1 январдан дорихоналарга лицензия берувчи ваколатли орган ўзгаради

дек 13 / 2019

alt

Президентимизнинг 2019 йил 9 декабрдаги “Бюрократик тўсиқларни янада қисқартириш ҳамда давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятига замонавий бошқарув тамойилларини жорий қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Ҳужжатга кўра, 2020 йил 1 январдан бошлаб маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг алоҳида функция ва ваколатлари тегишли давлат бошқаруви органларининг ҳудудий бўлинмаларига берилмоқда. Жумладан, дори воситалари ва тиббиёт буюмларининг чакана савдосини амалга оширишга лицензия бериш Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлигига ўтказилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, Президентимизнинг 2019 йил 6 сентябрда қабул қилинган  “Дори воситалари ноқонуний айланишининг олдини олиш чораларини кучайтириш тўғрисида”ги қарори билан дори воситалари ноқонуний савдосининг олдини олиш, шифокор рецепти бўйича бериладиган дори воситалари ва тиббий буюмлар, шу жумладан, кучли таъсир қилувчи моддалар рўйхатига киритилган дори воситаларининг чакана савдосини тартибга солиш, дорихоналарнинг фаолиятини янада такомиллаштириш бўйича қатор муҳим вазифалар белгиланган эди.

Хусусан, 2020 йил 1 январдан бошлаб қишлоқ оилавий поликлиникалари ва қишлоқ врачлик пунктлари ҳудудида жойлашган дорихоналар ва уларнинг филиалларидан ташқари барча дорихоналарда дори воситалари ва тиббий буюмларнинг реализация (бериш) жараёнини узлуксиз равишда видеога ёзиб олиш ва бир ой давомида видеоёзувларни сақлаш тартиби жорий этилиши кўзда тутилган.

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *