4 май тонгги хабарлари (фото+видео)

мая 04 / 2019

Ит боласини қийнаган ўсмирларнинг ота-оналари маъмурий жавобгаликка тортилди

alt

“Mehr va Oqibat” Жониворларни ҳимоя қилиш жамияти вакиллари шикояти асосида Тошкент шаҳар, Шайхонтоҳур тумани ИИБ ИИОФМБ томонидан ит боласини қийнаб, ушбу ҳолатни видеотасвирга олган ўсмирларнинг ота-оналари маъмурий жавобгарликка тортилган.  

Тошкент вилоятида ака-ука И.Ё., ва А.Ё., лар жонивор билан шафқатсиз муносабатда бўлган ва уларнинг дўсти эса ушбу ҳолатни видеотасвирга олган.

Ўсмир болалар қилган ушбу ғайриоддий хатти-ҳаракатлари сабабли профилактик ҳисобга киритилган (16 ёшга тўлмагани муносабати билан жониворлар билан шафқатсиз муносабатда бўлганлик учун  улар маъмурий жавобгарликка тортилмайди). Уларнинг ота-оналарига нисбатан эса МЖТКнинг 47-моддасида (болаларни тарбиялаш ва уларга таълим бериш борасидаги мажбуриятларни бажармаслик) кўзда тутилган маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги баённома тузилган.

alt

Дўстларининг ҳаракатларини видеотасвирга олган ва уни интернетга жойлаштирган 17 ёшли У.Б.га нисбатан МЖТКнинг 189−1-моддаси (зўравонликни ёки шафқатсизликни тарғиб қилувчи маҳсулотни тайёрлаш, олиб кириш, тарқатиш, реклама қилиш, намойиш этиш) бўйича тузилган баённома Тошкент вилояти ИИБга тақдим этилган.

Ҳиндистонда содир бўлган тўфон оқибатида миллионлаб аҳоли уйсиз қолди

alt

Ҳиндистонда юзага келган шторм ҳодисаси оқибатида миллионлаб аҳоли уй-жойсиз қолган. Об-ҳаво мутахассислари ушбу табиат ҳодисасини охирги беш йил ичидаги энг кучли тўфон содир бўлиши дея баҳолашмоқда.

alt

Тўфон жараёнида кучли ёмғир ёғиб, шамол тезлиги 175 — 200 км/соатни ташкил этган. Миллионлаб аҳоли қутқарувчилар томонидан эвакуация қилиниб, қишлоқ аҳолиси қирғоқдан узоқроқдаги вақтинчалик яшаш жойларига жойлаштирилган.  

alt

“Фани” дея аталган ушбу ҳужумкор тўфон Бенгал жанубидан кириб келганлиги айтилмоқда.

Ўзбекистонда сохта табиблар фаолиятига чек қўйилади

alt

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўн тўққизинчи ялпи мажлисида “Фуқаролар соғлиғини сақлаш тўғрисида”ги Қонунига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилган.

Янги норма билан тўлдирилган қонунга кўра, энди тиббий маълумотга эга бўлмаган шахслар ҳам Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Халқ табобати усулларидан фойдаланган ҳолда тиббий хизмат кўрсатиш фаолиятини лицензиялаш бўйича махсус комиссия хулосаси асосида (халқ табобати усулларидан фойдаланган ҳолда) тиббий фаолият билан шуғулланиш ҳуқуқига эга бўладилар.

alt

Сенаторлар фикрича, янги норманинг киритилиши Соғлиқни сақлаш вазирлиги белгилаган хизмат кўрсатиш ҳажми ва тартибига, санитария қоида ва нормаларига мувофиқ аҳолига тиббий хизмат кўрсатилишига, сохта табиблар фаолитига чек қўйилишига имкон беради.

Маълумот учун, 2010-2017 йилларда Олий суд томонидан табиблар хизматларидан фойдаланувчи аҳолининг ҳуқуқлари бузилиши билан боғлиқ 1529 та иш кўриб чиқилган. 

Самарқандда фуқароларни 364 минг долларга чув туширган фирибгар ушланди

alt

2019 йил 28 апрель куни Самарқанд шаҳрида яшовчи Б.П. ва С.А.лар Самарқанд шаҳар А.Темур кўчасида яшовчи А.С.нинг фирибгарлик содир этганлиги юзасидан ИИБга шикоят қилган.

Аниқланган ҳолатларга кўра,  А.С. Жомбой туманида жойлашган “Ёғ мой маҳсулотлари” ишлаб чиқариш заводини харид қилиб, кейинчалик ҳудудда яна шундай завод қуришни, даромадни биргаликда тенг тақсимлашни айтиб, Б.П. ва С.А.лар жами 364 456 АҚШ долларини қўлга киритган. Бироқ вақт ўтса ҳамки, фирибгар ўз ваъдасини бажармай пулларни шахсий эҳтиёжлари учун сарфлаб юборган.

Ҳозирда ҳолат юзасидан жиноий иш қўзатилиб,  тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Тошлоқда электр энергияси ўғриси фош қилинди

alt

Республика МИБ маълумотларига кўра, Тошлоқ тумани, Қанжирға маҳалласида яшовчи фуқаро Қ.Тошболтаев 2017 йил январь ойида электрни ҳисобга олиш приборига келган электр кабелидан электр ҳисоблагичнинг орқа тарафи орқали ноқонуний алоҳида тармоқ тортиб, фойдаланиб келган.   

Ўтказилган қайта ҳисоб-китоб натижасида ҳуқуқбузар Қ.Тошболтаев давлат манфаатларига 33 млн. 444,2 минг сўм миқдорда моддий зарар етказганлиги аниқланган.  

Ўз ҳаракатлари моҳиятини тўлиқ англаган Қ.Тошболтаев етказилган зарарни қоплаган ва шунга кўра жиноят иши қўзғатишни рад қилиш ҳақида қарор қабул қилинган.

Термизда вилоят янги ҳокимининг сайёр қабули бўлиб ўтди

alt

3 май куни Термиз шаҳридаги “Бобур” номли маданият ва истироҳат боғида Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчисининг ўринбосари Алишер Усмонов ҳамда Сурхондарё вилоятининг яқинда тайинланган ҳокими Тўра Боболов иштирокидаги сайёр қабул ўтказилган. Фуқаролар билан юзма-юз мулоқот ўтказилган сайёр қабулда вилоят ҳокими ўринбосарлари, бошқарма ва ташкилотлар ходимлари, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари раҳбарлари ҳамда Халқ қабулхонаси вакиллари  иштирок этишган.

alt

Қабул жараёнида 600 нафардан зиёд мурожаатчининг иқтисодий ва маиший масалаларда қилган мурожаатлари тингланиб, масалага даҳлдор раҳбарлар иштирокида таҳлил қилинган, уларни бартараф этиш чоралари кўрилган. Аксарият мурожаатларда келтирилган муаммолар жойида ҳал этилган.

alt

Маълум муддат, яъни атрофлича ўрганиш тақозо этиладиган мурожаатлар бўйича эса тегишли мутасаддиларга топшириқлар берилган.

 Сурхондарё ва Қашқадарё аҳолиси учун “Саломатлик поезди” юборилди

alt

"Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили" Давлат дастури доирасида республикамизнинг экологик жиҳатдан ноқулай минтақаларида яшовчи аҳолисига "Саломатлик поезд"ларини ташкил этиш йўли билан тиббий-ижтимоий ёрдам кўрсатилмоқда.

Жумладан, 9-30 апрель кунлари "Соғлом авлод учун" халқаро хайрия фонди ва "Ўзбекистон темир йўллари" АЖ  ҳамкорлигида Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятлари аҳолиси учун ташкил этилган "Саломатлик поезди"  Деҳқонобод туманида бўлган.

29 апрель куни Оқработ, 30 апрелда эса Деҳқонобод темир йўл бекатида болалар, хотин-қизлар, кўп фарзандли оилалар ва бошқа тиббий-ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлган 750 нафар инсонлар малакали мутахассислар томонидан тиббий кўрикдан ўтказилган. Хасталик аниқланганларга соғломлаштириш бўйича чора-тадбирлар кўрилган.

Сафар давомида кўчма тиббий-ижтимоий ёрдам бригадаси ҳамроҳлигида марказий шифохоналар, вилоят болалар ва туғруқ комплекслари, кўзи ожиз, ақли заиф, кар-соқов болалар махсус мактаб-интернатларига ҳам бевосита ташриф буюрилиб, беморларга тиббий хизмат кўрсатилган.

 

ОБ-ҲАВО

alt

Тошкент шаҳри. Республика Гидрометеорология марказининг хабар беришича, 4 май куни пойтахтда ҳаво ўзгариб туради, ёғингарчилик кутилмайди. Шамол шарқдан 3-8 м/с тезликда эсади. Ҳарорат кечаси 10-12 даража илиқ, кундузи 26-28 даража иссиқ бўлади.

Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилояти. Ҳаво ўзгариб туради, ёғингарчилик кутилмайди. Шамол шарқдан 7-12 м/с тезликда эсади. Ҳарорат кечаси 12-17 даража илиқ, кундузи 28-33 даража иссиқ бўлади.

Бухоро ва Навоий вилояти. Ҳаво ўзгариб туради, ёғингарчилик кутилмайди. Шамол шарқдан 7-12 м/с тезликда эсади. Ҳарорат кечаси 13-18 даража илиқ, кундузи 28-33 даража иссиқ бўлади.

Тошкент, Самарқанд, Жиззах ва Сирдарё вилоятлари. Ҳаво ўзгариб туради, ёғингарчилик кутилмайди. Шамол шарқдан 7-12 м/с тезликда эсади. Ҳарорат кечаси 10-15 даража илиқ, кундузи 23-28 даража иссиқ бўлади.

Қашқадарё ва Сурхондарё вилояти. Ҳаво ўзгариб туради, ёғингарчилик кутилмайди. Шамол шарқдан 7-12 м/с тезликда эсади. Ҳарорат кечаси 13-18 даража илиқ, кундузи 28-33 даража иссиқ бўлади.

Андижон, Наманган ва Фарғона вилоятлари. Ҳаво ўзгариб туради, ёғингарчилик кутилмайди. Шамол шарқдан 5-10 м/с тезликда эсади. Ҳарорат кечаси 7-12 даража илиқ, кундузи 23-28 даража иссиқ бўлади.

Республиканинг тоғли ҳудудлари. Ҳаво ўзгариб туради, ёғингарчилик кутилмайди. Шамол шарқдан 7-12 м/с тезликда эсади. Ҳарорат кечаси 3-8 даража, кундузи 13-18 даража илиқ бўлади.

 

Хабар ва янгиликларни ОдноклассникиFacebookTwitterTelegram'да ҳам кузатиб боринг

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *