24 апрель тонгги хабарлари (фото+видео)

апр 24 / 2019

Қирғизистон Президенти форумида амалдорлар ухлаб қолди

alt

22 апрель куни Ўшда ўтказилган Қирғизистон президенти иштирокидаги биринчи телекоммуникация форумида амалдорлар ухлаб қолган. Ушбу ҳолат видеотасвирга олиниб, youtubeнинг Жалбирак-Тв каналида жойлаштирилган.

 Видеотасвир кадрлари мусиқа билан хамоҳанг монтаж қилинганлиги боис амалдорларнинг Президент нутқи вақтида ухлаб қолганми ёки бошқа жараёндалиги номаълум.

Қайд этилишича, форумда Ўш, Баткент, Жалолобод вилоятлари давлат органлари раҳбарлари ва ходимлари, ишбилармонлар, жамоат ва халқаро ташкилотлар вакилларидан иборат жами 500 дан ортиқ киши иштирок этган.

Президент фармонига асосан яна 265 нафар инсонларга Ўзбекистон фуқаролиги берилди

alt

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг 22 апрелда имзоланган Фармонига асосан фуқароларимиз сафи 265 нафарга кўпайган. Улар орасида 70 нафар корейс миллатига мансуб юртдошларимиз ҳам бор

Трамп The New York Times нашрининг тиз чўкиб, кечирим сўрашини талаб қилмоқда

alt

АҚШ президенти Дональд Трамп The New York Times нашридан тиз чўкиб узр сўрашини талаб қилган. Бу ҳақда у ўз "Twitter’даги саҳифаси орқали ҳам маълум қилган.

Президент ўз постида The New York Times газетасини халқ душманлари деб  атаган. Аммо нашрда чоп этилган айнан қайси мақола унда эътироз туғдирганлиги ҳақида ўз постида келтириб ўтмаган. 

alt

22 апрель куни The New York Times’да шарҳловчи Пол Кругманнинг мақоласи чоп этилиб, унда шарҳловчи Трампни Россиянинг АҚШдаги президент сайловларига эҳтимолий аралашуви тергови ўтказилишига тўсқинлик қилишда айблагани айтилмоқда. 

Тўрткўлда МИБ ходими калтакланди

alt

Мажбурий ижро бюроси Тўрткўл туман бўлими давлат инспектори Х.Джуманиязов ўзига бириктирилган ҳудуд, яъни “Марказобод” МФЙдаги хонадонларнинг бирига борганида уй соҳиби  Н.Ш. томонидан калтакланган. Бу ҳақда Uz24.uzга Республика МИБ ахборот хизмати маълум қилди. 

Давлат инспектори жорий йилнинг 9 февраль куни хонадоннинг энергия ресурслари ускуналари кўрсаткичларини кўрикдан ўтказган ва электр энергиясидан вужудга келган 349.000 сўм қарздорлик учун бажарилиши мажбурий бўлган талабнома берган. Бироқ талабнома муддатига 5 кундан ортиқ вақт ўтса ҳамки, қарздорлик бартараф этилмаган.

alt

Шу боис давлат инспектори Х.Джуманиязов ҳамкасблари Б.Авезов ва М.Ерназаровлар билан хонадонни электр энергияси тармоғидан ажратишга борганида, аввалига хонадон соҳиби Н.Ш. уларни шахснинг шаъни, қадр-қимматини камситувчи сўзлар билан ҳақоратлаб, калтаклаган.

Мазкур ҳолат бўйича Беруний туман маъмурий судининг 12 апрель кунги қарори билан фуқаро Н.Ш. га энг кам ойлик иш ҳақининг 3 баравари миқдорида 608.190 сўм жарима жазоси тайинланган.

Пиёдалар йўлагидан ўтиб кетган “Матиз”  ҳайдовчисига чора кўрилади

alt

Тошкент шаҳар ИИББ ЙҲХБ телеграм-ботига келиб тушган видеотасвирда  “Матиз” ҳайдовчиси Тошкент шаҳрининг Фарҳод кўчасида пиёдаларни ўтказмасдан тезликда ўтиб кетган.

Ушбу автомобиль ҳайдовчиси 43 ёшли Я.Саидахмад эканлиги аниқланган ва ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 128-моддаси (“Ҳайдовчиларнинг транспорт воситаларини пиёдалар йўлкаларидан юргизиши, йўл белгилари ва йўл ҳаракатининг бошқа қоидалари талабларига риоя этмаслиги”) асосида баённома тузилган.

Террорчилар сафига қўшилиш мақсадида йўлга чиққанлар ҳаракати фош этилди

alt

Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати ва Ички ишлар вазирлиги ҳамкорлигида олиб борилган тадбирлар давомида, Сурия давлатида фаолият юритиб келаётган «Тавҳид ва жиҳод катибаси» террористик гуруҳи таркибига қўшилиш мақсадида йўлга чиққан шахслар ҳаракати фош этилган.

Ҳамдўстлик машғулотларининг асосий босқичига тайёргарлик бошланди

alt

22 апрель куни Жиззах вилоятида жойлашган «Фориш» тоғ дала полигонида очилган «Ҳамдўстлик қалқони—2019» ҳамкорликдаги махсус-тактик ўқув машғулотларининг тайёргарлик машқлари бўлиб ўтмоқда.

alt

alt

alt

alt

Ўзбекистон, Туркия ва Покистон махсус операция кучлари билан ҳамкорликда ўтказилаётган машғулотлар режасига мувофиқ бугун, 23 апрель куни полигон ҳудудида ўзаро таржиба алмашиш жараёнлари бошланган. Учала давлат ҳарбий хизматчилари машғулотларнинг асосий қисми бўлиб ўтадиган ҳудудни ўрганиб чиқишган.

Осиё чемпионатида ҳамюртимиз бронза медалини қўлга киритди 

alt

23 апрель куни Хитойнинг Циан шаҳрида ўтказилган спорт курашлари бўйича Осиё чемпионати терма жамоамиз учун омадли якунланган. Унда -57 килограмм вазндаги спортчилар ўртасида гиламга чиққан Маҳмуд Шавкатов бронза медалини қўлга киритган.

Ҳамюртимиз шоҳсупага кўтарилиш учун кечган беллашувда тожикистонлик Ҳикматилло Воҳидовни доғда қолдирган. Эркин курашчилар ўртасидаги баҳслар бугун, 24 апрель куни ҳам давом этади.

Шавкат Мирзиёев Қозоғистон Президентини навбатдан ташқари сайловга номзод этилгани билан қутлади

alt

Шавкат Мирзиёев 23 апрель куни Қозоғистон Республикаси Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев билан телефон орқали мулоқот қилиб, уни жорий йил 9 июнь куни ўтказилиши режалаштирилган навбатдан ташқари Қозоғистон президентлиги сайловига номзод этиб тайинланганлиги билан қутлаган.  

alt

Давлат раҳбарлари Қозоғистон Президентининг жорий йилнинг 14-15 апрель кунлари Ўзбекистонга амалга оширган илк давлат ташрифи натижаларини юксак баҳолаганлар.

Эришилган келишувларни ҳамда саноат, транспорт-коммуникация ва бошқа соҳаларда аниқ лойиҳаларни изчил амалга ошириш, шунингдек, таълим, соғлиқни сақлаш, маданият ва туризм йўналишларида фаол ҳамкорликни давом эттириш муҳим экани алоҳида қайд этилган. Қозоғистон Президенти табрик ва самимий тилаклар учун давлатимиз раҳбарига миннатдорлик билдирган.

 

ОБ-ҲАВО

alt

Тошкент шаҳри. Республика Гидрометеорология марказининг хабар беришича, 24 апрель куни пойтахтда ҳаво ўзгариб туради, вақти-вақти билан ёмғир ёғади, момақалдироқ бўлиши мумкин. Шамол ғарбдан 5-10 м/с тезликда эсади, 12-17 м/с гача кучайиши мумкин. Ҳарорат кечаси 10-12 даража, кундузи 12-14 даража илиқ бўлади.

Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилояти. Ҳаво ўзгариб туради, ёғингарчилик кутилмайди. Ғарбий шамол йўналишини ўзгартириб, шарқдан 7-12 м/с тезликда эсади, баъзи жойларда 15-20 м/с гача кучайиши мумкин. Ҳарорат кечаси 3-8 даража, кундузи 12-17 даража илиқ бўлади.

Бухоро ва Навоий вилояти. Ҳаво ўзгариб туради, кечаси ва эрталаб баъзи жойларда бироз ёмғир ёғади, кундузи ёғингарчилик кутилмайди. Ғарбий шамол йўналишини ўзгартириб, шарқдан 7-12 м/с тезликда эсади, баъзи жойларда 15-20 м/с гача кучайиши мумкин. Ҳарорат кечаси 7-12 даража, кундузи 13-18 даража илиқ бўлади.

Тошкент, Самарқанд, Жиззах ва Сирдарё вилоятлари. Ҳаво ўзгариб туради, ёмғир ёғади, баъзи жойларда кучли бўлиши мумкин, момақалдироқ бўлиши мумкин. Шамол ғарбдан 7-12 м/с тезликда эсади, баъзи жойларда 15-20 м/с гача кучайиши мумкин. Ҳарорат кечаси 7-12 даража, кундузи 10-15 даража илиқ бўлади.

Қашқадарё ва Сурхондарё вилояти. Ҳаво ўзгариб туради, ёмғир ёғади, баъзи жойларда кучли бўлиши мумкин, момақалдироқ бўлиши мумкин. Шамол ғарбдан 7-12 м/с тезликда эсади, баъзи жойларда 15-20 м/с гача кучайиши мумкин. Ҳарорат кечаси 10-15 даража, кундузи 13-18 даража илиқ бўлади.

Андижон, Наманган ва Фарғона вилоятлари. Ҳаво ўзгариб туради, ёмғир ёғади, баъзи жойларда кучли бўлиши мумкин, момақалдироқ бўлиши мумкин. Шамол ғарбдан 7-12 м/с тезликда эсади, баъзи жойларда 15-20 м/с гача кучайиши мумкин. Ҳарорат кечаси 10-15 даража, кундузи 13-18 даража илиқ бўлади.

Республиканинг тоғли ҳудудлари. Ҳаво ўзгариб туради, вақти-вақти билан ёмғир ёғади, баъзи жойларда кучли бўлиши мумкин. Момақалдироқ бўлиши мумкин. Тошкент вилоятида 2000 м дан юқорида қор кўчиши хавфи бор. Шамол ғарбдан 7-12 м/с тезликда эсади, баъзи жойларда 15-20 м/с гача кучайиши мумкин. Ҳарорат кечаси ва кундузи 5-10 даража илиқ бўлади.

Хабар ва янгиликларни ОдноклассникиFacebookTwitterTelegram'да ҳам кузатиб боринг

 

 

 

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *