарчилик кутилмайди. Шамол шарқдан 7-12 м/с тезликда эсади. Ҳарорат кечаси 2-7 даража илиқ, кундузи 12-17 даража илиқ бўлади.

Тошкент вилоятида ҳам ҳаво ўзгариб туради, 9 мартда баъзи жойларда бироз ёмғир ёғиши мумкин, 10—12 мартда ёғингарчилик кутилмайди. Шамол шарқдан 7-12 м/с тезликда эсади. Ҳарорат кечаси 2-7 даража илиқ, кундузи 12-17 даража илиқ бўлади.

Самарқанд, Жиззах ва Сирдарё вилоятларида ҳаво ўзгариб туради, ёғингарчилик кутилмайди. Шамол шарқдан 7-12 м/с тезликда эсади. Ҳарорат кечаси 2-7 даража илиқ, кундузи 12-17 даража илиқ бўлади.

Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларида ҳаво ўзгариб туради, ёғингарчилик кутилмайди. Шамол шарқдан 7-12 м/с тезликда эсади. Ҳарорат кечаси 3-8 даража илиқ, кундузи 9 ва 12 мартда 15-20 даража илиқ, 10—11 мартда 12-17 даража илиқ бўлади.

Андижон, Наманган ва Фарғона вилоятларида ҳаво ўзгариб туради, 9 мартда баъзи жойларда бироз ёмғир ёғиши мумкин, 10—12 мартда ёғингарчилик кутилмайди. Шамол шарқдан 7-12 м/с тезликда эсади. Ҳарорат кечаси 0-5 даража илиқ, кундузи 10-15 даража илиқ бўлади.

Республиканинг тоғли ҳудудларида ҳаво ўзгариб туради, 9 мартда баъзи жойларда ёғингарчилик бўлиши мумкин. 10—12 мартда ёғингарчилик кутилмайди. 9—11 мартда қор кўчиши хавфи бор. Шамол шарқдан 7-12 м/с тезликда эсади. Ҳарорат кечаси 0-5 даража совуқ, кундузи 5-10 даража илиқ бўлади.

Хабар ва янгиликларни ОдноклассникиFacebookTwitterTelegram'да ҳам кузатиб боринг

 

 

 

 

 

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *