5 май тонгги хабарлари (фото+видео)

мая 05 / 2019

Тошкентдаги Анҳорда 6 синф ўқувчиси чўкиб кетди

alt

Бош Прокуратура Ахборот хизматининг хабар беришича, 2 май куни Яккасарой туманида жойлашган №91 сонли мактабнинг 6 синф ўқувчиси пойтахтдаги анҳорда чўкиб вафот этган.

Аниқланган маълумотларга кўра, ўсмир йигит ўз синфдошлари билан бирга сузиш учун Анҳорга борган ва сувга тушиб, қайтиб чиқа олмаган. 

Ушбу ҳолатни анҳор рўпарасида Чилонзор тумани ҳудудида жойлашган Лойиҳаларни экспертиза қилиш маркази биноси деразасидан кўриб қолган фуқаро Р.С зудлик билан воқеа жойига чиқиб келган ва бу вақтда боланинг чўкиб кетганлигини кўриб, зудлик билан ФВВ қутқарув хизматига хабар берган. Бахтсиз ҳодиса юзасидан айни пайтда суриштирув ишлари олиб борилмоқда. 

Покистонда шифокор 100 га яқин инсонларга ОИСТ юқтирди

alt

Покистонда полиция 90 нафар инсонларга ОИТС вирусини юқтирган шифокорни ҳибсга олган. Қайд этилишича, у беморларга муолажа қилишда стерил бўлмаган шприцлардан фойдаланган.

Беморлар орасида 65 нафар болаларнинг борлиги маълум бўлгач, расмийлар оёққа турган. Болаларнинг ота-оналари топширган тест натижалари ҳам салбий ҳолда бўлган. Маълумотларга кўра шифокорнинг ўзи ҳам ОИТСга чалинган бўлиб, ҳозирда ҳолат юзасидан тергов ишлари олиб борилмоқда.

Номаълум “харидорлар” томонидан 100000 сўмлик сохта купюралар тарқатилмоқда

alt

Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеороликдаги мурожаатда номаълум кимсалар томонидан савдо объектларига кириб, сохта купюра эвазига маҳсулотлар харид қилиб кетилаётганлиги айтилмоқда.

Видеороликдаги Ўзбекистон аҳолисини огоҳликка чақираётган шахс,  номаълум “харидор”нинг 100 000 сўмлик қалбаки пулга тамаки маҳсулотини харид қилгани, ҳатто пулнинг қайтимини ҳам олиб кетганини таъкидлайди.

Адвокат ҳимоясидаги Юнусобод тумани собиқ ҳокимининг пора олмаганини айтмоқда

alt

2018 йилнинг сентябрь ойи бошларида ОАВларда Юнусобод ҳокими Бахтиёр Абдусаматовнинг катта миқдордаги пора билан қўлга олингани ҳақидаги хабар тарқалган эди.  Маълумотларга кўра, у инвестордан 400 минг АҚШ доллари миқдоридаги пулни пора тариқасида олаётган вақтида ушланган ва Жиноят кодексининг 205-моддаси (ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш) ва 210-моддаси (пора олиш) билан айбланган. 

Ҳозирда у билан бирга судланувчилар Ўлмас Мухамедсаидов ҳамда Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси “Миллий PR-маркази” ДУК бош директори лавозимида ишлаган Шоҳруҳ Маликовга нисбатан жиноят ишини кўриб чиқиш бўйича очиқ суд бўлиб ўтмоқда.

alt

Судда айбланувчи Бахтиёр Абдусаматовнинг адвокати сифатида иштирок этаётган Тимур Раҳматуллаев ҳимоясидаги собиқ ҳокимнинг айбсиз эканлиги, унинг пора олмаганлигини таъкидламоқда.

Миллий Гвардиячилар олмазорлик ёшларга бепул Жиу-житсу спортини ўргатади

alt

 Жиу-житсу спорт турининг мамлакатимизга кириб келганига ҳали кўп бўлмаган бўлсада, унга қизиқувчиларнинг сони кундан кунга ортиб бормоқда. Бироқ ҳозирча ёшларнинг ушбу спорт турини мукаммал ўрганишлари учун мамлакатимизда бирон бир қўлланма мавжуд эмас. Ўзбекистон Жиу-житсу федерацияси Ахборот хизматининг Uz24.uzга маълум қилишича, Республика Миллий Гвардияси ҳарбий техника институти ва Ўзбекистон Жиу-житсу федерацияси ҳамкорлигида янги лойиҳага қўл урилган. 

alt

Давлатимиз раҳбарининг “Ёшлар маънавиятини юксалтириш ва уларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш бўйича 5 та муҳим ташаббус” тўғрисидаги қарори доирасида куни кеча “Ёшларни жисмоний чиниқтириш ва улар орасида спортни янада оммалаштиришнинг долзарб масалалари” мавзусидаги семинар бўлиб ўтган. 

alt

alt

alt

Тошкент шаҳар “Ёшлар маркази” мажлислар залида бўлиб ўтган семинарда курсантларга Жиу-житсу спорт турини ёшларга ўргатиш ҳуқуқини берувчи мураббийлик лицензиялари топширилган. 

alt

Миллий Гвардия ҳарбий техника институтининг Жиу-житсу бўйича 6 нафар Ўзбекистон чемпиони пойтахтимизнинг Олмазор туманидаги  ўзларига бириктирилган мактаб ва академик лицей ўқувчилари учун ҳар куни Жиу-житсу бўйича  бепул машғулотларни ўргатиб боришади.

Самарқандда эшкак эшиш бўйича Ўзбекистон чемпионати якунланди

alt

Самарқандда бир неча кун давом этган мусобақада барча вилоятлардан келган эшкак эшувчилар ўз маҳоратларини намойиш этишган. Миллий Олимпия Қўмитаси Ахборот хизматининг маълум қилишича, мусобақа сўнгги кунида параровинг бўйича спортчилар 1000 метр масофага ўтказилган баҳсда ғолиблик учун беллашишган.

Беллашувда эркаклар ўртасидаги (PR3) Достон Сарибоев, Аброр Муқимов (– 5.02,91) 1-ўринга,  (PR3) Қудратбек Раҳимов, Қудратилло Ҳабибуллаев, Аброр Шербўтаев ( – 4.40,96) жуфтликлари 1-ўрин, ҳамда аёллар ўртасидаги (PR1) баҳсида Гулноза Маматкулова (– 6.20,33) 1-ўрин, Отабек Қўчқоров, Гулчирой Эсанбаева (– 4.29,22) Микст (PR2) жуфтлиги  1-ўринга сазовор деб топилган.

Пойтахтда ўтказилган мотомавсумда "NEXT" савдо маркази ўраб олинди

alt

4 май куни пойтахтимизда бўлиб ўтган мотомавсум очилишида юртимиз байкерлари қаторида Россия, Қозоғистон, Қирғизистон ҳамда Тожикистоннинг 300 дан ортиқ мотоциклчилари иштирок этишди.

alt

Тадбир ўтказилиши жараёнида кутилмаганда "Next" савдо-кўнгилочар марказида ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларининг пайдо бўлиши кўпчиликни ваҳимага солган. "Next"атрофидаги ҳудуд ўраб олинган ва бинодаги инсонлар эвакуация қилинган.

alt

Тошкент шаҳар ИИББ матбуот хизматига кўра, ушбу кутилмаган тадбир марказда ёнғин хавфсизлиги, қутқарув хизмати, тез ёрдам, «Ўзенергоназорат» шаҳар бўлинмаси ва бошқа ташкилотлар билан ҳамкорликда огоҳликка чақириш мақсадида ташкил этилган.

alt

Бош Прокуратура ҳузуридаги Департаментда янги бошқарма ташкил этилди

alt

 Прокуратура тузилмасида Айдар-Арнасой кўллар тизимини ривожлантириш соҳасида қонунчилик устидан назорат бошқармаси ва Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментда “Айдар-Арнасой кўллар тизими ресурсларидан фойдаланиш соҳасида иқтисодий ҳуқуқбузарликларга қарши курашиш бўлими” ташкил этилган.

Бош прокуратура бошқарма бошлиғи лавозимига Холматов Баҳриддин Ўктам ўғли, Департамент бўлими бошлиғи лавозимига Орзиев Парвиз Завқиддинович тайинланган. Бу ҳақда Прокуратура Ахборот хизмати маълум қилди.

Айдар-Арнасой кўллар тизимида балиқчилик тармоғини жадал ривожлантириш, ички ва ташқи инвестицияларни жалб қилиш, туризм инфратузилмасини ривожлантириш, сув ресурсларидан, ўсимлик ва ҳайвонот дунёсидан оқилона фойдаланиш ҳамда муҳофаза қилиш ҳамда ноқонуний бино ва иншоотларни қонунийлаштириш, атроф-муҳитини яхшилаш устидан назорат олиб бориш Бош прокуратура бошқармасининг асосий вазифалари ҳисобланади.

2018 йилда 1907 нафар мансабдор коррупция бўйича жавобгарликка тортилган

alt

Олий Мажлис Сенатининг ўн тўққизинчи ялпи мажлисида Республика Бош прокурорининг "Прокуратура органларининг 2018 йилдаги фаолияти тўғрисида"ги ҳисоботи эшитилган. О.Муродовнинг таъкидлашича, ҳисобот даврида Коррупцияга қарши курашиш соҳасида 1 907 нафар мансабдор шахслар турли кўринишдаги мансабдорлик жиноятлари учун жиноий жавобгарликка тортилган.

Жинояти фош қилинган мансабдор шахсларнинг 48 нафарини республика миқёсидаги вазирликлар ва идоралар, 191 нафарини вилоят ҳамда 1 668 нафарини туман (шаҳар) даражасидаги идоралар вакиллари ташкил этади.

Шунингдек, аҳоли ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, коррупцияга муросасизлик ҳиссини шакллантириш мақсадида 6 819 та учрашувлар ўтказилган, оммавий ахборот воситалари орқали 948 маротаба чиқишлар қилинган.

Бугун Тошкентда LANDSHAFT OPEN.UZ фестивалининг охирги куни ўтказилмоқда

alt

4 май куни Тошкентда LANDSHAFT OPEN.UZ халқаро фестивали доирасида учрашув ташкил этилиб, унда бугунги кунда шаҳримиз ёш дизайнерларини нималар қизиқтириши, уларда қандай ғоялар мавжудлиги ҳақида фикр алмашилган.

alt

Тошкент шаҳар ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Элбек Шукуров учрашувда ёшлар билан бевосита мулоқотни олиб борган.

“Тошкент шаҳри ҳудудидаги энг яхши ландшафт дизайни бўйича талабалар лойиҳаси” танловида иштирок этган талабалар ўз ғоялари ҳақида сўзлаб беришган. 

alt
Шунингдек, қизиқарли лойиҳа, энг оригинал(ўзига хос) ғоя, ўзига хос техника(услубда) асосида бажарилган иш номинациялари бўйича талабалар ўртасида танлов ўтказилган.

3 майдан бошлаб ўтказилаётган Ландшафт маданиятини намоён этувчи LANDSHAFT OPEN.UZ биринчи халқаро фестивали бугун, 5 май куни ўз ниҳоясига етади. Тошкент шаҳар ҳокимлиги томонидан ташкил этилган мазкур фестивал ландшафт санъати маданиятини ошириш, шаҳар аҳолиси ва меҳмонларига гуллар композицияларини намойиш этишга бағишланган.

alt

alt

 

 

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *