10 апрель тонгги хабарлари (фото+видео)
Миллий Кураш спорти Ислом бирдамлиги спорт ўйинлари дастурига киритилади
Шу кунларда Саудия Арабистоннинг Жидда шаҳрида Ислом бирдамлиги спорт федерациясининг навбатдан ташқари Бош Ассамблеяси бўлиб ўтмоқда.
Ушбу йирик анжуман доирасида ташкилотга янги президент сайлаш кун тартибининг асосий масаласи бўлиб, сайлов натижаларига кўра, 2019-2021 йиллар учун ташкилотга президент сифатида шаҳзода Абдулазиз Бин Турки Ал Файсал Ал Сауд сайланган. Бу ҳақда миллий олимпия қўмитаси хабар бермоқда.
Ассамблеяда сайлов жараёнидан ташқари, Миллий олимпия қўмиталари ва Халқаро спорт федерациялари ўртасида қатор соҳаларни биргаликда ривожлантириш, ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш чора-тадбирлари бўйича музокаралар олиб борилган.
Унда Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси номидан МОҚ Бош котиби Жасур Матчанов иштирок этмоқда.
Қайд этилишича, ўзбек халқининг миллий спорт тури ҳисобланмиш Кураш эндиликда Ислом бирдамлиги спорт ўйинлари дастурига киритилади.
Путин форумда тилмочни “бандит” дея атади
Россия президенти Владимир Путин Швеция бош вазири Стефан Леван билан «Арктика – мулоқот майдони» форуми доирасида мулоқот ўтказган. Мулоқот давомида Путин гапларини сўзма-сўз таржима қилаётган тилмочни “бандит” дея атаган.
Икки мамлакат ўртасидаги муносабатлар ҳақида гапираётиб, Путин швециялик тадбиркорларни «дўстлар» деб атаган. Таржимон эса бу сўзни «ҳамкорлар» деб таржима қилган.
«Мен дўстлар дедим, у ҳамкорлар дея таржима қилди. Бандит»,- дея ҳазиллашган Путин.
Сурхондарёда “Бойсун баҳори” фольклор фестивали ўтказилади
Жорий йилнинг 27-28 апрель кунлари Бойсун туманининг Паданг қишлоғида анъанавий “Бойсун баҳори” очиқ фольклор фестивали ўтказилади.
9 апрель куни вилоят ҳокимлигида ўтказилган йиғилишда фестивалга тайёргарлик кўриш ишлари ва унинг юқори савияда ўтказиш масалалари муҳокама этилган.
Мамлакатимиз ва хориждан ҳар йилгидан кўпроқ меҳмон келиши кутилаётганлиги боис тадбирга пухта ҳозирлик кўриш лозимлиги таъкидланган.
Порошенко украиналиклардан кечирим сўради
Украина президенти Пётр Порошенко ўзининг “Ё Порошенко, ёки Путин” деб номланган сайловолди шиори муваффақиятсиз бўлганини тан олган. Шунингдек, унинг Россияга қарши бўлган плакатларини президентлик пойгаси етакчиси Владимир Зеленский билан боғлаган украиналиклардан кечирим сўраган.
“Мен Зеленскийни Путиннинг агенти дея айбламайман. Кимдир шундай тушунган бўлса, ундан узр сўрайман”, - дея таъкидлаган Порошенко ICTV телеканалидаги эфир вақтида.
Аввалроқ Украинанинг кўплаб шаҳарларида “21 апрель – ҳал қилувчи сайлов” дея изоҳлар ёзилган, Порошенко ва Путин тасвирланган плакатлар пайдо бўлган.
Янгийўллик гинеколог аввал чақалоқни “ўлдирди”. Сўнг уни 100 долларга сотди
Департаментнинг Янгийўл шаҳар бўлими ва ИИБ ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган текширишда, Янгийўл тумани тиббиёт бирлашмасига қарашли туғруқ бўлимида жиноят иши фош этилган.
Аниқланган ҳолатларга кўра, туғруқ бўлими акушер-гинекологи Р.Х., фуқаро З.Э.нинг 01.04.2019 йилда туғилган қиз фарзандини “ўлди” деб хабар берган. Бу ҳақда эса ҳеч қандай маълумотни қайд этмаган.
Сўнг чақалоқни фуқаро С.М. дунёга келтирган дея, унинг номига туғруқ ҳақидаги сохта ҳужжатларни расмийлаштирган ва чақалоқни сохта эгасига 100 АҚШ доллари эвазига сотиб юборган.
Ҳозирда ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Наманганда содир бўлган ЙТҲ оқибатида икки киши вафот этди
2019 йил 7 апрель куни соат 03:30 ларда Наманган вилояти Поп туманида яшаган О.Х. ўзининг “Nexia” русумли автомашинасини Туркистон маҳалласи ҳудудида ҳайдаб кетаётган бўлган. Оралиқ масофа сақланмаганлиги боис шу йўналишда ўзидан олдинда ҳаракатланиб бораётган фуқаро З.Б.нинг “КрАЗ-355” русумли юк автомашинаси орқа қисмига бориб урилган. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси ИИВ Жамоатчилик ва ОАВ билан алоқалар бошқармаси хабар берди.
ЙТҲ натижасида жароҳат олган “Nexia” йўловчиси Н.З. воқеа жойида, машина ҳайдовчиси О.Х. эса касалхонада вафот этган. “Nexia” автомашинасида бўлган яна бир йўловчи М.С. тан жароҳатлари билан касалхонага ётқизилган.
Пойтахтда транспорт ҳайдовчилари томонидан содир этилган кўплаб қоидабузарликлар аниқланган
Тошкент шаҳар ҳокимлиги Матбуот хизматининг маълум қилишича, пойтахтда “Жамоат транспортларида ҳаракатланиш қанчалик хавфсиз?” мавзуси доирасида сўровнома ўтказилган.
Сўровларга кўра, жамоат транспортини бошқара туриб, тезликни меъёридан оширувчи, телефонда суҳбатлашишни одат қилган ёҳуд бошқа йўналишдаги автобуслар билан ким ўзарга беллашувчи ҳайдовчилар томонидан қоидабузарликлар содир этилганлиги аниқланган.
Шунингдек, “Тошшаҳартрансхизмат” АЖнинг махсус бўлимлари томонидан жойларда доимий мониторинглар ўтказилиб, ўтган ҳафтада 10дан зиёд автобус ҳайдовчилари томонидан белгиланган меъёрлар четлаб ўтилганлиги аниқланган.
Бекатларда автобусларнинг эркин ҳаракатланишига ҳалақит бераётган хусусий транспортларнинг кўплиги масаласи ҳам мониторингда эътиборга олинган.
Жумладан, “Чорсу” бекатида бундай вазият кўп учраши қайд этилиб, шу ва бошқа қоидабузарликлардан Тошкент шаҳар йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси хабардор этилган.
ОБ-ҲАВО
Республика Гидрометеорология марказининг хабар беришича, 10 апрель куни Тошкентда ҳаво ўзгариб туради, ёмғир ёғиб, момақалдироқ бўлиши мумкин. Ғарбдан секундига 5-10 метр тезликда эсаётган шамол секундига 12-17 метргача кучайиши мумкин. Кечаси 10-12, кундузи 17-19 даража илиқ бўлади.
Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида ҳаво ўзгариб туради, ёғингарчилик бўлмайди. Шарқдан секундига 7-12 метр тезликда шамол эсади. Кечаси 5-10, кундузи 18-23 даража илиқ бўлади.
Бухоро ва Навоий вилоятларида ҳаво ўзгариб туради, ёғингарчилик бўлмайди. Шарқдан секундига 7-12 метр тезликда шамол эсади. Кечаси 7-12, кундузи 20-25 даража илиқ бўлади.
Тошкент, Самарқанд, Жиззах ва Сирдарё вилоятларида ҳаво ўзгариб туради, айрим жойларда ёмғир ёғиб, момақалдироқ бўлиши мумкин. Ғарбдан секундига 7-12 метр тезликда шамол эсади. Баъзи жойларда шамолнинг тезлиги секундига 15-20 метргача кучайиши мумкин. Кечаси 10-15, кундузи 17-22 даража илиқ бўлади.
Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларида ҳаво ўзгариб туради, ёғингарчилик бўлмайди. Шарқдан секундига 7-12 метр тезликда шамол эсади. Кечаси 10-15, кундузи 20-25 даража илиқ бўлади.
Андижон, Наманган ва Фарғона вилоятларида ҳаво ўзгариб туради, айрим жойларда ёмғир ёғади. Ғарбдан секундига 7-12 метр тезликда шамол эсади. Баъзи жойларда шамолнинг тезлиги секундига 15-20 метргача кучайиши мумкин. Кечаси 10-15, кундузи 18-23 даража илиқ бўлади.
Республикамизнинг тоғли ҳудудларида ҳаво ўзгариб туради, вақти-вақти билан ёмғир ёғиб, момақалдироқ бўлиши мумкин. Қор кўчиши хавфи бор. Ғарбдан секундига 7-12 метр тезликда шамол эсади. Баъзи жойларда шамолнинг тезлиги секундига 15-20 метргача кучайиши мумкин. Кечаси 5-10, кундузи 10-15 даража илиқ бўлади.
Хабар ва янгиликларни Одноклассники, Facebook, Twitter, Telegram'да ҳам кузатиб боринг
- Шархлар
- Фикрингизни қолдиринг