19 сентябрь куни Тошкентда метро бепул бўлади

сен 17 / 2019

alt

Жорий йилда Тошкент шаҳри илк бор Европа ҳаракатланиш ҳафталигининг расмий иштирокчисига айланди. Шу муносабат билан пойтахтда "Бепул метро" ва "Автомобилсиз кун" тадбирлари бўлиб ўтади. Бу ҳақда Тошкент  шаҳар ҳокимлигининг ахборот хизмати хабар қилди.

Европа ҳаракатланиш ҳафталиги ҳар йили 16-22 сентябрь кунлари бўлиб ўтади. Унда дунёнинг 50га яқин мамлакати иштирок этади. Мақсад - аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш ва ҳаёт сифатини яхшилаш.

19 сентябрь - "Бепул метро куни"

Шу куни Тошкент метрополитенининг барча бекатларида ҳаракатланиш бепул бўлиб, ҳар бир бекат ва метро ер ости йўлларида мусиқачилар ва актёрларнинг чиқишлари бўлиб ўтади.

“Ўзбекистон темир йўллари” АЖ ахборотига кўра, 19 сентябрь, пайшанба куни «Ойбек» ва «Мингўрик» бекатларига ўтиш йўлагида тонгги соат 8:00 да театрлаштирилган-мусиқий саҳна кўринишлари намойиш қилиниши бошланади. Симфоник оркестрнинг чиқиши 17:00—19:00 оралиғида ўтиши режалаштирилган.

Кун давомида «Амир Темур хиёбони» ҳамда «Юнус Ражабий» бекатларига ўтиш йўлагида торли камер квартети ижроси ҳамроҳлигида санъацҳунослар иштирокида расмлар галереяси ўтказилади.

Тошкент метрополитени тарихи ва ривожланиш босқичлари ҳақида «Пахтакор» ва «Алишер Навоий» бекатларига ўтиш вестибюлидаги фотокўргазмани томоша қилиб маълумот олиш мумкин.

Бундан ташқари, бекатдан бекатга ўтаётган йўловчилар соат 10:00—12:00 ҳамда 20:00—22:00 оралиғида биргаликда флешмоб қилади. Рақс жамоалари метроплитен йўналишларининг барча вагонларида чиқишлар қилади. Кўча мусиқачилари гитара, саксафонда куйлар ижро қилади.

22 сентябрь – “Автомобилсиз кун”

alt

22 сентябр, якшанба куни пойтахт аҳолиси ва меҳмонлари ўзларининг машиналарини ташлаб, пойтахтнинг Учтепа тумани, Лутфий кўчаси бўйлаб пиёда сайр қилишга таклиф этилади. Иштирокчилар байрамона муҳитдан завқланиб, турли кўнгилочар ва маърифий тадбирларда қатнашишлари учун кўча кун бўйи автомобиллар учун ёпиқ бўлади. Шу куни шаҳарда ҳаракатланиш, хавфсизлик, пиёдалар, велосипедчилар ва ҳайдовчилар ўртасидаги ўзаро ҳурматнинг муҳимлиги мавзусида маҳорат дарслари ва мини-мусобақалар бўлиб ўтади. Автомобилсиз кун "Сеул" боғидаги байрам концерти билан якунланади. Ушбу кун тадбирлари "Бирга юрамиз!" шиори остида ўтказилади.

Жаҳонгир Ортиқхўжаев, Тошкент шаҳар ҳокими:

alt

— Ҳаракатланиш, пиёда сайрлар соғлиғингиз учун муҳим аҳамиятга эга. Шахсан ўзим иш куни тугаганидан кейин пойтахтимизда қурилаётган “Тошкент Cити” бўйлаб 1,5-2 соат пиёда сайр қиламан. Шаҳарда гўзал, тоза ҳавога бой жойлар ҳамда шаҳарликларнинг пиёда сайр қилишлари ва фаол ҳордиқ чиқаришлари учун мўлжалланган яхши шароитлар қанчалик кўп бўлса, шунчалик яхши бўлади деб ҳисоблайман.

Пиёда ва велосипедда сайрларни ташвиқот қилишга қаратилган чора-тадбирлар ҳамда шахсий намуна кўрсатиш орқали одамларни соғлом турмушга ва фаол ҳордиқ чиқаришга чақирамиз.

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *