17 май тонгги хабарлари (фото+видео)

мая 17 / 2019

Шавкат Мирзиёев андижонликлар яшаш шароити билан танишди

alt

Давлатимиз раҳбари вилоятга аввалги ташрифлари чоғида аҳолининг маиший шароитларини яхшилаш, кўп қаватли уй-жойлар барпо этиш бўйича топшириқлар берган эди. Шунга мувофиқ Андижон шаҳрига яқин Хўжаобод тумани Хидирша массивидан 54 гектар ер ажратилиб, икки сотихли 220 та уй, оилавий поликлиника, болалар боғчаси, маҳалла гузари, маданият маркази, кутубхона, гўзаллик салони, савдо ва маиший хизмат кўрсатиш шохобчалари, тикувчилик корхонаси қурилди. Маҳаллага «Мустақилликнинг 27 йиллиги» деб ном берилди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар қилди.

alt

Президент Шавкат Мирзиёев мазкур маҳаллада амалга оширилган бунёдкорлик ишлари билан танишди. Дилфуза Ҳожиматова хонадонида бўлиб, оиланинг яшаш шароитлари, фарзандлари тарбияси билан қизиқди.

alt

Янги маҳаллада Андижон шаҳридаги «Ферузбек текс» масъулияти чекланган жамиятининг тикув корхонаси ташкил этилган. Бу ерда маҳалладаги 500 нафар хотин-қиз иш билан таъминланган.

alt

Президентимиз корхонада тайёрланаётган кийимлар намуналарини кўздан кечирди, ишчи хотин-қизлар билан суҳбатлашди.

alt

Шавкат Мирзиёев маҳалладаги «Келажак болажонлари» мактабгача таълим муассасасини ҳам кириб кўрди. 165 бола қатнайдиган боғчада рус ва инглиз тиллари, тасвирий санъат, мусиқа ва спорт, чеварлик тўгараклари ташкил этилган. Мўъжазгина компьютерлар болаларни кичик ёшдан ахборот технологияларига қизиқтиради.

alt

“Мустақилликнинг 27 йиллиги” маҳалласида иккинчи босқичда яна 612 та икки сотихли уй ва 7 та кўп қаватли турар жой, 615 ўринли мактаб, 160 ўринли болалар боғчаси фойдаланишга топширилади.

alt

Шу ерда Андижон шаҳри Бош режаси асосида амалга ошириладиган лойиҳалар, 2019-2020 йилларда 150 та кўп қаватли уй ва таунхаус типидаги коттежлар қуришга оид таклифлар ҳақида маълумот берилди.

alt

Президентимиз уйларни одамларга маъқул тарзда ва керакли миқдорда лойиҳалаштириш, бинолар билан бирга коммуникация тармоқлари ҳам ўтказиш  зарурлигини таъкидлади. Уйларни энергия ва ичимлик суви билан таъминлайдиган инновацион ускуналарни кенг қўллаш бўйича топшириқлар берилди.

alt
 
Маданият марказида чолғисоз уста Абдумалик Мадраимов давлатимиз раҳбарининг ҳар бир уйда дўмбира бўлиши керак, деган ташаббусига мувофиқ олиб бораётган ишлари ҳақида сўзлаб берди. 

alt

Бешта ташаббус асосида вилоятда ёшларнинг санъатга қизиқишини ошириш, спорт билан машғул қилиш, компьютер технологиялари ва интернетдан самарали фойдаланишга ўргатиш, ёшлар ўртасида китобхонликни тарғиб қилиш, хотин-қизлар бандлигини таъминлаш масалалари бўйича кўрсатмалар берилди.

alt

alt

alt

alt

alt

alt

Самарқандда йўловчи автобуси ағдарилиши оқибатида 23 киши жабрланди

alt

16 май куни соат 8:30да Самарқанд шаҳрида  404-йўналишда қатновчи йўловчи автобуси ва «Спарк» тўқнашиб кетган. Бу ҳақда «STV» хабар бермоқда.

Самарқанд вилоят ИИБ ЙҲХБ матбуот хизматининг маълум қилишича, йўл транспорт ҳодисасига «Спарк» автомобили ҳайдовчиси Д.Холбековнинг қоида бузган ҳолда қарама-қарши йўлдан ҳаракатланиши сабаб бўлган.

alt

Тўқнашув оқибатида автобус ағдарилиб кетган. Ҳар иккала ҳайдовчи турли даражадаги  тан жароҳатлари билан Самарқанд тез тиббий ёрдам филиалига олиб борилган.

Хабар қилинишича, ЙТҲ оқибатида жами 23 киши тез тиббий ёрдам филиалига келтирилган. Уларнинг олти нафари ҳамон травматология, нейрохирургия ва болалар хирургияси бўлимларида қолмоқда. Қолган жабрланувчиларга биринчи тиббий ёрдамдан сўнг уйларига рухсат берилган.

Ўқитувчиларнинг аттестацияси соддалаштирилди

alt

Вазирлар Маҳкамасининг “Мактабгача, умумий ўрта, ўрта махсус, касб-ҳунар ва мактабдан ташқари давлат таълим муассасалари педагог кадрларини аттестациядан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида” ги қарорига кўра, педагог кадрлар аттестацияси жараёнлари янада соддалаштирилди.

Педагог аризасига биноан навбатдан ташқари аттестациядан ўтказилиши мумкин. Аҳамиятлиси, ушбу аттестация натижаларига кўра биринчи ва иккинчи малака тоифали педагогларга нисбатан салбий қарор қабул қилинмайди.

Илмий даражага эга, яъни фан номзоди, фалсафа доктори ёки фан докторлари аттестацияга жалб этилмайди. Нафақа ёшидаги педагоглар эса ўз хоҳишига кўра аттестациядан ўтказилади. Мазкур жараёнга жалб этилмаган педагогларнинг мавжуд малака тоифа ва лавозимлари таълим муассасаларида ишлаган даврида сақланиб қолади.

Темир йўл вокзалларидаги қайси хизматлар бепул бўлиши керак?

alt

Темир йўл вокзалларида ва чипта кассаларида кўрсатилаётган пуллик ҳамда бепул хизматларни ажратиш мақсадида Монополияга қарши курашиш қўмитаси «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ билан биргаликда йўловчиларга темир йўл вокзалларида ҳамда йўналиш даврида кўрсатиладиган қўшимча хизматлар рўйхатини тасдиқлади.

Рўйхатга кўра, қуйидаги хизматлар бепул бўлиши лозим:

– юк ташиш аравачасини тақдим этиш;

– кутиш залидаги WiFi интернет (2 соатгача);

– ногиронлар учун арава;

– телефон ҳамда ноутбукларни қувватлантириш;

– тиббиёт маркази хизматлари;

– кутубхона хизматлари;

– йўналиш даврида чой, сув, шакар ҳамда кофе тақдим этиш.

Реклама, юкларни ўраш ҳамда сақлаш, “VIP” зал, сартарошхона ҳамда бошқа хизматлар пуллик асосида кўрсатилиши мумкин.

Америкалик кадетлар ўзбекистонлик курсантлар билар тажриба алмашишади

alt

15 май куни Қуролли Кучлар академиясида билим юрти курсантлари ва АҚШ Қуролли кучлари резервдаги офицерларни тайёрлаш корпусининг 36 нафар кадети иштирокида “Буюк саркардалар ва давлат арбоблари” мавзусида халқаро илмий-амалий конференция бўлиб ўтди.

alt

Конференция давомида Академия курсантлари ва тингловчилари Амир Темур, Алишер Навоий, Имом Бухорий, Ал-Хоразмий, Абу Али Ибн Сино, Жалолиддин Мангуберди ва бошқа буюк намоёндаларимиз ҳақидаги маърузаларини ўзбек, рус, инглиз тилларида баён этди.

alt

Шунингдек, хорижлик кадетлар учун юртимизнинг қадимий тарихи, шонли ўтмиши ва бугуни тўғрисида тайёрланган ҳужжатли фильмлар ва видеороликлар конференция иштирокчиларида катта таассурот қолдирди.

alt

АҚШ Қуролли кучлари вакиллари уч ҳафта давомида Академия ҳамда Мудофаа вазирлигининг бошқа олий ҳарбий таълим муассасалари  фаолияти, ўқув тизими, курсантларимизга яратилган шарт-шароитлар билан яқиндан танишиб, ўзаро тажриба алмашишлари кўзда тутилган.

Эслатиб ўтамиз, 14 май куни Миссисипи штати губернатори Филипп Брайант бошчилигидаги АҚШ делегацияси юртимизга ташриф буюриб, Ўзбекистон Қуролли Кучлари академиясидаги ўқув жараёнлари билан танишган эди.

Янгийўлдаги “Макро” савдо мажмуасида ёнғин содир бўлди

alt

2019 йилнинг 16 май куни соат 04:00да Тошкент вилояти Янгийўл шаҳри, Самарқанд кўчасида жойлашган “Дарвоза Савдо” МЧЖга қарашли “Макро” савдо мажмуасида ёнғин содир бўлаётганлиги ҳақида шаҳар Ёнғин хавфсизлиги бўлимининг диспетчерлик хизматига хабар келиб тушган.

Воқеа жойига 5 та ёнғин ўчириш экипажлари жалб этилган. Ёнғиндан мажмуанинг 750 кв.метр майдони сақлаб қолинган. Тан жароҳати олганлар ва ҳалок бўлганлар йўқ. Ёнғин оқибатида мажмуанинг 1-қаватидаги 30 кв.метр майдонда савдо растаси ва 3 дона музлатгич ёниб зарарланган. Ёнғинни тахминий сабаби мажмуадаги музлатгичнинг электр симларида қисқа туташув. Моддий зарар миқдори аниқланмоқда.

Россия космик қурилмалари ҳақида махфий маълумот интернетда пайдо бўлди

alt

Интернетда Россия космик қурилмалари ҳақида маълумотлар пайдо бўлди. Уларнинг яратилиши ва учирилиши ҳақида олдин ҳеч қандай ахборот эълон қилинмаганди, деб хабар қилган Риа Новости.

Қурилмаларни тайёрлаган компания бу маълумотларни ошкор этиш ноқонуний эканлигини алоҳида таъкидламоқда.

Интернетда сунъий йўлдошларнинг номи, уларни тайёрлаган корхоналар, учиш муддатлари ва қурилмалар миқдори ҳақида маълумотлар тарқалган.

“Сатурн” компанияси бош муҳандиси Сергей Лихоносов сўзларига кўра, бу маълумотлар Краснодар шаҳрида ўтказилган конференцияда эълон қилинган. Бироқ уларни интеренетга жойлаштириш ҳуқуқи ҳеч кимга берилмаган.

Компания вакилининг таъкидлашича, махфий маълумотларни интернетда эълон қилган шахсга нисбатан чора кўрилади.

Пойтахт мактаблари фаолияти танқид қилинди

alt

15 май куни Тошкент шаҳридаги 110-мактабда Халқ таълими вазирининг биринчи ўринбосари Алишер Умаров раҳбарлигида умумтаълим мактаб директорларининг кенгайтирилган йиғилиши ўтказилди.

Йиғилишда пойтахтдаги ўқувчилар сони қувватига нисбатан кам бўлган мактабларда ўқув жараёнларини ташкил этишда йўл қўйилган камчиликлар ҳақида ҳам тўхталиб ўтилди.

Фаолиятида йўл қўйилган камчиликлар ва лавозим мажбуриятларини бажармаганликлари учун Учтепа туманидаги 4-, 14-, 295-, ва 109- сонли мактаб директорлари лавозимидан озод этилди.

Шунингдек, мактаблар фаолиятини етарли назорат қилмаганлиги, ўз вазифасига совуққонлик билан қараганлиги, ташаббускорлик етишмаслиги учун Учтепа туман халқ таълими бўлими мудири истеъфога чиқди.

Йиғилишда ёшлар маънавиятини юксалтиришга қаратилган 5 та муҳим ташаббус доирасида ўз жонбозлигини кўрсатаётган мактаблар ҳам борлиги, хусусан, Олмазор туманидаги 243-мактабда ота-оналарга фарзандларини олиб кетиш учун келганда шунчаки кутиб ўтирмасдан, мактабнинг кириш қисмидаги кўчма кутубхонадан бадиий асар олиб ўқиш имконияти яратилганлиги яхши ташаббус деб эьтироф этилди. Мактаб директори Г.Зухурова мукофот пули билан рағбатлантириш топшириғи берилди.

Сўраган эдингиз:Рўзадорнинг озиши қувончлими? Шифокор изоҳ берди

Жиззахда янги цемент заводи қурилиши бошланди

alt

Жиззах вилоятининг Зафаробод тумани Чимқўрғон қишлоғи атрофида яна битта цемент маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи“Хуасинь цемент Жиззах” масъулияти чекланган жамият шаклидаги хорижий корхона қурилиши бошланди. Бу ҳақда “Халқ сўзи” хабар қилди.

Лойиҳа қиймати 300 миллион АҚШ доллар бўлган корхонанинг 150 миллион АҚШ долларлик биринчи босқичи жорий йилнинг декабр ойида ишга туширилиши режалаштирилган.Ушбу лойиҳанинг биринчи босқичи ишга тушгач 2020 йилда 1 миллион 200 минг тонна 500 килограмм/сантиметр квадрат маркадаги мустаҳкам ва юқори сифатли цемент ишлаб чиқаришга эришилади.

Соҳа мутахассисларининг аниқлашларича корхонадан бир чақиримча узоқда жойлашган Балиқли тоғ ва Кўтарма тоғ бағридан топилган оҳактош захиралари цемент корхоналари учун 150 йилга етиши мўлжалланган. Шу сабабли, мазкур ҳудудда янги цемент заводи қурилмоқда.

Лойиҳа тўлиқ қувватда ишга тушгач 300 дан зиёд янги иш ўринлари яратилади. 

Ойнинг орқа томонида кашфиёт қилинади

alt

Хитойнинг "Юйту-2" луноходи Ойнинг орқа томонида шу пайтгача мавжудлиги гумон остида бўлган Ой мантиясининг икки хил жинсларини аниқлади. Бу ҳақда “РИА Новости” хабар қилди

Бу топилмаларнинг ўрганилиши Ер ва унинг йўлдоши шаклланиши тарихини очиб беради.

"Ажабланарлиси шуки, “Апполон”лар ҳам, совет зондлари ҳам Ерга Ой мантиясидан бирор намуна келтирмаган. “Юйту-2” эса NASA зонди ўлчовлари кўрсатганидек, Жанубий қутб-Эйткен ҳавзаси тубидаги кратерга қўниб, унинг таркиби ҳақида биринчилардан бўлиб маълумот олди”, — дея кашфиётга изоҳ берган Тулуза университети палеонтологи Патрик Пине (Patrick Pinet).

Хитойнинг “Чанъэ” Ойни зондлаш дастури ўз ичига учта босқични олади: Ой атрофини айланиб чиқиш, Ойга қўниш ва унинг сатҳидан Ерга намуналар олиб келиш. Дастлабки икки босқич хитойлик муҳандислар ва ракетачилар томонидан муваффақиятли амалга оширилди.

Хитой 2019 йилда ушбу дастурнинг навбатдаги босқичи — тарихда илк бор Ойнинг орқа тарафига қўнишни амалга оширишни бошлади.

Бунинг учун 2018 йил май ойида ноёб “Чанъэ-4” қўниш мосламаси Ойга қўндирилди.

“Юйту-2” луноходи тўрт ой давомида Ер йўлдошида иш олиб бориб, ҳозир ҳам буни давом эттирмоқда.

Ҳозирда “Чанъэ-4” тадқиқот гуруҳи оммага “Юйту-2” тўплаган дастлабки илмий маълумотлар тақдим этди. Миссия бошлиғи Чунлай Ли ва унинг ҳамкасбларининг таъкидлашича, Ой юзаси қандай жинслардан таркиб топгани ва унинг турли қисмларида қанчалик фарқ қилиши олимларни аллақачон қизиқтириб қўйган.

Гап шундаки, олимлар ҳозирда Ер ва Ойнинг ички тузилиши ҳар хил сценарийга кўра турлича шаклланган, деган фикрда. Ердан фарқли равишда Ойда тектоник жараёнлар бўлмаган. Ер қаъри у пайдо бўлганидан сўнг бир неча ўн миллионлаб йил ўтганидан кейин нисбатан тез совуган.

Хитойликлар ўтказаётган тадқиқотлар бу борада қизиқтираётган барча саволларга жавоб топишга қаратилган.

Эслатиб ўтамиз, Хитойнинг “Чанъэ-4” космик қурилмасида Ойга олиб чиқилган пахта уруғлари (чигитлар) ниш уриб чиққанди. Бироқ улар нобуд бўлди. Олимлар ўсимликларнинг нобуд бўлишига сабаб Ернинг йўлдошида тун эканлигини ва унда ҳаво ҳарорати - 170 даражагача тушиши мумкинлиги билан тушунтиришган.

Ойга чигитдан (пахта уруғи) ташқари, рапс (карам тури), картошка ва мойли ўсимликлар уруғлари етказилганди, бироқ уларнинг бирортаси кўкариб чиқмаган.

Янги намунадаги шаҳодатнома ва аттестат тасдиқланди

alt

Ҳукуматимиз томонидан 9 ва 11-синф битирувчиларига бериладиган шаҳодатнома ва аттестатларнинг ҳамда имконияти чекланган болалар учун ихтисослаштирилган мактаб-интернатлари битирувчиларига бериладиган сертификатнинг янги намунаси тасдиқланди.

Янги намунадаги шаҳодатнома ва аттестат ҳамда сертификат 11 йиллик мажбурий умумий ўрта таълим тизимига ўтилиши муносабати билан тасдиқланди.

Умумий ўрта таълим тизимида илк маротаба нодавлат умумий ўрта таълим муассасалари битирувчиларига ҳам давлат намунасидаги шаҳодатнома ва аттестатларни бериш назарда тутилди.

Мактаб битирувчиларига шаҳодатнома ва аттестат беришда электрон тизим жорий этилади. Энг муҳими, ушбу ҳужжатлар орқа қисмида QR-код жойлаштирилади ва уни сканер қилиш орқали битирувчи ҳақида умумий базадан маълумот олиш имконияти яратилади.

Дунёдаги илк 1 Терабайт хотира сиғимига эга microSD савдога чиқарилди

alt

Дунёдаги илк 1 Терабайт хотира сиғимига эга microSD савдога чиқарилди. Бу ҳақда «Корреспондент.net» хабар берди.

Уни АҚШнинг SanDisk компанияси чиқарди. Айнан унинг интернет-дўконларида хотира картасини сотиб олиш мумкин. Хабарда айтилишича, унга Extreme microSD номи берилди ва баҳоси 449,99 доллар деб белгиланди.

Картанинг ўқиш тезлиги 160 Мб/с ни ташкил этади ва маълумотлар 90 Мб/с тезликда сақланади.

SanDisk компанияси 2000 йилда илк бор 64 Гб хотира сиғимига эга флешкаларни савдога чиқарган эди. 2014 йилда 512 Гб сиғимли SD картани тақдим этган.

Об-ҳаво маълумотлари

alt

Республика Гидрометеорология маркази 17 май куни Ўзбекистонда кузатиладиган об-ҳаво маълумотини эълон қилди.

Тошкентда ҳаво ўзгариб туради, ёмғир ёғиши кутилади. Шарқдан секундига 3-8 метр тезликда шамол эсади. Кечаси 17-19, кундузи 28-30 даража иссиқ бўлади.

Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида ҳаво ўзгариб туради, ёмғир ёғиши кутилади. Шарқдан секундига 3-8 метр тезликда шамол эсади. Кечаси 13-18, кундузи 25-30 даража илиқ бўлади.

Бухоро ва Навоий вилоятларида ҳаво ўзгариб туради,  ёмғир ёғиши кутилади. Шарқдан секундига 3-8 метр тезликда шамол эсади. Кечаси 15-20, кундузи 25-30 даража илиқ бўлади.

Тошкент, Сирдарё, Самарқанд ва Жиззах вилоятларида ҳаво ўзгариб туради, ёғингарчилик кутилади. Шарқдан секундига 3-8 метр тезликда шамол эсади. Кечаси 15-20, кундузи 25-30 даража иссиқ бўлади.

Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларида ҳаво ўзгариб туради, ёмғир ёғиши мумкин. Шарқдан секундига 3-8 метр тезликда шамол эсади. Кечаси 17-22, кундузи 32-37 даража иссиқ бўлади.

Андижон, Наманган ва Фарғона вилоятларида ҳаво ўзгариб туради, куннинг иккинчи қисмида ёмғир ёғиши мумкин. Шарқдан секундига 3-8 метр тезликда шамол эсади. Кечаси 15-20, кундузи 27-32 даража иссиқ бўлади.

Хабар ва янгиликларни ОдноклассникиFacebookTwitterTelegram'да ҳам кузатиб боринг
 

 

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *