2020 йилдан тўртта ҳудудда пахтанинг 50 фоизи машинада терилади

дек 05 / 2019

alt

Бу рақамни “Ўзагротехсаноатхолдинг” АЖ раиси Нодир Отажонов эълон қилди.

Раиснинг сўзларига кўра, 2020 йилдан бошлаб Тошкент, Сирдарё, Жиззах ва Қашқадарё вилоятларида пахта йиғимларининг қарийб 50 фоизи машинада терилади.

Н.Отажонов таъкидлашича, жорий йилда пахта теримини механизациялаш, пахта териш машиналаридан фойдаланиш борасида жиддий саъй-ҳаракатлар амалга оширилди. Унинг фикрига кўра пахтани қўлда тергандан кўра машинада териш анча афзал.

«Қўлда терилган бир кило пахта учун 800-1000 сўм маблағ тўланган бўлса, машинада терилган пахтанинг 1 килоси 600 сўмдан тушди. Бундан ташқари, қўл теримида пахтани ташиш билан боғлиқ ва бошқа харажатларни ҳисобга олганда механизациялаштиришнинг афзаллигини барча фермерлар амалда кўришди», дея Нодир Отажоновнинг сўзларини келтиради Kun.uz.

Шунингдек, холдинг раҳбари ҳозирда неча фоиз пахта машинада терилаётгани ҳақидаги рақамларни ҳам келтириб ўтган. Масалан, Сирдарё вилоятида бу кўрсаткич 20 фоизни ташкил этади. Кўпгина ҳудудларда механизациялаш даражаси паст. Жорий йилда машиналардан Наманган, Андижон, Жиззах, Сирдарё, Қашқадарё, Самарқанд ва Тошкент вилоятларида пахта теришда фаол фойдаланилган. Бу тизим такомиллашиб боради. Келгуси йилларда пахтани машинада териш даражасини умумий ҳажмда 80 фоизгача ошириш режалаштирилмоқда.

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *