3 апрель тонгги хабарлари (фото+видео)

апр 03 / 2019

Гулнора Каримованинг адвокати у ҳозир қаердалигини маълум қилди

alt

Гулнора Каримованинг швейцариялик адвокати, Женевадаги “Mangeat Attorneys at Law” адвокатлик идораси эгаси ва раҳбари Грегуар Манжа мижози айни дамда қаердалигини маълум қилган. Бу ҳақда Бош прокуратура хабар бермоқда.

У 1 апрель куни твиттердаги саҳифасида Тошкент вилояти Зангиота тумани ҳудудидаги 21-жазони ўташ колониясига боргани ҳақида хабар қолдирган. 

«Ҳозиргина Зангиотадаги 21-рақамли аёллар колониясига келдим. Мижозим билан учрашишга ҳаракат қиламан», деган у ўз постида. 

alt

«Зангиотадаги 21-рақамли аёллар колониясидаги иккинчи куним», - дея ёзган у 2 апрель куни.

Грегуар Манжа мижози Гулнора Каримова билан муқаддам икки марта — 2016 йил декабри ва 2018 йил апрелда учрашган. 2018 йилнинг ёзида эса Каримова ва унинг сақланиш шароити ҳақида баъзи тафсилотларни маълум қилган. Яъни адвокат апрелдаги учрашуви давомида мижозининг кайфияти ўзгарувчан бўлиб қолгани, унинг толиққани сезилгани, қабул қилган дорилари таъсирида суҳбат давомида диққатини жамлай олмагани ҳақида ёзган.

«Ўрикзор» собиқ директорининг уй-жойи 4,2 миллион долларга савдога қўйилди

alt

alt

Тошкент шаҳрининг Учтепа туманидаги сув бўйида жойлашган кўчмас мулк объекти савдога қўйилган. Айрим манбаларга кўра, ушбу уй-жой мажмуаси «Ўрикзор» даҳасидаги улгуржи Карвон бозорининг собиқ директори Дмитрий Лимга тегишли. 

Мазкур уй-жой мажмуасининг бошланғич нархи: 35 536 900 759,00 сўмга баҳоланган.

alt

alt

Аукцион шу йилнинг апрелида бўлиб ўтади.

Қашқадарёда номаълум «махлуқ» суяклари топилди (фото)

alt

Қашқадарё вилояти, Китоб тумани, Ҳожи қишлоғида жойлашган 17-мактабгача таълим муассасасини таъмирлаш давомида номаълум жонзот суяклари топилган. Бу ҳақда “Хабар.уз”га ўз манбаси маълум қилган.

Бир қарашда номаълум жонзот суяклари динозаврларни эслатиб юборади. Бироқ ушбу суякларнинг айнан қайси жониворлиги ва қайси даврга тегишли эканлигини мутахассислар аниқлай оладилар. 

alt

alt

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг февраль ойида Фарғонада динозаврни эслатувчи мана шундай суяклар топилган, лекин ўзбек олимлари мазкур суякларнинг динозаврларга тегишли эмаслиги ҳақидаги фикрни илгари сурган эдилар. 

ТИВ Сеулда комада ётган ўзбекистонлик ҳақида маълумот берди

alt

ОАВ вакилларининг мурожаатларига биноан Корея Республикасидаги клиникалардан бирида ётган Ўзбекистон фуқароси Абрам Ниязовга амалий ёрдам кўрсатилмоқда. Бу ҳақда Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати маълум қилган. 

2018 йил июль ойидан буён кома ҳолатида ётган беморни Ўзбекистоннинг Сеул шаҳридаги элчихонаси Консуллик бўлими ўз назоратига олган.

alt

Дипломатик ваколатхона вакиллари бемордан мунтазам равишда хабардор бўлиб, унинг акаси Азизжон Оқилов ҳам касалхонанинг тиббий ва маъмурий ходимлари билан доимий алоқада бўлиб турибди.

Шунингдек, хабарда ҳозирги пайтда ватандошимизнинг даволаниши билан боғлиқ барча тиббий ҳаражатларни қоплаш ва тегишли товон пулини тўлашга оид масалалар ҳал этилаётгани айтилган.

Рамазон кунларида Сингапур ва Индонезияда “Хожа Баҳоуддин Нақшбанд” фильми намойиш этилади

alt

Сингапур ва Малайзия давлатларида Рамазон ойида “Ўзбеккино” миллий маҳсулотлари намойиш этилади.

Сингапурнинг “BOMANBRIDGE” ва Индонезиянинг “MNC Media” компаниялари кинобозорга олиб борилган “Ўзбекистон – Ислом цивилизацияси маркази”, “Хожаи жаҳон Абдухолиқ Ғиждувоний”, “Қадимий Бухоро” каби ҳужжатли фильмларга катта қизиқиш билдирган. 

Жумладан, компаниялар ушбу фильмларни жанубий-шарқий Осиёдаги мусулмон аҳолисига эга мамлакатлар телеканалларида Рамазон ойи туҳфаси сифатида кенг намойиш этиш учун харид қилиш мақсадида тижорат таклифлари билан чиққан.

alt

Ҳозирда “BOMANBRIDGE”, “MNC Media” компаниялари билан шартномалар имзоланган бўлиб, рамазон ойида фильмларнинг намойиши кутилмоқда.

alt

Бу ҳақда “ЎзА”  “Ўзбеккино” Миллий агентлигининг “Республика кинопрокат маркази” раҳбари Маъруф Мухторовга таяниб хабар қилган.

Жазоир президенти истеъфога чиқди (видео)

alt

Жазоир президенти Абдулазиз Бутафлиқа 2 апрель куни лавозимидан кетишини эълон қилган. Бу ҳақда "Algerie presse service" агентлиги хабар берган. 

Аввалроқ 2 апрелда Жазоир армияси қўмондонлиги учрашувидан кейин мудофаа вазири ўринбосари, Миллий халқ армияси штаб бошлиғи Аҳмад Гайд Салоҳ президентнинг ўз лавозимидан конституциявий озод этилиши жараёни зудлик билан бошланганини маълум қилган. Унинг таъкидлашича, армия 82 ёшли Бутафлиқани конституциянинг 102-моддасига биноан ўз лавозимидан озод қилиш жараёнини зудлик билан бошлашга буйруқ берган.  

alt

  Ушбу моддага кўра, амалдаги президентнинг “оғир ва узоқ давом этувчи касаллиги” ҳолатида конституциявий кенгаш давлат раҳбарини лаёқатсиз деб топган. Президент кенгашга ўз мажбуриятларини бажара олмаслиги ҳақида маълум қилиши керак бўлган. Шундан кейин парламент йиғилиши ўтказилиб, унда вақтинчалик давлат раҳбари тайинланиши мумкин бўлган.

Бу ҳолатда Жазоирнинг вақтинчалик президенти парламентнинг юқори палатасига бошчилик қилаётган 77 ёшли Абдулқодир Бинсалоҳ бўлади. 

Бутафлиқа Жазоир президенти лавозимини 1999 йил апрелидан эгаллаб келган.

ОБ-ҲАВО

alt

Тошкент шаҳри. Гидрометеорология марказининг хабар беришича, 3 апрель куни пойтахтда ҳаво ўзгариб туради, вақти-вақти билан ёмғир ёғади, момақалдироқ бўлиши мумкин. Ҳарорат кечаси 13-15 даража илиқ, кундузи 18-20 даража иссиқ бўлади.

Қорақалпоғистон ва Хоразм вилояти. Ҳаво ўзгариб туради, ёғингарчилик кутилмайди. Ҳарорат кечаси 5-10 даража, кундузи 15-20 даража илиқ бўлади.

Бухоро ва Навоий вилояти. Ҳаво ўзгариб туради, баъзи жойларда ёмғир ёғади, момақалдироқ бўлиши мумкин. Ҳарорат кечаси 10-15 даража илиқ, кундузи 20-25 даража иссиқ бўлади.
 
Тошкент, Самарқанд, Жиззах ва Сирдарё вилоятлари. Ҳаво ўзгариб туради, ёмғир ёғади, баъзи жойларда кучли бўлиши мумкин, момақалдироқ бўлиши мумкин. Ҳарорат кечаси 10-15 даража, кундузи 17-22 даража бўлади.

Қашқадарё вилояти. Ҳаво ўзгариб туради, баъзи жойларда ёмғир ёғади, момақалдироқ бўлиши мумкин. Ҳарорат кечаси 10-15 даража илиқ, кундузи 22-27 даража иссиқ бўлади.

Сурхондарё вилояти. Ҳаво ўзгариб туради, ёғингарчилик кутилмайди.  Ҳарорат кечаси 10-15 даража илиқ, кундузи 24-29 даража иссиқ бўлади.

Андижон, Наманган ва Фарғона вилоятлари. Ҳаво ўзгариб туради, ёғингарчилик кутилмайди.Ҳарорат кечаси 7-12 даража илиқ, кундузи 18-23 даража иссиқ бўлади.

Республиканинг тоғли ҳудудлари.  Ҳарорат кечаси 5-10 даража, кундузи 7-12 даража илиқ бўлади.

Хабар ва янгиликларни ОдноклассникиFacebookTwitterTelegram'да ҳам кузатиб боринг

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *