3 май тонгги хабарлари (фото+видео)

мая 03 / 2019

Соғлиқни Сақлаш Вазирлиги Руҳий касаллар шифохонаси бемори ҳақида  

alt

Кеча 2 май тонгги хабарларида пойтахтдаги руҳий касаллар шифохоналарининг бирида беморнинг ерга ётқизилиб, бўғилаётганлиги акс этган видеолавҳани эълон қилгандик. Жорий йил 22 апрелда рўй берган видеотасвирдаги ҳолат юзасидан Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳуқуқ-тартибот органлари билан биргаликда тезкор равишда хизмат текшируви бошланган.

Аниқланган ҳолатларга кўра, 1994 йилда туғилган фуқаро И.А. Тошкент шаҳар руҳий касалликлар клиник шифохонасига жорий йилнинг 16 апрель куни соғлиғи юзасидан махсус психиатрия тез ёрдами машинаси орқали олиб келинган ва ўша куни шифохонага жойлаштирилган. Беморнинг руҳий ҳолатидаги ўзгаришлар туфайли унга атрофдагилар душмандек кўринган, шу сабабли у атрофдагилардан шубҳаланган ва безовта бўлган. 

Руҳий ҳолатига кўра, беморга тегишли муолажалар қилиниши бошланган, шу қаторда тинчлантирувчи психотроп дори воситалари қўлланилган.

Гулнора Каримованинг турмуш ўртоғига тегишли радиостанция сотувга қўйилди

alt

Гулнора Каримованинг собиқ турмуш ўртоғи Рустам Мадумаровга тегишли бўлган радиостанция сотувга қўйилди. Аукцион 8 май куни ўтказилади. Гранд FM 101.5 радиоси тўлқинлари пойтахт ва Тошкент вилоятининг айрим ҳудудлари бўйлаб эфирга узатилади.

Қайд этилишича, айни пайтда сотувга қўйилган етти миллиард (7 567 767 500.00)дан ошиқроқ бўлган  бошланғич нархи билан радиокомпания қиймати 4 142 518 600.00 га тушган. Маълумотларга кўра, Чилонзор тумани, Муқимий кўчаси 15 уйда жойлашган радиоканал сотувга қўйилганлигига қарамай, ҳамон ўз фаолиятини давом эттирмоқда.

Мобил телефондан фойдаланиш тартибини бузган таълим олувчиларга чора кўрилади

alt

Таълим муассасаларида мобил телефондан фойдаланиш тартиби бузилганда ўқувчилар ва уларнинг ота-оналарига қуйидаги таъсир чоралари қўлланилади:  

  1. огоҳлантириш;
  2.  таълим олувчиларнинг кундалик дафтарига ёзиб қўйиш;
  3. уларнинг ота-оналарини (уларнинг ўрнини босувчи шахсларни) хабардор қилиш ёки тушунтириш суҳбати ўтказиш учун таълим муассасасига чақириш.

alt

Ушбу талаблар бузилганда ҳар қандай педагог ходим таълим олувчидан мобил телефонни олиб қўйиш, билдиришнома расмийлаштириш ва уни мобил телефон билан бирга таълим муассасаси (факультет) директорига (деканига) ёки синф раҳбарига (кураторга) бериш ҳуқуқига эга эканлиги, мобил телефон фақат ўқувчининг ота-онасига қайтариб берилиши маълум қилинди.

Шунингдек, таълим муассасаси таълим олувчиларга тегишли бўлган мобил телефонларнинг сақланиши учун жавоб бермайди, қоидалар бузилганда мобил телефоннинг олиб қўйилиш ҳолатлари бундан мустасно.

Бугун Халқаро матбуот куни

alt

Бугун,  3 май — Халқаро матбуот куни. Апрелда Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти(ЕХҲТ)нинг ОАВ эркинлиги масалалари бўйича вакили Арлем Дезир Ўзбекистон ҳукуматини сайтларни блокламасликка ва ОАВ ҳақидаги қонунни халқаро нормаларга мувофиқлаштиришга чақирган. 

Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги (АОКА) директори Комил Алламжонов эса Дезирнинг бу баёноти билан танишиб чиққани ва айрим сайтларга киришда муаммолар бўлаётганини "диққат билан" ўрганиб чиқишини айтган.

alt

Ўзбекистонда очилмайдиган сайтларга мисол тариқасида ЕХҲТ вакили Fergananews, Ozodlik, Eurasianet.org, Uzmetronom ва бошқа сайтларни кўрсатган. ЕХҲТ ҳисоботида айтилишича, сайтларнинг блокланиш сабаби келтирилмаган.

"Чегарасиз мухбирлар" (RSF) халқаро ташкилоти эълон қилган рейтингда Ўзбекистон матбуот эркинлиги билан боғлиқ вазият энг ёмон бўлган мамлакатлар рўйхатидан чиқиб, 160-ўринни эгаллаган. Ўтган йилги рейтингда Ўзбекистон 165-ўринда бўлган. Лекин ҳозирги вазият ҳам RSF томонидан "ёмон" дея баҳоланган.

Светлана Радзивил “Бриллиант лига”нинг илк босқичида иштирок этмоқда

alt

Бугун, 3 май куни Қатар пойтахти Доха шаҳрида енгил атлетика бўйича мавсумнинг нуфузли мусобақаларидан бири бўлмиш “Бриллиант лига” турнири старт олади. Мазкур мусобақада терма жамоамиз вакиласи Светлана Радзивил иштирок этади.

Радзивил қатнашадиган баландликка сакраш секторида 9 нафар спортчи ҳам ғолиблик учун баҳс олиб боради. 

Қашқадарёда «Сариосиё—Тошкент» поезди ҳаракат чоғида кўчки содир бўлди

alt

30 апрель куни 21:25 да Қашқадарё вилоятида «Тошгузар—Бойсун—Қумқурғон» темир йўлининг 103-километрида №081 «Сариосиё—Тошкент» йўловчи поэзди ўтаётган вақтда кўчки содир бўлган. «Газета.uz» хабарига кўра, ҳодиса «Оқработ» станциясидан 8 километр масофадаги «Оқработ—Чашмаиҳофизон» участкасида содир бўлган.  

Поезд ҳаракати йўналишида ўнг томонда тупроқнинг кўчиши учта вагоннинг ҳаракатини чеклаб қўйган. Поезд бригадасининг тезкор ҳаракатлари натижасида йўловчилар бошқа вагонларга ўтқазилган ва ҳаракатни давом эттирган. Йўловчилардан ҳеч ким жароҳат олмаган. Шахсий буюмлар ва ҳужжатлар кейинроқ ўз эгаларига топширилган.

22:10 да барча йўловчилар «Деҳқонобод» станциясига муваффақиятли этиб борган. Ҳодиса жойида эса тўлиқ техник кўрик амалга оширилган.

Президент Шавкат Мирзиёев БАА делегациясини қабул қилди

alt

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 2 май куни Бирлашган Араб Амирликлари энергетика ва саноат вазири Суҳайл бин Муҳаммад ал-Мазруий бошчилигидаги делегацияни қабул қилган.

alt

Учрашувда Ўзбекистонда иқтисодиётнинг турли тармоқларида истиқболли лойиҳаларни, жумладан, электр станцияларини қуриш ва модернизация қилиш, янги конларни ўзлаштириш ва углеводород хомашёсини чуқур қайта ишлашни кенгайтириш, замонавий кимё саноати ва агросаноат корхоналари, логистика марказларини ташкил этиш, мамлакатимиз ҳудудларида инфратузилмани ривожлантириш ва бошқа қўшма ташаббусларни амалга ошириш масалалари батафсил муҳокама қилинган.

Ўзбекистондаги давлат ва жамият ҳаётининг барча жабҳаларини қамраб олган кенг кўламли ислоҳотлар, шунингдек, ҳамкорлик учун мавжуд катта имкониятлар меҳмонлар томонидан юксак баҳоланган.

 

ОБ-ҲАВО

alt

Тошкентда ҳаво ўзгариб туради, ёғингарчилик кутилмайди. Шарқдан секундига 3-8 метр тезликда шамол эсади. Кечаси 12-14, кундузи 22-24 даража илиқ бўлади.

Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида ҳаво ўзгариб туради, ёғингарчилик кутилмайди. Кундузи ёғингарчилик бўлмайди. Шарқдан секундига 3-8 метр тезликда шамол эсади. Кечаси 12-17, кундузи 22-27 даража илиқ бўлади.

Бухоро ва Навоий вилоятларида ҳаво ўзгариб туради, ёғингарчилик бўлмайди. Шарқдан секундига 3-8 метр тезликда шамол эсади. Кечаси 12-17, кундузи 25-30 даража илиқ бўлади.

Тошкент, Сирдарё, Самарқанд ва Жиззах вилоятларида ҳаво ўзгариб туради, ёғингарчилик кутилмайди. Шарқдан секундига 3-8 метр тезликда шамол эсади. Кечаси 13-18, кундузи 26-31 даража илиқ бўлади.

Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларида ҳаво ўзгариб туради, ёғингарчилик бўлмайди. Шарқдан секундига 3-8 метр тезликда шамол эсади. Кечаси 10-15, кундузи 24-29 даража илиқ бўлади.

Андижон, Наманган ва Фарғона вилоятларида ҳаво ўзгариб туради, ёғингарчилик бўлмайди. Шарқдан секундига 3-8 метр тезликда шамол эсади. Кечаси 10-15, кундузи 20-25 даража илиқ бўлади.

 

Хабар ва янгиликларни ОдноклассникиFacebookTwitterTelegram'да ҳам кузатиб боринг

 

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *