8 январдан пойтахтимизда "Файзли Тошкент" акцияси бошланади

янв 03 / 2020

alt

Бу ҳақда Жаҳонгир Артикходжаев Тошкент шаҳар ҳокимлигида “Файзли Тошкент” акциясини ташкил қилишга бағишланган йиғилишда айтиб ўтган.

Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Артикходжаев йиғилиш иштирокчиларининг эътиборини шаҳримизнинг санитар ҳолатига қаратган. Пойтахтимизда обод манзиллар тобора кўпайиб бораётган бир пайтда, умуман қаровсиз ҳудудлар ҳам борлигини қайд этиб, “Файзли Тошкент” акциясини ўтказиш орқали яқин икки ой муддатда шаҳар миқиёсида ниҳоятда кенг кўламли тозалаш ва ободонлаштириш тадбирлари олиб борилишини маълум қилган.

Акцияга Ободонлаштириш бош бошқармасининг минг нафар ишчи-хизматчилари жалб этилиши режалаштирилган.
Акция доирасида пойтахтимизнинг 30 минг гектардан ортиқ ҳудуди, мавзе ва даҳарлардаги қабристонлар, анчадан буён қаровсиз бўлган ички кўчалар, ариқлар ҳазонлар, турли шох-шаббалар ҳамда бошқа турдаги чиқиндилардан тозаланади, дарахтларга шакл берилади.
Тунги пайтда талаб даражасида ёритилмайдиган жойларга қўшимча ёритиш воситалари ўрнатилади. Пойтахтимиз том маънода саришта, обод ва файзли шаҳарга айланади.

Бу ишлар учун шаҳримиздаги тегишли бошқармалардан махсус техникалар жалб этилади.

Йиғилишда Тошкент шаҳар ҳокими ўринбосари Б. Рахманкулов шаҳар ишчи гуруҳи раҳбари этиб тайинланди.
Шунингдек, ҳар бир ҳудуд учун масъул сифатида белгиланган раҳбар иш сифати, самарадорлигини назорат қилиб боради ҳамда ишлар якунлангандаги натижани қайд этиб олади ва бундан кейинги саришталигига бевосита жавобгар ҳисобланади.

Бундай акцияларни кейинчалик давомли ўтказиб бориш ва Тошкентни энг гўзал, саришта ва обод шаҳарга айлантириш кўзда тутилган.

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *