2 май тонгги хабарлари (фото+видео)

мая 02 / 2019

Руҳий касаллар шифохонасида беморлар врач томонидан бўғилмоқда

alt

Ижтимоий тармоқларда Тошкентдаги руҳий касаллар шифохонаси санитар врачининг беморни  ерга ётқизган ҳолда бўғаётгани акс этган видеотасвир тарқалди. Видеода шунингдек, А.И. исмли фуқаро турмуш ўртоғининг шикоятидан сўнг шифохона камералари обдон текширилганлиги  айтилмоқда. 

Маълумотларга кўра, шифохона ходими томонидан беморга тан жароҳатлари етказилган ва бу бўйича хабар 25-апрель куни 102 рақамига келиб тушган. 

 Айни пайтда мурожаат Тошкент шаҳар прокуратураси томонидан назоратига олиниб, ҳолат юзасидан Миробод тумани ИИБ томонидан терговолди ўрганиш ишлари олиб борилмоқда.                                     

Тошкентдаги Ботаника боғида 2 жаҳон уруши воқеалари намойиш этилмоқда

alt

Пойтахтимизда жойлашган Ботаника боғида 9 май "Хотира ва қадрлаш куни"га бағишланган тадбирнинг тайёргарлик ишлари олиб борилмоқда. Ушбу жараённи томоша қила туриб, саҳна кўринишларида иккинчи жаҳон уруши воқеалари акс этганлигига гувоҳ бўласиз. 

МИБ электр энергиясининг ноқонуний истеъмолчиларини жаримага тортди

alt

МИБнинг Андижон вилояти Шаҳрихон тумани бўлими томонидан текширув ўтказилиб, Болосон маҳалласидаги 30 умумий ўрта таълим мактабининг таъмирлаш ишларида кўп миқдордаги электр энергиясидан ноқонуний равишда фойдаланиб келинаётганлиги аниқланган.

Ҳамюртларимиз халқаро ўқув-машғулот сафарига йўл олишади

alt

12 май куни Байдарка ва каноэда эшкак эшиш бўйича терма жамоамиз вакиллари  Владлен Денисов ҳамда Суҳнатилло Иногамов халқаро ўқув-машғулот йиғинида иштирок этиш учун Венгрияга жўнаб кетишади.  Йиғин доирасида спортчиларимизнинг Польша ва Германияда ўтадиган Жаҳон кубоги босқичларида иштирок этишлари режалаштирилган.

Йиғин 3 июнга қадар давом этади.

Тошкентда Марказий Осиё мотомавсумига старт берилади

alt

4 май куни пойтахтимизда бўлиб ўтадиган мотомавсум очилишида юртимиз байкерлари қаторида Россия, Қозоғистон, Қирғизистон ҳамда Тожикистоннинг 300 дан ортиқ мотоциклчилари иштирок этади. 

Мотоҳаваскорлар 8:30да “Миллий” стадиони ёнида йиғилишиб, тадбирга шу ердан старт берилади. Байкерлар иштирокида шоу ва турли томошалар намойиш этилгач, мотоҳаваскорлар Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманидаги “Пирамида” дам олиш мажмуаси томон йўл олишади.

Тошкент шаҳар ҳокимлиги, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ва унинг Тошкент шаҳар департаменти, ИИББ ҳамда мотоҳаваскорлар клублари ҳамкорлигида ташкил этилган мазкур тадбирда бевосита сиз ҳам иштирок этишингиз мумкин.

Ироқдаги 84 нафар тожик болалари ўз ватанига қайтарилди

alt

Бағдоддан учган Ироқнинг "Fly Erbil" авиакомпаниясига тегишли самолёт 30 апрель куни ярим тунда Душанбе аэропортига келиб қўнган. Самолёт бортида 84 нафар тожикистонлик болалар ва ўсмирлар бўлган.

Болаларнинг  “Ислом давлати” сафига кирган оталарининг ўлик ё тирик ҳолдалиги номаълум, оналари эса Боғдод қамоқхонасида ушлаб турилмоқда. Расмий маълумотларга қараганда, айни дамда Тожикистон фуқароси бўлган 43 нафар аёл Ироқ қамоқхоналарида ўз жазо муддатини ўтамоқда. Шунингдек, 11 нафар тожик боласи қамоқхонадаги оналари билан яшамоқда.

Тожикистон ҳукумати 30 апрель куни Ироқдан тожик болаларининг ҳукумат қўллаб-қувватлаши билан қайтарилганини расман таъкидлаган. Ҳукумат Ироқ ТИВ ва халқаро ташкилотлар, жумладан, ЮНИСЕФ билан мустаҳкам ҳамкорлик қилиб келган. 

Тамаки маҳсулотларини ўғирлаган куёвбола 5 йилга озодликдан маҳрум этилди

alt

Тошкентдаги тамаки дўконларининг бирида катта ўғрилик содир бўлган. Яқинда никоҳ тўйи бўлиши арафасида турган бўлажак куёв дўкон қулфини бузиб, у ердан 6 қопу 6 қути — жами 48,1 миллион сўмлик тамаки маҳсулотларини ўғирлаган.

alt

Қидирув ишлари натижасида ушбу жиноятни Юқори Чирчиқ туманида истиқомат қилувчи Т. Исроилов содир этганлиги аниқланган. Айбланувчи судда “тўйи бўлиши арафасида турганлиги, пул керак бўлиб қолганлиги боис шу ишга қўл урганлиги”ни айтган.

Оила қуриш остонасида турган бу йигит Жиноят ишларининг Мирзо Улуғбек тумани суди томонидан тўртинчи маротаба айнан шу жиноят тури билан судланди ва бу гал у 5 йил муддатга озодликдан маҳрум этилди.

Сурхондарё вилоятига янги ҳоким тайинланди

alt

1 май куни Халқ депутатлари Сурхондарё вилояти кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида Сурхондарё вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Тўра Боболов вилоят ҳокимлиги лавозимига тасдиқланди.

Жорий йилнинг 1 апрелида вилоят ҳокими сифатида фаолият кўрсатиб келган Баҳодир Пўлатов ишдан олинганди.

ОБ-ҲАВО

alt

Тошкент шаҳри. Республика Гидрометеорология марказининг хабар беришича, 2 май куни пойтахтда ҳаво ўзгариб туради, куннинг иккинчи ярмида қисқа муддатли ёмғир ёғиши, момақалдироқ бўлиши мумкин. Шамол шарқдан 5-10 м/с тезликда эсади. Ҳарорат кечаси 12-14 даража илиқ, кундузи 22-24 даража иссиқ бўлади.

Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилояти. Ҳаво ўзгариб туради,ёғингарчилик кутилмайди. Шамол шарқдан 7-12 м/с тезликда эсади. Ҳарорат кечаси 8-13 даража илиқ, кундузи 25-30 даража иссиқ бўлади.

Бухоро ва Навоий вилояти. Ҳаво ўзгариб туради, ёғингарчилик кутилмайди. Шамол шарқдан 7-12 м/с тезликда эсади. Ҳарорат кечаси 10-15 даража илиқ, кундузи 25-30 даража иссиқ бўлади.

Тошкент вилояти. Ҳаво ўзгариб туради, куннинг иккинчи ярмида баъзи жойларда қисқа муддатли ёмғир ёғиши, момақалдироқ бўлиши мумкин. Шамол шарқдан 7-12 м/с тезликда эсади. Ҳарорат кечаси 10-15 даража илиқ, кундузи 20-25 даража иссиқ бўлади.

Самарқанд, Жиззах ва Сирдарё вилояти. Ҳаво ўзгариб туради, ёғингарчилик кутилмайди. Шамол шарқдан 7-12 м/с тезликда эсади. Ҳарорат кечаси 10-15 даража илиқ, кундузи 20-25 даража иссиқ бўлади.

Қашқадарё ва Сурхондарё вилояти. Ҳаво ўзгариб туради, ёғингарчилик кутилмайди. Шамол шарқдан 7-12 м/с тезликда эсади. Ҳарорат кечаси 10-15 даража илиқ, кундузи 24-29 даража иссиқ бўлади.

Андижон, Наманган ва Фарғона вилоятлари. Ҳаво ўзгариб туради, кечга томон баъзи жойларда қисқа муддатли ёмғир ёғиши, момақалдироқ бўлиши мумкин. Шамол шарқдан 5-10 м/с тезликда эсади. Ҳарорат кечаси 7-12 даража илиқ, кундузи 20-25 даража иссиқ бўлади.

Республиканинг тоғли ҳудудлари. Ҳаво ўзгариб туради, баъзи жойларда ёмғир ёғиши, момақалдироқ бўлиши мумкин. Шамол шарқдан 7-12 м/с тезликда эсади. Ҳарорат кечаси 3-8 даража, кундузи 10-15 даража илиқ бўлади.

Хабар ва янгиликларни ОдноклассникиFacebookTwitterTelegram'да ҳам кузатиб боринг

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *