16 май тонгги хабарлари (фото)

мая 15 / 2019

Шавкат Мирзиёев «Росатом» корпорацияси бош директорини қабул қилди

alt

Шавкат Мирзиёев 15 май куни Россиянинг "Росатом" атом энергияси бўйича давлат корпорацияси бош директори Алексей Лихачёвни қабул қилди.

Учрашувда мамлакатимизда қабул қилинган "йўл харитаси" асосида АЭС қурилиши лойиҳасини сифатли тайёрлаш ва амалга оширишни таъминлаш бўйича ҳамкорликни давом эттириш масалалари кўриб чиқилди. Мамлакатимизда янги тармоқни ривожлантириш учун юқори малакали кадрларни тайёрлашга алоҳида эътибор қаратилди.

Тошкентда “Agrowomenuz” форуми бўлиб ўтди

alt

13-18 май кунлари мамлакатимиз хотин-қизларини инновацион ғоялари, лойиҳа ва ишланмаларини тадбиқ этишда ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, тадбиркорлик ва ихтирочилик фаолиятига кенг жалб қилиш, интелектуал мулк объектларини ҳуқуқий муҳофаза қилишларига кўмаклашиш, иқтисодиётнинг турли тармоқларида меҳнат қилаётган хотин-қизларнинг фаолиятларига инновацион ёндашувни жорий қилиш мақсадида “INNOWOMENWEEK” хотин-қизларнинг инновация ҳафталиги ўтказилмоқда.

Тошкент давлат аграр университетида 14 май куни “INNOWOMENWEEK” хотин-қизларнинг инновация ҳафталиги ва “AGROWOMENUZ” форумининг очилиш маросими бўлиб ўтди.

“AGROWOMENUZ” форумида хотин-қизлар томонидан аграр соҳада амалга оширилаётган лойиҳалар бўйича олинган натижалар таҳлил қилинади, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш ва қайта ишлашни ривожлантириш, уларни экспортга йўналтириш ҳамда соҳага инвеcтициялар жалб қилиш масалалари муҳокама қилинди. Шунингдек, “INNOWOMENWEEK” ҳафталиги иштирокчиларининг ишланмалари, макет ва инновацион маҳсулотлари кўргазмаси ҳам ўз фаолиятини давом эттирди.

“INNOWOMENWEEK” хотин-қизларнинг инновация ҳафталигида иқтисодиётнинг турли тармоқларида меҳнат қилаётган 700 нафардан ортиқ хотин-қизлар иштирок этиши кутилмоқда.

Битирувчиларга аттестатлар 20 июнгача топширилади

alt

Ҳукумат қарори билан Умумий ўрта таълим тўғрисида давлат намунасидаги расмий ҳужжатларни бериш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди. Бу ҳақда “Ҳуқуқий ахборот” канали хабар қилмоқда.

Низомга мувофиқ, аттестат ва сертификатларни битирувчиларга топшириш қуйидаги босқичларда амалга оширилади:

– ҳар йили 10 июнга қадар битирувчиларнинг баҳолари, ўқув-тарбия жараёни билан боғлиқ ҳужжатлар (синф журнали, баҳолар табели) ўрганилиб, аттестат ва сертификат билан тақдирланадиган битирувчилар рўйхати шакллантирилади ҳамда педагогик кенгашга тақдим этилади;

– педагогик кенгаш ҳар йили 15 июнга қадар битирувчиларни аттестат ва сертификат билан тақдирлаш тўғрисида қарор қабул қилади;

– битирувчиларга аттестат ва сертификат ҳар йили 20 июнга қадар тантанали равишда топширилади.

Эслатиб ўтамиз, психик ривожланишида нуқсони бўлган болалар учун ихтисослаштирилган мактаб (мактаб-интернат)ни  тамомлаганлик тўғрисидаги сертификат  берилади.

Ўзбекистон ХХI ёзги Осиё ўйинларини ўтказади

alt

Ўзбекистонда ёзги Осиё ўйинларини ўтказишни ташкил этиш тўғрисида Ҳукумат қарори қабул қилинди.

Қарор билан ёзги Осиё ўйинларини ўтказишни ташкил этиш учун муносиб инфратузилмани яратишга мўлжалланган чора-тадбирлар дастури ҳамда уни амалга ошириш бўйича ишчи гуруҳи таркиби тасдиқланди.

Дастурга кўра, халқаро нуфузли мусобақаларни юқори савияда ўтказиш бўйича жамғарма ташкил этилади, Тошкент ва Самарқанд шаҳарларида  Олимпия шаҳарчалари қурилади.

Эслатиб ўтамиз, навбатдаги XIX ёзги Осиё ўйинлари 2022 йил Ханчоу шаҳрида (Хитой), XX ёзги Осиё ўйинлари 2026 йил Нагоя шаҳрида (Япония) бўлиб ўтиши белгиланган бўлиб, 2030 йил XXI ёзги Осиё ўйинлари ўтказилиши жойи белгиланмаганлиги сабабли Ўзбекистон даъвогар сифатида Осиё Олимпия Кенгашига буюртма бериш имкони мавжуд.

8-синф ўқувчиси янги лойиҳаси устида ишламоқда

alt

Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасида «Баркамол авлод – Ватан фахри» таълим лойиҳасининг Экспертлар кенгаши йиғилиши бўлиб ўтди. Унда Тошкент шаҳридаги 64-умумтаълим мактаби ўқувчиларининг энг яхши илмий ишлари тақдим этилди, деб хабар қилди ЎзА.

Мазкур лойиҳа 2010 йилда «Шарқ аёли» халқаро аёллар жамоат фонди томонидан ишга туширилган. alt

– Лойиҳам "Subpay" деб номланади ва бу метрополитендан фойдаланишда инновацион тўлов тизими лойиҳаси бўлиб, унинг мақсади тўлов тизимини яхшилаш, – дейди Тошкент шаҳридаги 64-умумтаълим мактаби 8-синф ўқувчиси Камолиддин Қаҳҳоров. – Биламизки, ҳозир метрода “жетон”лардан фойдаланилади. Бу технологиялар ривожланаётган ХХI аср учун бироз эскирган усул. Лойиҳа ўз ичига 3 та элементни олади, улар тўлов карточкаси, мобиль илова ва турнекетларга керакли ўзгартиришларни киритиш. Натижада йўловчи узоқ навбатларда туриб “жетон” сотиб олишига ҳожат қолмайди, карточкага ўзига керакли маблағни истаган усулида тўлаб фойдаланади. Карточкани турнекетга яқинлаштиришнинг ўзи кифоя. Бу каби инновацион усуллардан ривожланган давлатлар фойдаланишади, бизнинг лойиҳанинг афзаллиги тўлов тизимининг анчайин соддалаштирилгани. Лойиҳани янада ривожлантиришда устозларим ҳам маслаҳат бермоқда. Келгусида ахборот технологиялари бўйича таълим олишни давом эттирмоқчиман. 

Бундан ташқари ўқувчилар тақдим этган илмий ишлар орасидан "Маркетинг", "Бахт – бу нима?", "Микроорганизмлар ва сиз", "Шовқин ва инсон учун унинг оқибатлари" каби қизиқ мавзулардаги лойиҳалар ўрин олган. 

Анқарада ҳар куни 12 минг кишига ифторлик ташкил этилмоқда

alt

Туркиянинг Анқара шаҳри ва туманлари маъмуриятлар томонидан шаҳар меҳмонлари учун маданий тадбирлар доирасида йирик ифторлик дастурхонлари ёзилмоқда. Ифторлар ҳар куни шаҳарнинг 9 та ҳудудида 12 минг кишига мўлжаллаб ўтказилмоқда, деб хабар бермоқда Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати.

alt

«Исламосфера» нашрининг ёзишича, маданий тадбирлар доирасида исломий қўшиқлар концертлари ҳам ташкил этилмоқда.

Шаҳар бўйлаб муҳтожларга кўмак кўрсатиш тадбирлари ҳам ўтказилмоқда. Доимий ифторлик чодирларидан ташқари, ногиронлар, ётиб қолган беморлари бўлган уйларга ҳам ифторлик етказиш имконияти яратилган.

Россияда черков қурилишига қарши намойишлар уюштирилмоқда

alt

Россиянинг Екатеринбург шаҳрида черков қурилишига қаршилар охирги ҳафтада иккинчи марта рухсат этилмаган намойиш уюштирдилар. Полиция намойишчилардан бир нечтасини қамоққа олган.

Екатеринбургда 2023 йилда, шаҳарнинг 300 йиллиги ўтказиладиган тантаналар вақтида очишни мўлжаллаб черков қурилишини бошланди. Аммо бу қурилиш шаҳар аҳлининг қаршилигига дуч келди. Сабаби, шаҳар мэри черковни екатеринбургликлар ҳордиқ чиқариб, дам оладиган шаҳар марказидаги хиёбонда қураяпти. Бу эса шаҳар аҳлига ёқмади.

Черков қурилиши бундан олдин шаҳарнинг бошқа жойида қурилиши мўлжалланган эди. Аммо икки марта ҳам у қаршиликка дуч келиб, охири шаҳар хиёбони танланганди. Бироқ бу ерда ҳам унинг қурилишига қаршилик олдингилардан ҳам кучлироқ тарзда бўляпти.

Шаҳар мэри яқинда черков қурилишига қаршилар билан жонли мулоқот ўтказган эди. Аммо, ўша мулоқотда улар билан ўзаро тил топишишнинг мутлақо иложи бўлмаган. Мулоқотда черков қурилишига қарши бўлганлар "аслида черков қурилишига қарши эмасликларини, аммо уни шаҳар четида қурилиши лозимлигини, шаҳарни ичида унга жой йўқлигини, хиёбон эса шаҳар аҳолисига черковдан ҳам кўра муҳимроқ жой эканлигини" таъкидлашган. Бу эса 2023 йилда шаҳар ташкил топганининг 300 йиллигини "оламшумул" тарзда нишонламоқчи бўлаётган шаҳар мэриясини қониқтирмаган. Шу туфайли улар хиёбон ўрнида черков қурилишини  давом эттиришга қарор қилишган.

Шаҳар аҳли "агар черков қаршиликларга қарамай зўравонлик билан хиёбон ўрнида қурилса, лаънатланган бу черковга шаҳар аҳлидан ҳеч ким кирмаслигини" маълум қилган.

Тожикистонлик талаба сохта никоҳ учун Россиядан депортация қилинмоқда

alt

Россия ИИВ Волгоград вилояти бўйича бош бошқармаси матбуот хизмати хабарига кўра, 22 яшар тожикистонлик аспирантурада таҳсил оладиган 24 яшар аёлга уйланган ва шундан сўнг келажакда Россия фуқаролигини олиш учун Миграция масалалари бўйича бошқармага вақтинчалик яшаш учун рухсатнома сўраб, ариза берган.

Тақдим этилган ҳужжатлар орасида никоҳ тузилганлик ҳақидаги шаҳодатномани тақдим этган. ИИВ ходимлари ушбу маълумотни текширгач, йигит ва қиз тўйга қадар ҳам, тўйдан кейин ҳам бирга яшамаганликларини аниқлаганлар. Шу билан бирга, қариндошлар ва курсдошлар ҳам бу икки ёшнинг никоҳдан ўтганлигидан бехабар бўлган.

Сал кейин "эр-хотин"лар сохта никоҳни Россия фуқаролигини олиш учун тузганликларига иқрор бўлишган. Оқибатда, бу "оила" ажраштириб юборилган.

Энди ёш йигитни Россиядан депортация қилиш кутилмоқда. Аспирант қизга нисбатан эса жиноий иш қўзғатилиши мумкин.

Ўтган йилнинг декабрь ойи охирида Россия президенти Владимир Путин сохта никоҳларга тўсқинлик қилувчи федерал қонунни имзолаган эди. Хусусан, ҳужжатда Россияда вақтинчалик яшашга рухсатнома Россия фуқароси билан никоҳда бўлган чет эл фуқаросига квотани ҳисобга олмаган ҳолда россиялик турар жойи бўйича берилиши белгиланган эди.

“Ҳамшира – 2019” кўрик-танловининг якуний босқичи бўлиб ўтди

alt

Тошкент врачлар малакасини ошириш институтида “Ҳамшира – 2019” республика кўрик-танловининг якуний босқичи бўлиб ўтди.

alt

Анъавий тарзда ўтказилиб келинаётган мазкур танлов Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши, Республика Ҳамширалар ассоциацияси ҳамкорлигида ташкил этилди. Унда танловнинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар босқичларида ғолиб бўлган 14 нафар ҳамшира ўзаро беллашди.

alt

Танлов натижаларига кўра, Наманган вилояти Янгиқўрғон туман тиббиёт бирлашмаси шошилинч тиббий ёрдам бўлими хирургия пости навбатчи ҳамшираси Дилафрўз Паттаева биринчи ўринни қўлга киритди. Фарғона вилояти перенатал маркази қабулхона бўлими катта дояси Зуҳрахон Хайдарова иккинчи, Жиззах вилояти Пахтакор туман тиббиёт бирлашмаси ҳомиладорлар патологияси бўлими муолажа ҳамшираси Сарвиноз Қўшбоқова учинчи ўринга сазовор бўлди. Ғолибларга танлов ташкилотчилари томонидан диплом ва қимматбаҳо совғалар тақдим этилди.

alt

Эслатиб ўтамиз, анъанага мувофиқ “Ҳамшира – 2019” танловининг ғолиблари тиббиёт олий ўқув юртларига имтиёзли асосда ўқишга қабул қилиниши белгиланган.

Тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхоналари ташкил этилди

alt

Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва ҳимоя қилиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида Президент фармони қабул қилинди.

Фармон билан Бош вазирнинг Тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхоналари ташкил этилди.

Қабулхоналар фаолиятининг асосий йўналишларидан бири тадбиркорларни ҳамда чет эллик инвесторларни қабул қилиш, видеоконференцалоқа воситасида ва сайёр қабулларни ўтказишдир.

Фармонга мувофиқ, қабулхоналарда тадбиркорларни, чет эллик инвесторларни қабул қилиш ҳар куни амалга оширилади.

Бош вазир мурожаатлари ваколатли органлар томонидан ҳал этилмаган тадбиркорларни, шу жумладан, чет эллик инвесторларни доимий асосда шахсан қабул қилади.

Қабулхоналарда мансабдор шахсларининг ҳаракати (ҳаракатсизлиги) юзасидан берилган мурожаатлар кўриб чиқилади.

Қабулхоналар секторлар ва ҳудудий ташкилотлар раҳбарларининг тадбиркорлар ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш бўйича фаолияти тўғрисидаги ахборотни ҳар чоракда тегишли халқ депутатлари Кенгаши мажлисларида муҳокама қилиш учун киритадилар.

Фармон билан ҳисобот тизими амалиётга жорий этилади. Унга кўра:

қабулхоналар фаолияти натижалари ҳар чоракда Бош вазир раислигида алоҳида йиғилишларда, шу жумладан, видеоконференцалоқа орқали кўриб чиқилади;

Ҳукумат таркибидаги қабулхоналар бўйича котибият Бош вазирга қабулхоналарга келиб тушган мурожаатларнинг кўрилиши жараёни ҳақида ҳар ҳафтада ахборот киритади.

Қарорга мувофиқ “business.gov.uz” ягона интерактив портали ишлаб чиқилади.

Порталда тадбиркорлар томонидан ҳудудлар, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари ҳамда бошқа параметрлар кесимида муаммо келиб чиққан аниқ бизнес-жараённи акс эттирувчи мурожаат қилиниш имкониятига эга бўлади.

Портал орқали ариза берувчи ўзининг шахсий кабинети орқали мурожаатнинг кўриб чиқилиши жараёнини реал вақт режимида кузатиб бориши мумкин.

Ишчи касблари бўйича дастлабки миллий чемпионат ўтказилади

alt

Меҳнат бозорида талаб юқори бўлган малакали кадрларни касбга тайёрлаш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисидаги Ҳукумат қарори қабул қилинди.

Қарорга мувофиқ, Касбий малака, билим ва кўникмаларни ривожлантириш миллий тизими жорий этилди. Ушбу тизим қуйидагиларни назарда тутади: 

касб-ҳунар коллежларида йирик корхоналар ва кластерлар учун, шунингдек, меҳнат бозоридаги реал эҳтиёжни ҳисобга олган ҳолда, давлат-хусусий шериклик шартлари асосида ўрта бўғин мутахассислар ва ишчи касблар бўйича кадрлар тайёрлашни ташкил этиш;

касбга ўқитиш нодавлат марказларида банд бўлмаган аҳолини, айниқса, ёшларни касбга ўқитишни ташкил этиш;

белгиланган тартибда аккредитациядан ўтказилган билим ва кўникмаларни баҳолаш нодавлат марказлари фаолиятини ташкил этиш.

2019–2020 ўқув йилидан бошлаб, касб-ҳунар коллежларида йирик корхоналар ва кластерлар учун талаб юқори бўлган ўрта бўғин мутахассислар ва ишчи касблар бўйича кадрларни давлат-хусусий шериклик асосида тайёрлаш тартиби эксперимент сифатида жорий қилинади.

Бу бўйича ишчи гуруҳ тузилиб, унинг асосий вазифалари белгиланди. 

Касб-ҳунар коллежларида ўрта бўғин мутахассисларни тайёрлаш – икки йилгача, ишчи касблар бўйича кадрларни тайёрлаш – тўққиз ойгача бўлган муддатни ташкил этади.

Йирик корхоналар ва кластерларга бириктирилган касб-ҳунар коллежларида ўқишни битиргач, давлат намунасидаги диплом ёки бошқа расмий ҳужжатберилади. 

Қарор билан Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузурида Касбий малакаларни ривожлантириш республика кенгаши, шунингдек, давлат бошқаруви органлари ҳузурида касбий билим ҳамда кўникмаларни ривожлантириш бўйича тармоқ кенгашлари ташкил этилди. 

Тошкент шаҳри Яшнобод туманида эксперимент тарзида ташкил этилаётган банд бўлмаган аҳолига хизматлар кўрсатиш бўйича “Ишга марҳамат” мономаркази негизида “WorldSkills” методологиясига мувофиқ касбий билим ва кўникмаларни баҳолаш тизими жорий этилади. 

Шунингдек, 2019–2021 йилларда ишчи касбларни янада ривожлантириш ва оммалаштириш бўйича тадбирлар режаси тасдиқланди. 

Шунга кўра, 2019 йил ноябрь-декабрь ойида ишчи касблари бўйича дастлабки миллий чемпионат ўтказилиши белгиланган.

Электр плита ортида яширилган 720,5 млн сўмлик телевизорлар

alt

Фарғона вилояти божхона бошқармаси Контрабанда ва божхона қонунчилиги бузилишига қарши курашиш бўлими ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбир давомида “Қўқон-Тошкент” йўналишида ҳаракатланаётган фуқаро Т.С бошқарувидаги “МАН” русумли юк автомашинаси тўхтатилиб, белгиланган тартибда холислар иштирокида текширилди.

Натижада, автомашинада 2 хил турдаги қиймати 11,3  миллион сўмлик электр плита ва вентиляторлар ортига 138 дона қиймати 720,5 миллион сўмлик хорижда ишлаб чиқарилган ва тегишли ҳужжатлари бўлмаган телевизорлар борлиги аниқланди.

Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Автомобиль калити ва пульти аслида нима эканлиги фош бўлди

alt

Сурхондарё вилояти божхона бошқармаси “Гулбаҳор” чегара божхона пости орқали юртимизга қўшни мамлакатдан кириб келган фуқаро Б.Х холислар иштирокида кўздан кечирилди. Натижада, фуқарога тегишли буюмлар орасидан 8 дона автомобиль калитлари ва масофадан бошқариш пультлари борлиги божхоначилар эътиборини тортди. Бир қарашда ҳақиқийдек кўринган пульт ва калитлар аслида лазерли нур тарқатгич эканлиги аниқланиб, ашёвий далил сифатида олиб қўйилди.

Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан божхона текширувлари олиб борилмоқда.

“Ўзбекконцерт” рэп йўналиши ва рэпперларни қўллаб-қувватлашини маълум қилди

alt

14 май куни “Ўзбекконцерт” давлат муассасасида рэп ва шу каби йўналишларда ижод қилувчи ёшлар билан “Рэп ва шу каби йўналишларда миллий қадриятлар уйғунлиги” мавзусида ижодий учрашув ўтказилди.

“Ўзбекконцерт” давлат муассасаси томонидан ташкил этилган мазкур учрашувда рэп ва шу каби йўналишларни ривожлантириш, бу йўналишларда ижод қилаётган ижодкорлар билан самарали ҳамкорлик қилиш, уларни қўллаб-қувватлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Маълумот ўрнида шуни айтиш жоизки, жорий йилнинг 16-17-18 август кунлари Тошкент шаҳрида Рэп ва Диджейларнинг Халқаро фестивалини ўтказиш белгиланган.

Шу боис ушбу учрашув орқали “Ўзбекконцерт” давлат муассасаси келгусида рэп ижрочиларини саралаш, уларнинг ижодини баҳолаш, мастер-класслар ўтказиш, оригинал қўшиқлар яратишларига кўмаклашиш каби тизимли ишларни ҳам йўлга қўйишни режалаштирмоқда.

Бундан ташқари “Ўзбекконцерт” давлат муассасаси томонидан ижтимоий тармоқларда “Рэп йўналиши” бўйича лебель, телеграм бот, инстаграм тармоқларида янги рукн очиш ва уларни янгиликлар билан тўлдириб бориш, яхши ижро маҳоратига эга рэп ижодкорларини саралаш ҳамда улар орқали Ватанни улуғловчи қўшиқлар тайёрлаш ва уларга клип суратга олиш, телеканалларда намойиш этиш, концерт дастурларига тавсия этиш каби кўплаб имкониятлар ҳам яратилади.

Миллий гвардия суриштирув олиб борувчи органлар қаторига қўшилмоқда

alt

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси аъзолари “Ўзбекистон Республикаси Жиноят процессуал кодексига ҳамда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳасининг иккинчи ўқишда тайёрланган таҳририни кўриб чиқдилар.

Бош прокуратура томонидан қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи асосида киритилиб, яқинда Қонунчилик палатаси томонидан биринчи ўқишда қабул қилинган ва иккинчи ўқишда кўриб чиқиш учун тайёрланган ушбу ҳужжат лойиҳасида Жиноят-процессуал кодексида Миллий гвардияни суриштирув олиб бориш ваколатига эга бўлган, шунингдек, терговга қадар текширувни амалга оширувчи органлар қаторига қўшиш белгиланмоқда.

Шунингдек, Жиноят кодекси 2501-моддасининг биринчи қисмида (божхона тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузиш билан боғлиқ жиноятлардан ташқари) ва 2591-моддасида назарда тутилган жиноятлар бўйича суриштирув Миллий гвардия суриштирувчилари томонидан олиб борилиши назарда тутилмоқда.

Яна бир муҳим жиҳат, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда Миллий гвардиянинг мансабдор шахслари томонидан бир қатор ҳолатларда, яъни 1851-моддада (пиротехника буюмларининг қонунга хилоф муомаласи) ва 2101-моддада (ўта муҳим ва тоифаланган объектларга кириш-чиқиш режимини бузиш ёки ушбу объектларнинг қўриқланишини таъминлашга доир мажбуриятларни бажармаслик) назарда тутилган ҳуқуқбузарликлар аниқланган тақдирда, маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида баённома тузилиб, баённомани илова қилинадиган материаллар билан биргаликда кўриб чиқиш учун судга юборилишини белгилашга оид янги нормалар мустаҳкамланмоқда.

Қўмита аъзолари иккинчи ўқишда кўриб чиқиш учун тайёрланган қонун лойиҳаси барча сиёсий партияларнинг Қонунчилик палатасидаги фракцияси аъзолари ҳамда тегишли эксперт ва мутахассислар томонидан қўллаб-қувватланганини қайд этдилар.

Яқин кунларда мазкур қонун лойиҳаси маромига етказилиб, депутатлар муҳокамасига иккинчи ўқишда киритилиши кутилмоқда.

Термиз гарнизонида тўсатдан текширувлар ўтказилди

alt

Қуролли Кучлар Бош штаби томонидан Термиз гарнизонида жойлашган ҳарбий қисмларда бўлинмаларнинг жанговар тайёргарлиги тўсатдан текшириш бўйича инспекторлик машғулотлари бошланди.

alt

Машғулотларнинг дастлабки босқичида гарнизон ҳудудидаги ҳарбий объектларни қўриқлаш ва ҳимоя қилиш режими кучайтирилиб, бўлинмаларнинг ҳарбий техникаларда “Термиз” полигонига чиқиб кетиши таъминланди.

alt

Полигонга чиққан бўлинмалар мобил бошқарув пунктларини ёйиб, ишга тушурди. Текширув давомида ҳарбий хизматчиларнинг тактик тайёргарлиги, топография, махсус тайёргарлик, оммавий қирғин қуролларидан ҳимояланиш ва бошқа фанлар бўйича билимлари синовдан ўтказилиши бошланди.

alt

Бир неча кун давом этадиган тўсатдан текширувни ўтказишдан мақсад батальон тактик гуруҳларининг жанговар шайлиги, ҳарбий хизматчиларнинг жисмоний тайёргарлиги, ҳарбий техника ва қурол-аслаҳалардан унумли фойдаланиш бўйича амалий кўникмалари синалади.

alt

Автомобиллардаги ёнғин қандай содир бўлди?

alt

14 май куни республикамизнинг Наманган шаҳрида енгил ҳамда Сурхондарё ва Сирдарё вилоятлари ҳудудида эса юк автомобилларида ёнғин содир бўлган.

alt

alt

Наманган вилоятининг Наманган шаҳри Мингчинор МФЙ Оромгоҳ кўчаси 1-кичик ноҳия 30-уй яшовчи фуқаро М.С.га тегишли шу ҳудуддаги гаражда турган “NEXIA” русумли автомобилнинг салон қисми ёниб зарарланган. Воқеа жойига етиб борган 2 та ёнғин ўчириш бўлинмаларининг тезкор ҳаракатлари натижасида ёнғин майдони кенгайиши олди олинган. Тан жароҳати олганлар ва ҳалок бўлганлар йўқ. Ёнғиннинг тахминий сабаби автомобилнинг электр симларида қисқа туташув.

alt

alt

Сурхондарё вилоятининг Бойсун туманидан ўтувчи М-39 “Бойсун-Шеробод” йўналиши бўйлаб, Мунчоқ маҳалла ҳудудида ҳаракатланиб кетаётган “Камаз” русумли юк автомобилида ёнғин собир бўлган. Ёнғиндан юк автомобилининг салон қисми ва олд шиналари ёниб зарарланган. Тан жароҳати олганлар ва ҳалок бўлганлар йўқ. Воқеа жойига етиб борган 1 та ёнғин ўчириш бўлинмасининг тезкор ҳаракатлари натижасида ёнғин бартараф этилган. Ёнғинни тахминий сабаби мотор қисмидаги электр симларида қисқа туташув.

alt

Сирдарё вилоятининг Мирзаобод туманидан ўтувчи А-373 йўлининг “Тошкент-Термиз” йўналиши бўйлаб Янгийўл маҳалла ҳудудида ҳаракатланиб кетаётган “Зил-130” русумли автомобилидаги содир бўлган ёнғин натижасида эса салон, борт қисми ва шиналари ёниб зарарланган ҳамда юк автомобилининг ҳайдовчиси фуқаро М.Ж. куйиш тан жароҳати билан шифохонага юборилган.

alt

Воқеа жойига 2 та ёнғин ўчириш бўлинмалари жалб этилган. Ушбу ёнғинни тахминий сабаби ҳам мотор қисмидаги электр симларида қисқа туташув.  

16 май куни айрим жойларда ёмғир ёғиши мумкин

alt

Гидрометеорология маркази 16 май куни Ўзбекистонда кузатиладиган об-ҳаво маълумотини эълон қилди.

Тошкентда ҳаво ўзгариб туради, ёғингарчилик кутилмайди. Шарқдан секундига 3-8 метр тезликда шамол эсади. Кечаси 17-19, кундузи 29-31 даража иссиқ бўлади.

Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида ҳаво ўзгариб туради, ёмғир ёғиши кутилади. Шарқдан секундига 3-8 метр тезликда шамол эсади. Кечаси 15-20, кундузи 25-30 даража илиқ бўлади.

Бухоро ва Навоий вилоятларида ҳаво ўзгариб туради, ёғингарчилик бўлмайди. Шарқдан секундига 3-8 метр тезликда шамол эсади. Кечаси 17-22, кундузи 30-35 даража иссиқ бўлади.

Тошкент, Сирдарё, Самарқанд ва Жиззах вилоятларида ҳаво ўзгариб туради, ёғингарчилик кутилмайди. Шарқдан секундига 3-8 метр тезликда шамол эсади. Кечаси 15-20, кундузи 28-33 даража иссиқ бўлади.

Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларида ҳаво ўзгариб туради, ёғингарчилик бўлмайди. Шарқдан секундига 3-8 метр тезликда шамол эсади. Кечаси 17-22, кундузи 32-37 даража иссиқ бўлади.

Андижон, Наманган ва Фарғона вилоятларида ҳаво ўзгариб туради, ёғингарчилик бўлмайди. Шарқдан секундига 3-8 метр тезликда шамол эсади. Кечаси 15-20, кундузи 27-32 даража иссиқ бўлади.

Хабар ва янгиликларни ОдноклассникиFacebookTwitterTelegram'да ҳам кузатиб боринг

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *