5,1 млрд. сўмлик табиий ва суюлтирилган газ талон-тарож қилинганлиги аниқланди

янв 20 / 2020

alt

Жорий йилнинг 3 январидан 20 январига қадар Ўзнефтгазинспекция томонидан ўтказилган тадбирлар доирасида 5,1 млрд. сўмлик табиий ва суюлтирилган газларни талон-тарож қилиш ҳолатлари аниқланди, деб хабар қилади Энергетика вазирлиги матбуот хизмати.

Хусусан, энг жиддий ҳуқуқбузарликлар Наманган ва Жиззах вилоятларида аниқланди. “Мезбон” МЧЖ ва “Нафосат бекати” МЧЖ корхоналарига тегишли умумий овқатланиш корхоналарида жами 306 млн. сўмлик 306 минг метр куб ҳажмдаги табиий газдан ноқонуний равишда фойдаланиш ҳолатлари аниқланди.

Бундан ташқари, Самарқанд вилояти Пастдарғом туманида ҳеч қандай рухсатномасиз, ўзбошимчалик билан оҳак цехи томонидан газ тармоғига уланиб газдан ноқонуний фойдаланиб келаётганлиги аниқланди. Дастлабки хисоб китоб бўйича жами 330 млн. сўмлик 330 минг метр куб ҳажмдаги табиий газдан ноқонуний равишда фойдаланиш ҳолатлари аниқланди.

Яна бир нечта газ таъминоти тизимига рухсатсиз уланиш ҳолатлари Тошкент вилоятининг Тошкент ва Қибрай туманларида аниқланган. 157 минг метр куб ҳажмдаги табиий газдан ноқонуний равишда иссиқхоналар ва “Муҳаммад” МЧЖ паррандачилик фермаларидан бирида фойдаланилган. Умуман олганда вилоят ҳудудида жами 690 млн. сўмлик 690 минг метр куб ҳажмдаги табиий газдан ноқонуний равишда фойдаланиш ҳолатлари аниқланди.

Республикада жами 4,3 млн. метр куб ҳажмдаги табиий газдан ноқонуний равишда фойдаланиш ҳолатлари аниқланган, бу эса ўз навбатида жами 4,3 млрд. сўмлик зарар келтирилганлигини билдиради.

Аҳоли учун тарқатиладиган суюлтирилган газлардан Андижон шаҳридаги “Андижон шаҳаргаз” филиалида 25 минг кг (54,3 миллион сўм) миқдордаги суюлтирилган газни ҳисобдан чиқариш ҳолати аниқланди. Бундан ташқари омборни текшириш вақтида ушбу филиал ходимлари томонидан 738 млн сўмлик 2 390 та маиший газ балонларининг етишмаслиги аниқланди. 

Ушбу далилларга қўшимча равишда, филиал ходимлари аҳолидан суюлтирилган газ учун олинган маблағларни хизмат кўрсатувчи банк кассасига топширмаган, шу билан 80 млн. сўм қийматидаги нақд пул маблағларини қисқартириб қўпол қонунбузарликларга йўл қўйган.

Юқорида кўрсатилган аниқланган ҳолатлар юзасидан расмийлаштирилган ҳужжатлар ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига тақдим этилди.

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *