27 апрель тонгги хабарлари (фото+видео)

апр 27 / 2019

Жасур Умиров безорилиги учун 15 суткага қамалди

alt

Маълумотларда қайд этилишича, ўзбек эстрадаси хонандаси Жасур Умиров 2018 йилнинг 18 ноябрь куни тунги соат 03:00ларда маст ҳолатда Ҳ.Қ.нинг хонадонига ўзининг «Каптива» русумли автомашинасида борган.  Шахсий адовати бўлгани боис Ҳ.Қ.нинг дарвозасига бир неча марта автомашинасининг олди қисми билан урган. Дарвозага шикаст етказиб, жабрланувчини уятли сўзлар билан ҳақоратлаган, уни қўлидаги пичоқ билан қўрқитган.

Судда хонанда айбига тўлиқ иқрор бўлган ва ростдан ҳам ўзи билан олиб юрадиган пичоғи билан танишини қўрқитиб ҳақоратлаганини тан олган. Сабаби сифатида эса ўзи ёқтирган «Ш» исмли қизни унга турмушга беришмаётганини кўрсатган ва қилган ишидан афсусдалигини билдириб, суддан енгиллик сўраган.

Суд Жасур Умировни МЖтКнинг 183-моддасида кўрсатилган ҳуқуқбузарликни содир этган деб топиб, унга нисбатан 15 (ўн беш) суткалик маъмурий қамоқ жазоси тайинланган. 

Жорий йилнинг 26 апрель санасида Тошкент шаҳар маъмурий суди томонидан кўриб чиқилган кейинги босқич судида ҳам қарор ўзгаришсиз қолдирилган.

Бугун Инҳа университетида кириш имтиҳонлари бўлиб ўтади

alt

Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ахборот хизматининг маълум қилишича, бугун ва 28 апрель куни Тошкент шаҳридаги Инҳа университетида кириш имтиҳонлари бўлиб ўтади.

alt

Имтиҳонларнинг очиқ ва шаффофлигини назорат қилиш мақсадида Жанубий Кореядаги Инҳа университетининг профессор-ўқитувчилари Тошкент шаҳридаги Инҳа университетига етиб келган.

Шунингдек, кириш имтиҳонлари журналистларнинг маълумот олишлари учун очиқ эканлиги маълум қилинди.

Тошкентда Руслан Раҳматов фотографлар мактаби ўқувчиларининг бепул кўргазмаси ташкил этилади

alt

28 апрель куни Тошкентда Руслан Раҳматов номли фотографлар мактаби битирувчиларининг кўргазмаси ташкил этилади. “Bonum Factum Gallery” галлереяси, замонавий санъат майдонида очиладиган кўргазма 8 майга қадар давом этади. Кўргазмани томоша қилиш бепул. 

Унинг иштирокчилари Руслан Раҳматов фотография мактабининг 99,9 % бошланғич рассомчилик курси ўқувчилари бўлиб, ўқувчилар олти ҳафта давомида курснинг биринчи босқичини ўқиб тугаллашган.

"Улар ушбу соҳани пул топиш мақсадида эмас, балки ҳақиқий санъат асарларини суратларга муҳрлай олиш қобилияти ва маҳорат сирларини эгаллаш учун танлашган" дея қайд этилади хабарда.

alt

Кўргазма 28 апрель дам олиш куни, соат 17:00 да очилади.  

Батафсил маълумот учун: (Bonum Factum Gallery) +99871 232 03 60

Кўргазма ташкилотчилари:  +99890 995 10 09

 

Самарқандда вилоятлар бўйлаб келган ошпазлар ўртасида палов фестивали ўтказилади

alt

Самарқанд шаҳрида меҳмонлар ва сайёҳлар учун ўзбек ошхонасининг шоҳ таоми бўлмиш паловни тайёрлаш жараёни асрлар оша анъана сифатида давом этиб келмоқда. Ушбу анъананинг ўзига хос гашти, ўзига хос тайёрлаш сирлари ҳамда унинг хилма-хил турлари ҳақида таништириш мақсадида ош фестивали ўтказилади.

Тадбирнинг янада қизиқарли ўтказилишини таъминлаш мақсадида нафақат Самарқандлик, балки мамлакатимизнинг бошқа вилоятларидан ҳам маҳоратли ошпазлар таклиф этилган.

alt

Фестивал тадбирлари бугун — 27 апрель куни Самарқанднинг “Ҳунармандлар маркази”даги “Ош маркази”да бўлиб ўтади.

Ёш тадбиркор ўн беш нафар тенгдошларини иш билан таъминлади

alt

Жиззах вилоятининг Зомин туманида хусусий тадбиркорлик фаолиятини ташкил этган ёш йигит ўз тенгдошларини ҳам иш билан таъминлашга муваффақ бўлди. Келажакда у мазкур тадбиркорлик фаолиятини кенгайтириб, яна кўплаб ёшларни иш билан таъминлашни мақсад қилган.

Ҳукумат қарори билан боғча ва мактаблар 10 кун давомида текширилади

alt

Ҳукумат қарори(352-сон, 25.04.2019 й.)га кўра, Мактабгача таълим ва умумтаълим муассасалари фаолияти ўн кун давомида текширилиши маълум қилинди.

Низомга мувофиқ Ички ишлар вазирлиги ва унинг вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликлар профилактикасини амалга оширувчи махсус бўлинмалари, Давлат ёнғин хавфсизлиги хизмати ва унинг ҳудудий бўлинмалари, Санитария-эпидемология назорати марказлари, Бандликка кўмаклашиш органлари, Фавқулодда вазиятлар органлари ҳамда Атроф муҳитни муҳофаза қилиш органлари томонидан боғча ва мактаблар ўн кундан ошиқ бўлмаган муддатда текширилиши лозим. 

alt

Текширишдан ўн кун аввал тегишли давлат органлари ёзма хабардор қилиниб, мазкур органлар бир кун ичида боғча ва мактабларга текшириш ҳақида хабар беришлари шарт.

Курашчи қизлар Осиё чемпионатида 3 та бронза медалини қўлга киритди

alt

Айни кунларда Хитойнинг Циан шаҳрида спорт курашлари бўйича Осиё чемпионати бўлиб ўтмоқда. 26 апрель куни аёллар кураши бўйича гиламга чиққан 3 нафар курашчи қизларимиз бронза медалига сазовор бўлишган. Бугун — 27 апрель куни эса юнон-рим кураши бўйича беллашувлар старт олади.

alt

alt

alt

Икки кун давом этадиган ушбу дастурда жами 10 нафар полвонлар медаллар учун гиламга чиқишади.

 

ОБ-ҲАВО

alt

Тошкент шаҳри. Республика Гидрометеорология марказининг хабар беришича, 27 апрель куни пойтахтда ҳаво ўзгариб туради, ёғингарчилик кутилмайди. Шамол шарқдан 3-8 м/с тезликда эсади. Ҳарорат кечаси 6-8 даража, кундузи 15-17 даража илиқ бўлади.

Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилояти. Ҳаво ўзгариб туради, ёғингарчилик кутилмайди. Шамол шарқдан 7-12 м/с тезликда эсади. Ҳарорат кечаси 5-10 даража, кундузи 15-20 даража илиқ бўлади.

Бухоро ва Навоий вилояти. Ҳаво ўзгариб туради, ёғингарчилик кутилмайди. Шамол шарқдан 7-12 м/с тезликда эсади. Ҳарорат кечаси 5-10 даража, кундузи 15-20 даража илиқ бўлади.

Тошкент, Самарқанд, Жиззах ва Сирдарё вилоятлари. Ҳаво ўзгариб туради, ёғингарчилик кутилмайди. Шамол шарқдан 7-12 м/с тезликда эсади. Ҳарорат кечаси 5-10 даража, кундузи 15-20 даража илиқ бўлади.

Қашқадарё ва Сурхондарё вилояти. Ҳаво ўзгариб туради, ёғингарчилик кутилмайди. Шамол шарқдан 7-12 м/с тезликда эсади. Ҳарорат кечаси 7-12 даража, кундузи 17-22 даража илиқ бўлади.
 
Андижон, Наманган ва Фарғона вилоятлари. Ҳаво ўзгариб туради, ёғингарчилик кутилмайди. Шамол шарқдан 5-10 м/с тезликда эсади. Ҳарорат кечаси 5-10 даража, кундузи 15-20 даража илиқ бўлади.

Республиканинг тоғли ҳудудлари. Ҳаво ўзгариб туради, баъзи жойларда ёмғир ёғиши, момақалдироқ бўлиши мумкин. Тошкент вилоятида 2000 м дан юқорида қор кўчиши хавфи бор. Шамол шарқдан 7-12 м/с тезликда эсади. Ҳарорат кечаси 0-5 даража, кундузи 5-10 даража илиқ бўлади.

 

Хабар ва янгиликларни ОдноклассникиFacebookTwitterTelegram'да ҳам кузатиб боринг

 

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *