14 май тонгги хабарлари

мая 14 / 2019

Ислом Каримовнинг собиқ бош тансоқчиси янги лавозимга тайинланди

alt

Ўзбекистон Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг собиқ бош тансоқчиси сифатида бир неча йиллар давомида фаолият юритган Ахат Носиров Шарқ яккакурашлари ва жанг санъатини ривожлантириш маркази раҳбари этиб тайинланди. Бу ҳақда «Дарё» хабар қилди.

Ахат Носиров Президент хавфсизлиги хизмати бошлиғи сифатида ишлаган вақтида ҳам Шарқ яккакурашлари ва жанг санъатини ривожлантириш марказига раҳбарлик қилган. Қайд этиш жоиз, Ахат Носировнинг шарқ яккакураш спорт турлари устаси сифатида танилган.

alt

Ҳозирда у раҳбарлик қилаётган марказ Ўзбекистонда мавжуд шарқ яккакурашлари спорт федерациялари мусобоқаларини ташкиллаштириш ҳамда Ўзбекистонда шарқ яккакураш спорт турларини ривожлантириш йўлида иш олиб боради.

Оқланган “хабарчи”га 30 миллион маънавий зарар ундирилди 

alt

Термиз тумани А.Навоий маҳалласида яшовчи фуқаро Айнахол Мўминова 2002 йилда “Ўзбекистон почтаси” ­ОАЖ Сурхондарё филиали Учқизил поч­та тармоғига қарашли “Намуна” ­алоқа бўлими хабарчиси вазифасига ишга қабул қилинган. Термиз туман прокуратураси томонидан А.Мўминовага Жиноят кодексининг бир нечта моддалари билан жиноят иши қўзғатилган ва 2014 йил 12 октябрда А.Мўминовага нисбатан қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилган. У 2014 йил 12 октябрдан 2014 йил 24 ноябрь кунига қадар Термиз шаҳридаги 8-сонли тергов ҳибсхонасида сақланган, деб ёзмоқда “Инсон ва қонун” нашри.

Жиноят ишлари бўйича Қизириқ туман судининг 2014 йил 24 ноябрдаги ажримига кўра, Айнахол Мўминовага нисбатан қўзғатилган жиноят ишининг А.Мўминовага тегишли қисми ­Олий Мажлис Сенатининг 2014 йил 14 ноябрдаги “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг йигирма икки йиллиги муносабати билан амнистия тўғрисида”ги қарори қўлланилиб, қарорнинг 5-бандига асосан ҳаракатдан тугатилган ва қамоқ эҳтиёт чораси бекор қилиниб, суд залидан ­озод этилган.

Жиноят ишлари бўйича Қизириқ туман судининг 2018 йил 3 декабрдаги (мулкий зиённи ундириш тўғрисида) ­ажримига асосан фуқаро А.Мўминованинг фойдасига 5 миллион 150 минг 009 сўм миқдоридаги моддий зарарни ундириш ҳақидаги қарор қабул қилинган ва етказилган маънавий зарарни ундириш масаласида фуқаролик ­ишлари бўйича судга мурожаат этиш ҳуқуқи тушунтирилган.

Фуқаро А.Мўминовага етказилган 5 миллион 150 минг 009 сўм моддий зарар Термиз туман адлия бўлимининг аралашуви билан фуқарога Термиз туман Молия бўлими орқали ундирилишига эришилди.

2018 йил 9 август куни жиноят ­ишлари бўйича Сурхондарё вилоят суди Кассация судлов ҳайъатининг оқлов ажримига асосан А.Мўминова айбсиз, деб топилган ва реабилитация қилиш йўли билан оқланган. Бироқ унга етказилган маънавий зарарлар ундирилмасдан қолиб кетган.

Фуқаролик кодексининг талабларидан келиб чиқиб Термиз туман адлия бўлими томонидан Айнахол Мўминова 2014 йил 12 октябрдан 2014 йил 24 ноябрга қадар 42 кун давомида фуқаролик ҳақ-ҳуқуқлари тўлиқ чекланган ҳолда яшашга мажбур бўлганлиги, уни танийдиганлар салбий фикрга келиб ­унинг обрўйига путур етган ва ҳибсхонада сақланган вақтда ўзининг соғлиғини йўқотганлиги аниқланди. Ушбу жиноят иши ­юзасидан Олий судга ва бошқа юқори турувчи идораларга ҳақ-ҳуқуқини тиклаш учун мурожаат этиш мақсадида бир неча маротаба Термиз ва Тошкентга қатнашга мажбур бўлган ҳамда 50 миллион сўм миқдоридаги маънавий ва кўп миқдорда моддий зарарларни кўрган, деб ҳисоб­ланиб, фуқаро А.Мўминованинг манфаатини кўзлаб ноқонуний равишда жиноий жавобгарликка тортилганлик ҳамда соғлиғини йўқотганлиги ва шаъни, қадр-қиммати камситилганлиги учун етказилган 50 миллион сўм маънавий зарарни ундириш ҳақида даъво аризаси киритилди.

Фуқаролик ишлари бўйича Термиз туманлараро суди томонидан мазкур фуқаролик иши мазмунан кўриб чиқилди ва фуқаро А.Мўминова фойдасига жавобгар Термиз туман Молия бўлими орқали давлат бюджети ҳисобидан маънавий зарар учун 30 миллион сўм ундирилиши ҳақида ҳал қилув қарори қабул қилинди.

Аёлларни 19 марталаб эрга беришмоқда: Сурияда 6 йил яшаган қозоғистонлик аёл ҳикояси

alt

Сурияда 6 йил яшаган ва ватанига қайтган қозоғистонлик аёл урушдаги ҳаёти ҳақида сўзлаб берди. Бу ҳақда Sputnik хабар қилмоқда.

33 ёшли аёлнинг сўзларига кўра, 2010 йилда у диндор одамга турмушга чиқади. Икки йилдан сўнг турмуш ўртоғи ишлаш учун хорижга кетади. Аёл эри айнан қаерга кетгани ҳақида бир ойдан кейин билиб қолади.

“Ўша вақтда 8 ёшли қизим бўлган. Туркиядан Сурияга ўтиш осон, у ерда ҳеч қандай тўсиқлар йўқ. Биз кичкина қишлоққа келдик. Бир ҳафта ўтгач мен ватанимга қайтишни истадим, бироқ эрим мени қайтиб олишмаслигини айтди”, - дея қозоғистонлик аёл ўз ҳикояси билан ўртоқлашди Қозоғистон ТИВ биносида.

Сурияда 6 йил ҳаёти давомида аёл икки марта фарзандли бўлади. Фарзандлардан бири санитария ҳолати йўқлиги учун вафот этади. Иккинчи фарзанд омон қолиб, 2019 йилда “Жусан” операцияси чоғида онаси билан эсон-омон Қозоғистонга қайтди.

“2017 йилда турмуш ўртоғим ҳалок бўлди, бу қандай ҳолатда бўлганини билмайман. Ўша пайтдан бошлаб мен ватанга қайтиш ҳаракатига тушдим. Яшаш шароитимиз жуда ёмон эди. Қозоғистондаги яқинларим билан камдан кам алоқа қилганман. Қайтиш истаги ҳақида уларга айта олмаганман, чунки барча сўзлашувлар эшитиларди, мени қатл этишлари мумкин эди”, - дея давом этди аёл.

Аёлнинг сўзларига кўра, турмуш ўртоғи вафот этган аёллар бошқа эркакларга эрга берилади. Сурияда 6 йил яшаган вақтда 19 марталаб эрга теккан аёлларни кўрган.

“Турмуш ўртоғи ҳалок бўлса, 4 ой ва 10 кун кутиш удуми бор. Улар буни кутиб туришади. Шу кун келганда, у ерга турли эркаклар келиб, уйланиш учун аёлларни олиб кетишади. Шунга улар шароит яратишади. Эри ҳалок бўлган аёлни бошқа кўп аёллар яшайдиган уйга олиб келишади. Уйда сув, овқат, чироқ йўқ. Шунинг учун аёллар чорасизликдан эрга тегади”, - дейди 33 ёшли қозоғистонлик аёл.

Январь ойида ўғли билан Қозоғистонга қайтга аёл кўп вақт касал бўлади ва янги ҳаётга ўзоқ вақт кўника олмади.

Ҳозирги вақтда она боланинг соғлиғи яхши, аёл ишга жойлашди ва ватанга қайтиш инконияти берилгани учун миннатдор.  

Шу йил 6 январда Қозоғистон томонидан “Жусан” биринчи гуманитар операцияси амалга оширилди. Ўша вақтда Суриядан 47 нафар Қозоғистон фуқаролари, улардан 30 нафар бола, 11 нафар аёл ва 6 нафар эркак олиб келинди.

Иккинчи операция 7 ва 9 май куни амалга оширилди. Суриядан 231 нафар киши, улар ичида 156 болалар олиб келинди.

Ўзбекистонда “Innowomenweek” хотин-қизларнинг инновация ҳафталигига старт берилди

alt

Жорий йилнинг 13-18 май кунлари мамлакатимиз хотин-қизларини инновацион ғоялари, лойиҳа ва ишланмаларини тадбиқ этишда ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, тадбиркорлик ва ихтирочилик фаолиятига кенг жалб қилиш, интелектуал мулк объектларини ҳуқуқий муҳофаза қилишларига кўмаклашиш, иқтисодиётнинг турли тармоқларида меҳнат қилаётган хотин-қизларнинг фаолиятларига инновацион ёндашувни жорий қилиш мақсадида “INNOWOMENWEEK” хотин-қизларнинг инновация ҳафталиги ўтказилмоқда.

alt

“INNOWOMENWEEK” хотин-қизларнинг инновация ҳафталигида иқтисодиётнинг турли тармоқларида меҳнат қилаётган 700 нафардан ортиқ хотин-қизлар иштирок этади.

alt

Ҳафталик доирасида 13-14 май кунлари Тошкент давлат аграр университетида “AGROWOMENUZ” мавзусидаги форум ва кўргазма, 15-16 май кунлари Тошкент шаҳридаги Инҳа Университетида “TECHNOWOMENUZ” мавзусидаги форум ва ўқув семинарлар ва 17-18 май кунлари Тошкент педиатрия тиббиёт институтида “MEDICALWOMENUZ” мавзусидаги форум, кўргазма ва ўқув семинарлар ташкил этилади.


Россия, Хитой, Ҳиндистон нега тинимсиз олтин сотиб олмоқда?

alt

Россия ва Хитой тобора кўпроқ олтин сотиб ола бошлашининг сабаби – улар дунё иқтисоди қонунларини ўзгартирмоқчи деб ҳисоблайди бир неча хорижий экспертлар. 

РИА Новости хабарига кўра, умумжаҳон олтин кенгаши (WGC) ҳисоб-китобига асосан ўтган йилда Россия, Хитой ва Ҳиндистон марказий банклари ўта фаол равишда олтин заҳираларини оширишда давом этган. Бугунги кунда Россия олтин заҳиралари ҳажми 2112 тоннага, Хитой олтин заҳиралари – 1853 тоннага. Бу 1971 йилда АҚШ жаҳон савдосида олтин стандартидан воз кечганидан сўнг - энг катта кўрсатгич. Айни дамда Россия олтин заҳиралари миқдори бўйича дунёда бешинчи ўринга кўтарилган.

Сўнгги вақтларда Ҳиндистон ҳам олтин заҳираларини оширишга ҳаракат қилмоқда. Ўтган йилда ушбу мамлакат Марказий банки 42 тонна олтин сотиб олиб мамлкат олтин заҳираси ҳажмини 600,4 тоннага етказди.

Шу билан бир вақтда, Россия Марказий банки доллар ва америка давлат облигацияларида сақланаётган маблағлар ҳажмини кескин камайтирган.

Дунёнинг энг йирик ва энг тез тез ўсиб бораётган иқтисодлари олтин заҳираларини оширишга иштиёқини бугунги кунда кузатилаётган геосиёсий ва иқтисодий номаълумлик билан изоҳлаш мумкин, дейди WGC.

Келажак номаълумлик бўлган даврларда, олтин ҳар доим яхши “суғурта” бўлган. Чунки унга ҳеч қандай сиёсий ёки иқтисодий санкциялар таъсир қилмайди. Уга учинчи мамлакатлар таъсир ўтказа олмайди. Иккинчидан, мамлакатда олтин заҳиралари қанча кўп бўлса, хорижий инвесторларнинг ишончи ҳам шунча ортади.

“Олтин – дунёдаги энг қаттиқ валюта. У доллар курси ўзгаришидан жуда яхши ҳимояланган, унга инфляция ҳам жуда кам таъсир қилади. Керак бўлганда уни жуда тез сотиш мумкин. Россиянинг катта олтин заҳиралари сармоядорларнинг рублга ишончини орттиради”, - дейди Рональд-Петер Штеферле, Германиянинг Incrementum компанияси аналитики.

Яна бир эксперт Билл Холтер фикрига кўра, АҚШ бугунги кунда тўпланиб олган қарзларини тўлаши амри маҳол. Буни Хитой ва Россия жуда яхши тушунишади ва ўзларини ҳимоялаш мақсадида олтин ва кумуш заҳираларини оширмоқда. Олтин ва кумуш – ҳар қандай қоғоз валютанинг энг катта рақиби, дейди эксперт.

Яна бир америкалик эксперт, бозор таҳлилчиси ва профессионал трейдер Грегори Маннарино фикрига кўра, бугунги кунда дунёда вужудга келган вазият – олдин ҳеч қачон бўлмаган. У “эркин бозор” ёки “бозор иқтисоди” тушунчасидан йироқ. Ҳукумат доимий равишда қоғоз пул чоп этишда давом этмоқда. Ҳеч қандай иқтисодий ривожланиш кузатилмаяпти. Бу нафақат АҚШда балким бутун дунё миқёсида кузатилмоқда, дейди эксперт.

Ушбу вазиятда марказий банклар учун ҳам хусусий инвесторлар учун ҳам энг яхши стратегия – олтин заҳиралари миқдорини ошириш, деб бир овоздан таъкидлашмоқда экспертлар.

“АҚШ бозорида тарихда энг катта бўлган “иқтисодий пуфак” шаклланмоқда. Олтин ва кумуш нархи эса - минимал даражада. Келажакда айнан ушбу активлар нархи кескин ўсади”, - деб ҳисоблайди Маннарино.

Худди шундай мулоҳаза яқинда Goldman Sachs компанияси экспертлари томонидан ҳам эълон қилинган эди. Уларнинг фикрига кўра, доллар босма машинасини тинимсиз ишлатиш оқибатида, реал активлар, биринчини навбатда олтин нархи осмонга чиқиб кетиши аниқ.

Иккинчи томондан дунёда энг йирик олтин қазиб олувчи компания Newmont Goldcorp пргнози бўйича, 2022 йилга келиб дунёда олтин қазиб олиш ҳажми кескин тушиб кетади, 2034 йилда эса Ердаги олтин заҳиралари мутлақ якунига етади.

Об-ҳаво: Республика бўйлаб ҳаво бир оз булутли бўлади

alt

Республика Гидрометеорология марказининг хабар беришича, 14 май куни Тошкентда ҳаво бироз булутли бўлади, вақти-вақти билан ўзгариб туради, ёғингарчилик бўлмайди. Шарқдан секундига 3-8 метр тезликда шамол эсади. Кечаси 17-19 даража илиқ, кундузи 29-31 даража иссиқ бўлади.

Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида ҳаво бироз булутли бўлади, айрим жойларда ўзгариб туради, ёғингарчилик бўлмайди. Шарқдан секундига 7-12 метр тезликда шамол эсади. Кечаси 17-22, кундузи 33-38 даража иссиқ бўлади.

Бухоро ва Навоий вилоятларида ҳаво бироз булутли бўлади, айрим жойларда ўзгариб туради, ёғингарчилик бўлмайди. Шарқдан секундига 7-12 метр тезликда шамол эсади. Кечаси 17-22, кундузи 32-37 даража иссиқ бўлади.

Тошкент, Самарқанд, Жиззах ва Сирдарё вилоятларида ҳаво булутли бўлади, айрим жойларда ўзгариб туради, ёғингарчилик бўлмайди. Шарқдан секундига 7-12 метр тезликда шамол эсади. Кечаси 15-20 даража илиқ, кундузи 28-33 даража иссиқ бўлади.

Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларида ҳаво бироз булутли бўлади, айрим жойларда ўзгариб туради, ёғингарчилик бўлмайди. Шарқдан секундига 7-12 метр тезликда шамол эсади. Кечаси 19-24, кундузи 32-37 даража иссиқ бўлади.

Андижон, Наманган ва Фарғона вилоятларида ҳаво ўзгариб туради, ёғингарчилик бўлмайди. Шарқдан секундига 5-10 метр тезликда шамол эсади. Кечаси 15-20 даража илиқ, кундузи 27-32 даража иссиқ бўлади.

Республикамизнинг тоғли ҳудудларида ҳаво ўзгариб туради, айрим жойларда қисқа муддатли ёмғир, ёғиб, момақалдироқ бўлиши мумкин. Шарқдан секундига 7-12 метр тезликда шамол эсади. Кечаси 8-13 даража илиқ, кундузи 19-24 даража иссиқ бўлади.

 

 

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *