20 апрель тонгги хабарлари (фото+видео)

апр 20 / 2019

Самарқандда “қуртлаган гўшт сотиляпти” дейилаётган кафе ДСЭНМ томонидан текширилди

alt

Uz24.uz (19 апрел тонгги хабарлари)да Самарқанддаги кафеларнинг бирида хўрандалар учун дастурхонга қуртлаган гўшт тортилганлиги ҳақида айтилиб, хабарга ҳолат акс этган ва ижтимоий тармоқларда тарқалган видеотасвир илова қилинган эди. Видеотасвирда мижозлар ушбу кафенинг номи “Улфатлар” эканлигини айтишган.

ЎзА мухбири орқали ушбу ҳолатга аниқлик киритилиб, “Улфатлар” кафеси  иш бошқарувчиси ҳали бу масалада мижозлар томонидан ҳеч қандай шикоят бўлмагани, бу қасддан ресторан номига доғ тушириш ниятида қилинган бўлиши мумкинлигини айтган. Аслида ҳам пиширилган гўшт ичига тирик қурт ҳашаротларининг қандай тушиб қолиши мумкинлиги бир оз шубҳали ҳолат эди. 

alt

(иллюстратив фото)

Шунингдек, 19 апрель куни Самарқанд вилоят давлат санитария-эпидемиология назорати маркази мутахассислари томонидан “Улфатлар” ресторани ошхонасидаги аҳвол ўрганилган. Ўрганиш давомида ресторан ошпазлари таом тайёрлаш жараёнида белгиланган тартибларга риоя этаётганлиги, гўшт маҳсулотларининг қуртламагани ва ҳашаротлардан ҳоли эканлиги аниқланган.

"Tashkent city”да 20 қаватли Park Inn меҳмонхонаси қурилади

Park Inn меҳмонхонасида жойлашадиган иккинчи лот келажакда бизнес вакиллари тўпланадиган, музокаралар олиб бориладиган маскан бўлади.  Бу ерда 20 қаватли Park Inn меҳмонхонасидан ташқари 3 та 21 қаватли уй ва 4 қаватли кўнгилочар савдо мажмуаси қурилади.

Бинонинг энг баланд қисмида ресторан жойлашади. Бу  эса “Tashkent city” умумий кўринишини юқоридан туриб томоша қилиш имконини беради.

ТерДУда “Адабий алоқалар ва маданиятларнинг ўзаро таъсири”  мавзусидаги Халқаро конференция бўлиб ўтди

alt

Сурхондарё вилоятининг олий таълим муассасаси бўлган Термиз давлат университетида  “Адабий алоқалар ва маданиятларнинг ўзаро таъсири” мавзусидаги илмий-амалий конференция ўтказилган. Унда иштирок этиш учун Эрон, Тожикистон, Афғонистон ҳамда юртимизнинг барча худудларидан профессор-ўқитувчилар, ёш олимлар, тадқиқотчилар ташриф буюрган.

alt

Анжуман Халқаро ҳамкорликни кучайтириш, салоҳиятли олимлар тайёрлаш, ҳамда мамлакатлар ўртасидаги иқтисодий-сиёсий алоқаларни ривожлантиришда миллатлар дўстлигининг ўрни беқиёс эканлигини изоҳлаш ва уларни қадрлаш, таълим-тарбия муассасаларида халқаро ҳамкорлик алоқаларининг истиқболдаги вазифаларини белгилаб олиш мақсадида ташкил этилган.

alt

alt

Анжуманда адабий алоқалар жараёни ва муаммолари, қиёсий ва чоғиштирма тилшунослик, таржимашунослик масалалари, олий таълимда Шарқ тилларининг ўрганилиши каби мавзуларда маърузалар қилинган.

alt

alt

Конференция ишига келиб тушган 300 га яқин илмий мақолалар унинг нуфузи ва аҳамиятини белгилаб берган.

alt

alt

Кўрилган ҳар бир масала иштирокчилар эътиборидан четда қолмай, улар мавзуга оид фикрларини илмий асослаш орқали ўз таклифларини олимлар билан ўртоқлашишган.

alt

alt

«Asaka bank» Юнусобод филиалига топширилган 29.000 евро қалбаки бўлиб чиқди

alt

Департаментнинг Миробод туман бўлими ҳамда туман ИИБ ходимлари ҳамкорликда, банк томонидан берилган хабарга асосан терговга қадар текшириш ўтказилган.

Текширув давомида фуқаро А.З. томонидан АТБ «Asaka bank» Юнусобод филиалига миллий валютага айрибошлаш учун тақдим этилган 58 дона 500 евро купюралик, жами 29 минг евро пул маблағларининг қалбаки эканлиги аниқланган.

Мазкур ҳолат юзасидан А.З.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 176-моддаси 3-қисми «а» банди билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

МИБ табиий ресурсларни талон-тарож қилган шахсни фош этди

alt

Мажбурий ижро бюросининг Андижон шаҳар бўлими томонидан ўз зиммасидаги вазифага масъулият билан ёндошмаган, табиий ресурсларнинг талон-тарож қилиниши ҳолатларига йўл қўйган кимсалардан бирининг қилмиши фош этилган.

alt

 “Янги шаҳар” электр тармоқлари корхонаси ходими О.У. бир неча масъулияти чекланган жамиятлар томонидан фойдаланилган электр энергиясини ҳисоботга киритмаганлиги, кўрсаткичларни кам кўрсатганлиги сабабли давлат манфаатига 1 миллиард 21 миллион сўмга яқин миқдорда моддий зарар етказган. 

alt

Ҳолат юзасидан МИБ Андижон шаҳар бўлими томонидан  мансабдор шахсларга нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, иш тергов ҳаракатларини ташкиллаштириш учун тегишли тартибда Андижон шаҳар прокуратурасига юборилган.

Жанубий сарҳадларда ўтказилган жанговар машғулотлар якунланди 

alt

16 апрелда Сурхондарё вилоятида Ўзбекистон Қуролли Кучлари куч тузилмаларининг ҳамкорликдаги қўмондонлик-штаб машғулоти бошланган эди. 18 апрель куни машғулотларнинг асосий — якуний босқичи бўлиб ўтган.

alt

alt

Ўқув-жанговар машғулотлари уч нуқтада — «Ўзбекистон—Туркманистон—Афғонистон», «Ўзбекистон—Тожикистон—Афғонистон» чегаралари туташган ҳудуд ҳамда «Хайратон» кўпригида ўтказилган.

alt

alt

Ўқув-жанговар ҳаракатлар мудофаа вазирининг биринчи ўринбосари — Қуролли Кучлар бош штаби бошлиғи генерал-майор Павел Эргашев ҳамда Давлат хавфсизлик хизмати раиси ўринбосари – Чегара қўшинлари қўмондони генерал-майор Руслан Мирзаев раҳбарлиги остида мувофиқлаштирилган.

alt

Жанговар операциялар сценарийсига кўра, Ўзбекистон чегарасини шартли ноқонуний қуролли гуруҳлар томонидан бузиб ўтиш ҳолатини тезкорлик билан бартараф этиш чоралари кўрилган.

 

ОБ-ҲАВО

alt

 20 апрель куни Тошкент шаҳрида ҳаво ўзгариб туради, кечаси ва эрталаб ёмғир ёғади, кундузи қисқа муддатли ёмғир ёғиши мумкин.  Ғарбдан секундига 7-12 метр тезликда шамол эсади. Кечаси 12-14, кундузи 20-22 даража илиқ бўлади.

Жиззах ва Сирдарё вилоятларида ҳаво ўзгариб туради, кечаси ва эрталаб айрим жойларда ёмғир ёғади, кундузи қисқа муддатли ёмғир ёғиши мумкин. Шарқдан эсаётган шамол ўз йўналишини ўзгартириб, ғарбдан секундига 7-12 метр тезликда эсади. Кечаси 10-15, кундузи 17-22 даража илиқ бўлади.

Бухоро, Навоий ва Самарқанд вилоятларида ҳаво ўзгариб туради, куннинг иккинчи ярмида айрим жойларда ёмғир ёғиб, момақалдироқ бўлиши мумкин. Шарқдан эсаётган шамол ўз йўналишини ўзгартириб, ғарбдан секундига 7-12 метр тезликда эсади. Баъзи жойларда шамолнинг тезлиги секундига 15-20 метргача кучайиши мумкин. Кечаси 8-13, кундузи 17-22 даража илиқ бўлади.

Қашқадарё вилоятида ҳаво ўзгариб туради, куннинг иккинчи ярмида айрим жойларда ёмғир ёғиб, момақалдироқ бўлиши мумкин. Шарқдан эсаётган шамол ўз йўналишини ўзгартириб, ғарбдан секундига 7-12 метр тезликда эсади. Баъзи жойларда шамолнинг тезлиги секундига 15-20 метргача кучайиши мумкин. Кечаси 10-15, кундузи 22-27 даража илиқ бўлади.

Сурхондарё вилоятида ҳаво ўзгариб туради, ёғингарчилик бўлмайди. Шарқдан эсаётган шамол ўз йўналишини ўзгартириб, ғарбдан секундига 7-12 метр тезликда эсади. Кечаси 10-15, кундузи 22-27 даража илиқ бўлади.

Андижон, Наманган ва Фарғона вилоятларида ҳаво ўзгариб туради, эрталаб ва кечаси ёмғир ёғади, кундузи қисқа муддатли ёмғир ёғиши мумкин. Шарқдан эсаётган шамол ўз йўналишини ўзгартириб, ғарбдан секундига 7-12 метр тезликда эсади. Кечаси 10-15, кундузи 20-25 даража илиқ бўлади.

Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида ҳаво ўзгариб туради, ёғингарчилик бўлмайди. Шарқдан эсаётган шамол ўз йўналишини ўзгартириб, ғарбдан секундига 7-12 метр тезликда эсади. Кечаси 5-10, кундузи 13-18 даража илиқ бўлади.

Республиканинг тоғли ҳудудларида ҳаво ўзгариб туради, вақти-вақти билан ёмғир ёғиб, момақалдироқ бўлиши мумкин. Тошкент ва Наманган вилоятларининг 2000 метрдан баланд тоғли жойларида қор кўчиши хавфи бор. Шарқдан эсаётган шамол ўз йўналишини ўзгартириб, ғарбдан секундига 7-12 метр тезликда эсади. Баъзи жойларда шамолнинг тезлиги секундига 15-20 метргача кучайиши мумкин. Кечаси 5-10, кундузи 7-12 даража илиқ бўлади.

 

Хабар ва янгиликларни ОдноклассникиFacebookTwitterTelegram'да ҳам кузатиб боринг

 

 

 

 

 

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *