7 март тонгги хабарлари

мар 07 / 2019

 alt

Мамлакатимизда 50, 100, 200 ва 500 сўмлик банкноталар муомаладан чиқарилади

Ҳозирги кунда муомалада бўлган эски намунадаги 50 ва 100 сўмлик тангаларнинг, 50 ва 100 сўмлик банкноталарнинг амал қилиш муддати 2019 йилнинг 1 июлигача деб белгиланган. Бироз юқори қийматга эга бўлган банкноталар, 200 сўм ва 500 сўмлик банкноталарнинг амал қилиш муддати эса 2020 йилнинг 1 июлигача давом этади.

Гап шундаки, ушбу қийматдаги пуллар қадрсизланмайди, энди йўл ҳақи яхлит икки минг сўмга айланмайди ёки бошқа тўловлар яхлит оширилмайди. Мазкур кичиқ қийматдаги қоғоз пулларнинг вазифасини яқинда зарб этилган янги тангалар бажаради.

alt

Ўзбекистонда Буюк Ипак йўли бўйлаб биринчи ҳаво шари экспедицияси ўтказилди

Ўзбекистон ахборот агентлигининг маълум қилишича, Тошкент вилояти, Бўстонлиқ туманида Туризмни ривожлантириш қўмитаси кўмагида Экстремал ва тоғ туризми федерацияси томонидан қишки спорт фестивали ўтказилди.

Чимён тоғидаги “Чимён Оромгоҳи”да “Chimgan-Extreme – 2019” қишки спорт турлари бўйича тоғ фестивали доирасида чанғи, сноубординг, парапланда учиш бўйича мусобақалар бўлиб ўтди.

Шунингдек, жорий йилнинг февраль – ноябрь ойларига қадар Марказий Осиёнинг тоғли ҳудудларида парапланда учиш бўйича “Uzbekistan Cross country cup – 2019” Ўзбекистон очиқ кубоги ўтказилиб борилади.

Ўзбекистон Аэронавтика федерацияси лойиҳаси доирасида Тошкент, Самарқанд ва Бухоро шаҳарларида 325 марта аэростатлар (ҳаво шарлари) парвози 2100 дан ортиқ киши иштирокида амалга оширилган. Эростатларда парвоз учун 4 нафар учувчи тайёргарликдан ўтказилган.

Илк парвозларда 200 нафар бола, жумладан, Меҳрибонлик уйи тарбияланувчилари, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларнинг фарзандлари, шунингдек, имконияти чекланганлар иштирок этган. Аэростатлар Ўзбекистоннинг тарихий обидалари устидан 17 маротаба кўтарилган.

alt

Ўзбекистонга Россиянинг яна бир делегацияси ташрифи уюштирилади

Мамлакатимизга Россия Иқтисодий ривожланиш вазири М.Орешкин бошчилигидаги юқори мартабали делегация ташриф буюради. Ташриф доирасида делегациянинг Ўзбекистон молия вазири Жамшид Қўчқоров билан учрашуви бўлиб ўтиб, унда иқтисодиёт соҳасида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш режалари муҳокама қилиниб, бошқа кўплаб бир қатор жиддий масалаларга ҳам эътибор қаратиши кутилмоқда.

Шунингдек, делегация аъзолари Тошкент ва Самарқанд шаҳарларининг диққатга сазовор жойлари билан яқиндан танишишади.

alt

Таълим сифати нега пасайиб кетди?

Ўқувчилар билимининг Давлат таълим стандартларига мувофиқлигини таҳлил қилиш мақсадида республика бўйича танлов асосида ўрганилган 1 минг 35 та мактаб фаолияти мониторинги натижаларига асосан, ўқувчиларнинг ўртача ўзлаштириши 67 фоизни, сифат кўрсаткичи эса 22 фоизни ташкил этган. Бу ҳақда Ўза  хабар бермоқда.

Айниқса, таълим сифатини баҳолаш бўйича ПИСА халқаро тадқиқотларида ўқувчиларнинг дарсда олган билимини амалда қўллай олиш кўникмаларининг баҳоланишида умумтаълим мактабларини лаборатория жиҳозлари билан таъминлаш ўта муҳим масала экани алоҳида таъкидланган. Таълим тизимида йиғилган бу каби муаммоларни ечиш, тайёрланаётган кадрларнинг сифатига эътиборни кучайтириш, умумтаълим муассасалари раҳбарларини танлаб, жой-жойига қўйиш, таълим муассасаларининг фаолияти самарадорлигини баҳолашнинг аниқ мезонларини ишлаб чиқиш, ўқув-тарбия жараёнини услубий таъминлаш зарурлиги қайд этиб ўтилган. Анжуман якунида эса қўмитанинг тегишли қарори қабул қилинган.

alt

ТАЙИНЛОВ!

Қувватов Умид Бахтиёрович Шеробод тумани ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари этиб тайинланди. У шу кунгача Сурхондарё вилояти ҳокимлигининг вояга етмаганлар ишлари бўйича комиссияси масъул котиби вазифасида фаолият юритиб келган.

alt

Эркакка айланган аёл энди ўзга сайёраликка айланмоқчи

Англиялик Жаред Небула энди бир жинслилар орасида ҳам бўлишни истамаяпти. Илгари у аёл жинсига мансуб бўлиб, бундан бир неча йил аввал жарроҳлик амалиёти ўтказган, эркакка айланган эди. Энди бўлса, Жаред ҳеч қайси жинс вакили бўлишни истамай, ўзини ўзга сайёраликка айлантирмоқчи.

Небула яқинда кўкрак аъзоларини олиб ташлаш бўйича жарроҳлик амалиётини ўтказади. Бугунгача у бошқа жарроҳлик турларини амалга ошириб бўлган. Жареднинг фикрига кўра, айнан шундай кўринишда бўлиш унга қулайроқ.

alt

Об-ҳаво маълумоти

Республика Гидрометеорология марказининг хабар беришича, бугун 8 март куни Тошкентда ҳаво ўзгариб туради, ёғингарчилик бўлмайди. Шарқдан секундига 7-12 метр тезликда шамол эсади. Кечаси 5-7, кундузи 17-19 даража илиқ бўлади. 

Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида ҳаво ўзгариб туради, куннинг иккинчи ярмида ёмғир ёғади. Ғарбдан секундига 7-12 метр тезликда шамол эсади. Кечаси 0-5 даража совуқ, кундузи 7-12 даража илиқ, Устюртда кечаси 5-10 даража совуқ, кундузи 3 даража совуқ, 2 даража илиқ, Хоразм вилоятида кечаси 3 даража совуқ, 2 даража илиқ, кундузи 7-12 даража илиқ бўлади. 

Бухоро ва Навоий вилоятларида ҳаво ўзгариб туради, ёмғир ёғиши мумкин. Баъзи жойларда туман тушиши мумкин. Шарқдан эсаётган шамол ўз йўналишини ўзгартириб, ғарбдан секундига 7-12 метр тезликда эсади. Шамолнинг тезлиги айрим жойларда секундига 17-22 метргача кучайиши мумкин. Кечаси 5-10, кундузи 17-22 даража илиқ, чўл ҳудудларида кечаси 0-5 даража совуқ, кундузи 7-12 даража илиқ бўлади. 

Тошкент, Самарқанд, Жиззах ва Сирдарё вилоятларида ҳаво ўзгариб туради, ёғингарчилик бўлмайди. Баъзи жойларда туман тушиши мумкин. Шарқдан секундига 7-12 метр тезликда эсаётган шамол айрим жойларда секундига 17-22 метргача кучайиши мумкин. Кечаси 3-8, кундузи 17-22 даража илиқ бўлади. 

Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларида ҳаво ўзгариб туради, ёғингарчилик бўлмайди. Баъзи жойларда туман тушиши мумкин. Шарқдан секундига 7-12 метр тезликда эсаётган шамол айрим жойларда секундига 17-22 метргача кучайиши мумкин. Кечаси 7-12, кундузи 17-22 даража илиқ бўлади. 

Андижон, Наманган ва Фарғона вилоятларида ҳаво ўзгариб туради, ёғингарчилик бўлмайди. Баъзи жойларда туман тушиши мумкин. Шарқдан секундига 5-10 метр тезликда шамол эсади. Кечаси 2-7, кундузи 15-20 даража илиқ бўлади. 

Республикамизнинг тоғли ҳудудларида ҳаво ўзгариб туради, ёғингарчилик бўлмайди. Қор кўчиши хавфи бор. Баъзи жойларда туман тушиши мумкин. Шарқдан секундига 7-12 метр тезликда шамол эсади. Кечаси 1-6 даража совуқ, кундузи 3-8 даража илиқ бўлади. 

 

 

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *