17 март тонгги хабарлари

мар 16 / 2019

Бухорода 60 метрли байроқ ўрнатилди

alt

Бухоро шаҳридаги энг сўлим масканлардан бири вилоятимиз аҳолиси ва меҳмонлари учун севимли майдонга айланган “Фавворалар майдони” боғига ўрнатилган Давлат байроғи баландлиги 60 метр, ҳажми 16 метрга 8 метр. Байроқ 16 март санасида фойдаланишга топширилди. Бу ҳақда Бухоро вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати UZ24’га маълум қилди.

Ўзбекистон мусулмонлар идораси Янги Зеландиядаги ҳужумга муносабат билдирди

alt

Ўзбекистон мусулмонлар идораси Янги Зеландиянинг Крайстерч шаҳрида икки масжидда содир бўлган отишмага нисбатан расмий муносабат билдирди ва ҳодисага "ваҳшийликнинг энг даҳшатли кўриниши", дея изоҳ берди.

"Аслида бу оммавий қотилликни амалга оширган разил кимсалар ҳақиқий террорчилардир. Террорчи бўлганда ҳам ашаддий, қилган жиноятидан ҳузурланадиган, бу ҳам етмаганидек, ўз қотилликлари билан мақтанишдан ҳам тап тортмайдиган ёвузлардир. Булар Аллоҳ таолонинг, Расули Акрамнинг, Ислом динининг ва икки миллиардга яқин мўмин-мусулмонларнинг ашаддий душманларидир. Яна ҳам умумий қилиб айтсак, инсоният душманларидир.

Сўнгги йилларда айрим мамлакатларда исломофобик кайфият авж олган бир пайтда Австралия ва Янги Зеландияда мусулмонлар тинч ва осуда ҳаёт кечираётган эди. Кўплаб мусулмон мамлакатлардан бориб, у ерда яшаб келаётган диндошларимиз моддий томондан анчагина ривожланиб бораётган эди. Бу ҳолат қора кучларнинг манфаатига зид келди. Улар вақт ўтгани сари Ислом анъаналарининг маҳаллий аҳолига ҳам таъсир этишидан чўчиди. Натижада улар шундай даҳшатли террорни уюштиришгача бориб етди.

Бу қотилликлар айрим манфур кимсаларнинг ўша ерда истиқомат қилувчи мусулмонларга нисбатан мантиқсиз нафрати оқибатидир. Бу нафрат исломофоб нашрлар натижасида пайдо бўлган. Бу машъум воқеа Ислом душманлари буюртмаси асосида амалга оширилган навбатдаги террордир. Бу нафақат мўмин-мусулмонларга, балки бутун инсониятга қаратилган мудҳиш жиноятдир.

Жума кунида ўнлаб мўмин-мусулмонларнинг умрига зомин бўлган бузғунчилар инсон қиёфасини йўқотган ваҳшийлардир. Бутун дунё мўмин-мусулмонлари, уламолар, дин ва давлат арбоблари уюштирилган террорчилик оқибатида ҳалок бўлганларнинг оила аъзоларига чуқур ҳамдардликлар билдирмоқдалар.

Аллоҳ таоло шаҳид бўлганларни раҳматига олсин, уларнинг яқинларига сабру жамийл берсин, жароҳат олганларнинг тез фурсатларда шифо топишларини насиб айласин!", - дейилади Ўзбекистон Мусулмонлар идораси расмий муносабатида.

Эслатиб ўтамиз, жума куни Крайстчерча (Жанубий орол) даги иккита масжидда отишма содир бўлган ва маҳаллий ҳукумат ахборотига кўра, 50 киши ҳалок бўлган. Янги Зеландия Бош вазири Жасинда Ардерн юз берган ҳодисани теракт, деб атаган. Ҳужумга алоқадорликда гумонланаётган тўрт нафар шахс қўлга олинган. Улар орасида Австралия фуқароси ҳам бор. 28 яшар Брентон Таррант қотилликда айбланмоқда. Шанба куни суд унинг ҳибсда сақланиши муддатини 5 апрелга қадар узайтирди.

Самарқандда уч автомобиль иштирокида содир бўлган ЙТҲда бир киши ҳалок бўлди

alt

16 март куни Самарқанд шаҳрининг Панжикент кўчасида йўл-транспорт ҳодисаси юз берди, деб ёзмоқда «Дарё».

alt

Маълум бўлишича, Nexia русумли такси машинаси ҳайдовчиси бошқарувни йўқотиб, бетон тўсиқ устидан ўтиб кетган ва қарама-қарши йўналиш бўйлаб ҳаракатланиб келаётган оқ Nexia’га урилган.

alt

Оқ Nexia’нинг ортидан эса Spark русумли такси машинаси келиб урилган. Маълумотларга кўра, оқ Nexia рулида бўлган фуқаро (у шифокор бўлиб ишлагани айтилмоқда) воқеа жойида ҳалок бўлган.

Ўзбекистон прокуратура органлари тизимида қатор лавозимлар ва бошқармалар тугатилди

alt

Тадбиркорлик фаолиятини ҳимоя қилиш тизимини тубдан такомиллаштириш ва прокуратура органлари фаолиятини оптималлаштириш чора-тадбирлари тўғрисидаги президент фармони қабул қилинди.

Фармонга кўра 2019 йил 1 апрелдан:

тадбиркорлик субъектлари фаолиятида ўтказиладиган текширувларни мувофиқлаштириш ва қонунийлиги устидан назорат қилиш Президент ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил томонидан амалга оширилади;

Тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакилнинг тадбиркорлик субъектлари фаолиятида ўтказиладиган текширувларга оид қарорлари назорат қилувчи органлар томонидан бажарилиши мажбурий ҳисобланади.

Текширувларни электрон рўйхатга олиш ягона тизими Бош прокуратура тасарруфидан Тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакил тасарруфига ўтказилди.

Ўзбекистон прокуратура органлари тизимида қуйидагилар тугатилди:

бош прокурор ўринбосари лавозимларининг иккита штат бирлиги;

Бош прокуратуранинг Тадбиркорлик ва инвестицияларни ҳуқуқий ҳимоя қилиш бошқармаси;

Бош прокуратуранинг Президент қарорлари ижроси устидан назорат бошқармаси ҳамда унинг ҳудудий бўлимлари;

Бош прокуратуранинг Солиқ ва божхона ислоҳотларини амалга ошириш соҳасида қонунчилик ижроси устидан назорат бошқармаси ҳамда унинг ҳудудий бўлимлари;

солиқ ва божхона ислоҳотларини амалга ошириш соҳасида қонунчилик ижроси устидан назорат қилишга масъул Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар прокурорининг ўринбосарлари, туманлар (шаҳарлар) прокурорларининг ўринбосарлари ва ёрдамчилари лавозимлари;

туманлар (шаҳарлар) прокурорларининг тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга масъул ўринбосарлари ҳамда катта ёрдамчилари лавозимлари;

Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг тадбиркорликни ҳимоя қилиш ва ташқи иқтисодий фаолиятдаги ҳуқуқбузарликларга қарши курашиш бўлими.

Янги Зеландиядаги терроризмда мусулмонларни айблаган сенаторнинг бошида тухум чақилди

alt

Австралиялик сенатори Фрейзер Эннинг Янги Зеландиядаги 49 киши ўлдирилган террорчилик ҳужумига «мусулмон фанатиклари» сабабчи дегани кўпчиликда эътироз келтириб чиқарди.

Мельбурнда журналистлар олдида чиқиш қилаётган сиёсатчи ортида турган 17 ёшли ўсмир унинг бошида тухумни чақди. Сенатор ўз сўзларига бундай тарзда жавоб қайтарган ўсмирга қўл кўтарди. Атрофдагилар уларни ажратиб қолишди.

Ўзбекистонлик 91 ёшли онахон туғилганлик гувоҳнамасини энди олди

alt

ЎзА хабарига кўра, 14 март куни Давлат хизматлари маркази ходимлари Қашқадарё вилоятининг Қарши туманидаги “Керайет” қишлоғидаги хонадонлардан бирида яшовчи 91 ёшли Ражаб момонинг ҳеч қандай ҳужжати йўқ эканини аниқлашган.

"Марказ ходимларининг кўмаги билан 1928 йилда дунёга келган Ражаб Раҳматовага туғилганлик тўғрисидаги далолатнома ёзуви тикланиб, унга туғилганлик ҳақидаги гувоҳнома топширилди", - дейилади хабарда.

Чиноздаги хонадондан 49 ёшли фуқаронинг ўлиги топилди

alt

15 март куни Тошкент вилоятининг Чиноз тумани «Расулобод» маҳалласида яшаган 49 ёшли Р.Ғ.нинг жасади уйидан тан жароҳатлари билан топилган эди.

Олиб борилган суриштирув ишлари натижасида Р.Ғ. 14 март куни уйида таниши, «Расулобод» маҳалласи Дўстлик кўчасида яшовчи М.Ш. билан спиртли ичимлик истеъмол қилиб, ўзаро жанжаллашгани аниқланган.

Жанжал оқибатида М.Ш. Р.Ғ.ни танасининг турли жойларига уриб-тепиб, жароҳат етказганлиги аниқланиб, ушланган. «Ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда», — дейилади ИИВ хабарида.

Фото: Ички ишлар органлари ходимларининг янги намунадаги формалари

alt

Ижтимоий тармоқларда ички ишлар органлари ходимларининг янги намунадаги хизмат либосларида ишлаётгани акс этган суратлар тарқалди.

Суратларнинг бирида ЙПХ ходими тажриба тариқасида янги формада хизмат олиб бораётганини кўриш мумкин. Унинг либоси Миллий гвардия ҳарбий хизматчиларникига ўхшаб кетади.

alt

Яна бир суратда эса палто ва костюм кийган, бош кийими ҳам амалдаги форманикидан фарқли ходимларни кўриш мумкин. Либосларнинг ранги яшил эмас.

Аввалроқ Тошкент шаҳар ИИББ бошлиғи — ички ишлар вазири ўринбосари Рустам Жўраев яқин вақт ичида ички ишлар органлари ходимларининг хизмат либослари ўзгаришини маълум қилганди.

«Янги формалар ҳар қандай расмий чизиқлардан холи ва қулай бўлишига эътибор қаратилади. Чунки жамоатчилик орасида юрувчи, оператив жараёнларда иштирок этувчи ички ишлар ходими чаққон бўлиши лозим», — деганди у.

Кумушхон Файзуллаева жаҳон чемпионатининг энг яхши атлети деб топилди

alt

Лас-Вегасда оғир атлетика бўйича ўсмирлар ўртасида жаҳон чемпионати якунланди. Бу ҳақда Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Тантанали ёпилиш маросимида мусобақанинг энг яхши қиз ва йигит иштирокчилари тақдирланди. Қизлар ўртасида -64 кг вазн тоифасида иккита жаҳон рекордини ўрнатган ва учта олтин медални қўлга киритган ўзбекистонлик Кумушхон Файзуллаева турнирнинг энг яхши атлети деб топилди.

Кумушхонга махсус совринни Халқаро оғир атлетика федерацияси президенти Тамаш Аян топширди.

АҚШдаги жаҳон чемпионатида Ўзбекистондан етти спортчи қатнашди ва уларнинг олти нафари шоҳсупага кўтарилди.

Самарқандда ISUZUнинг “D-MAX” автомобили ишлаб чиқарилиши мумкин

alt

Самарқанд автомобиль заводида корхона ташкил этилганлигининг йигирма йиллигига бағишланган тантанали маросим ўтказилди.

Бундан йигирма йил аввал, 1999 йил март ойида Самарқанд шаҳрида замонавий автобуслар ишлаб чиқарилиб, Самарқанд автомобиль заводининг тижорий фаолияти бошланган эди. Дастлаб Туркиянинг “Коч” компанияси билан ҳамкорликда заводда 2 русумдаги автобус, 3 русумдаги юк ташиш автомобиллари тайёрлаш йўлга қўйилди.

Кейинчалик “СамАвто” масъулияти чекланган жамияти Япониянинг “ISUZU Motors” компанияси ва “Itochu corporation” корпорацияси билан ҳамкорлик ўрнатди. Айни пайтда Самарқанд автомобиль заводида шаҳар ичида ва шаҳардан ташқарида ҳаракат қилишга мўлжалланган 7 турдаги замонавий автобуслар, 36 хил юк ва махсус автомобиллар тайёрланмоқда.

Энг муҳими, ўтган даврда самарқандлик автомобилсозлар ўз миллий маҳсулоти – LE60 паст шассели шаҳар автобусини яратиб, уни кенг кўламда ишлаб чиқармоқда.

Бугунги кунда корхонада 1200 дан ортиқ киши меҳнат қилмоқда. Шу пайтгача заводда 33 минг 700 дан ортиқ автобус ва юк машиналари ишлаб чиқарилди. Ушбу транспорт воситалари юртимизда ушбу турдаги автобус ва юк машиналарига бўлган эҳтиёжни қондириш баробарида Марказий Осиё давлатлари ҳамда Россия, Озарбайжон, Грузияга экспорт қилинмоқда.

Маросимда “ISUZU Motors” компанияси ва “Itochu corporation” корпорацияси вакиллари сўзга чиқиб, самарқандлик автомобилсозлар билан ҳамкорлик улар учун ҳар томонлама манфаатли эканлигини таъкидлаб, келгусида ишлаб чиқариш кўламини кенгайтириш ва маҳсулот турини янада кўпайтиришга тайёр эканликларини маълум қилди.

Тантанали маросимдан сўнг, япониялик ҳамкорлар Самарқанд вилояти ҳокимлиги ва “Ўзавтосаноат” компанияси вакилларига “ISUZU Motors” компаниясининг “D-MAX” автомобилини кўрсатиб, келгусида заводда ушбу турдаги автомашиналарни ҳам ишлаб чиқариш режалаштирилаётганини маълум қилди.

Оксана Чусовитина Бокудаги жаҳон кубогида шоҳсупага кўтарилди

alt

Озарбайжон пойтахти Боку шаҳрида спорт гимнастикаси бўйича жаҳон кубонинг навбатдаги босқичи ўз якунига етиб бормоқда. 16 март куни­ регламентга белгиланганидек, аёллар ўртасида таяниб сакраш бўйича финал босқичи бўлиб ўтди.

Энг кучли 8 нафар спортчи орасида баҳс олиб борган вакиламиз Оксана Чусовитина жорий турнирдан ҳам медаль билан қайтадиган бўлди. Спортчимизнинг ижросини ҳакамлар ҳайъати 14,450 балл билан баҳолашди.

Финалчилар орасида фақатгина америкалик Жейд Кэри Чусовитинанинг натижасини яхшилай олди холос. Шу тариқа юртдошимиз мусобақанинг кумуш медалини қўлга киритмоқда. Шоҳсупанинг учинчи поғонасидан мексикалик Алекса Морено жой олди.

Спорт гимнастикаси. Жаҳон кубоги. 
Аёллар, таяниб сакраш
1. Жейд Кэри (АҚШ) – 14,766
2. Оксана Чусовитина (Ўзбекистон) – 14,450
3. Алекса Морено (Мексика) – 14,249

Вакилимиз энди 20-23 март кунлари Дохада бўлиб ўтадиган навбатдаги жаҳон кубоги босқичига йўл олади. Янги регламентга кўра, айнан ушбу мусобақалар Токио-2020 Олимпаидаси квалификациясининг босқичлари ҳисобланади.

17 март қандай об-ҳаво кутилмоқда?

alt

Республика Гидрометеорология маркази 17 март куни Ўзбекистонда кузатиладиган об-ҳаво маълумотини эълон қилди.

Тошкентда ҳаво ўзгариб туради, ёғингарчилик бўлмайди. Шарқдан секундига 3-8 метр тезликда шамол эсади. Кечаси 10-12, кундузи 20-25 даража илиқ бўлади.

Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида ҳаво ўзгариб туради, ёғингарчилик бўлмайди. Шарқдан секундига 7-12 метр тезликда шамол эсади. Кечаси 3-8, кундузи 20-25 даража илиқ бўлади.

Бухоро ва Навоий вилоятларида ҳаво ўзгариб туради, ёғингарчилик бўлмайди. Шарқдан секундига 3-8 метр тезликда шамол эсади. Кечаси 9-14, кундузи 22-27 даража илиқ бўлади.

Тошкент, Самарқанд, Сирдарё ва Жиззах вилоятларида ҳаво ўзгариб туради, ёғингарчилик бўлмайди. Шарқдан секундига 3-8 метр тезликда шамол эсади. Кечаси 9-14, кундузи 22-27 даража илиқ бўлади.

Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларида ҳаво ўзгариб туради, ёғингарчилик бўлмайди. Шарқдан секундига 3-8 метр тезликда шамол эсади. Кечаси 9-14, кундузи 24-29 даража илиқ бўлади.

Андижон, Наманган ва Фарғона вилоятларида ҳаво ўзгариб туради, ёғингарчилик бўлмайди. Шарқдан секундига 3-8 метр тезликда шамол эсади. Кечаси 6-11, кундузи 18-23 даража илиқ бўлади.

Хабар ва янгиликларни ОдноклассникиFacebookTwitterTelegram'да ҳам кузатиб боринг

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *