11 мингга яқин болажонга "Президент совғаси" топширилади

дек 26 / 2019

alt

Мамлакатимизда ҳар йили Меҳрибонлик уйлари тарбияланувчилари, ота-она қаровисиз қолган болалар, ота-оналари Ватан сарҳадларини ҳимоя қилиш йўлида қурбон бўлган болалар, шунингдек, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларнинг 3-15 ёшли фарзандлари учун “Президент арчаси” байрам тантаналари ташкил этилади.

Мазкур тадбирни мазмунли, кўтаринки руҳда ташкил этиш мақсадида Халқ таълими вазирлиги томонидан тегишли вазирлик ҳамда идоралар билан ҳамкорликда “Президент арчаси” тантаналарига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича муайян ишлар амалга оширилади.

Анъанага кўра, “Президент арчаси”да болажонларга “Президент совғаси” топширилади. Бу йил 11 мингга яқин болажонларга “Президент совғаси” тақдим этилади, деб хабар қилади ХТВ матбуот хизмати.

alt

Жорий йилда “Президент совғаси”нинг таркиби қайта кўриб чиқилди. Ўтган йили болалар учун Ўзбекистон Республикаси Президенти номидан 11 номдаги ўқув қуроллари ва 17 номдаги ширинликлардан иборат совға тақдим этилган эди. Бу йил эса “Президент совғаси”дан махсус совғалар қопчиғи билан 6 номдаги ўқув қуроллари, 20 номдаги ширинликлар, юмшоқ ўйинчоқ ва шахмат жой олган.

26 декабрь куни автотранспортда Тошкент шаҳри (2334 дона), Тошкент (1260 дона), Сирдарё (274 дона), Жиззах (346 дона) вилоятларига жами 4214 дона “Президент совға”си олиб борилади. 

Бундан ташқари, 25-28 декабрь кунлари 6428 дона “Президент совға”си “Uzbekistan Airways” AЖ самолётлари орқали жадвал асосида Қорақалпоғистон Республикаси ва 9 та вилоятга етказилади.

“Президент совға”си 29 декабрь куни ўтказиладиган “Президент арчаси” тадбирида болажонларга маҳаллий ҳокимликлар ва Республикадан бириктирилган вакиллар иштирокида тантанали равишда топширилади.

alt

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *