ТОП-10: Ўзбекистон тарихидан сўзловчи музейлар

мая 17 / 2016

Ҳозирги кунда Ўзбекистонда юздан ортиқ музейлар фаолият кўрсатмоқда. Қуйида уларнинг ўнтаси билан таништирамиз.

1. Ўзбекистон давлат тарихи музейи

alt

Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академиясининг Ўзбекистон тарихи Давлат музейи Марказий Осиёда 120 йилдан ортиқ тарихга эга, энг улкан ва кўҳна илмий-маърифий муассаса ҳисобланади. Музей фондида 250 мингдан зиёд экспонатлар мавжуд. Музей, шунингдек, ўзбек халқи тарихининг муҳим босқичларини акс эттирган ноёб архив материаллар, қўлёзмалар, тарихий ҳужжатлар, фотоматериаллар ва ҳ.к. га эга. Ҳайкалтарошлик, рассомчилик, кулолчилик, шиша санъатининг бетакрор намуналари турли даврдаги эстетик тасаввур тарихига баҳо бериш имкониятини беради.

2. Темурийлар тарихи давлат музейи

alt

1996 йил 18 октябрда Амир Темур таваллудининг 660 йиллигига бағишлаб очилган. Музейнинг баландлиги 31, диаметри 70 метр. Музей 3 қаватдан иборат. Биринчи қаватида хазинахона, кутубхона, анжуманлар зали, маъмурият жойлашган. Иккинчи қаватдаги девор марказидан "Буюк Соҳибқирон - буюк бунёдкор" деб номланган панно жой олган.  Учинчи қаватдан Марказий Осиёнинг илк Уйғониш давридан то Соҳибқирон давригача ва темурийлар ҳаётидан ҳикоя қилувчи экспонатлар, ранг-баранг  осори атиқалар ўрин олган. Бугунги кунда музейда темурийлар тарихидан сўзловчи 3,5 мингдан зиёд энг ноёб ёдгорликлар сақланмоқда.

3. Савицкий номидаги Қорақалпоғистон давлат музейи

alt

И.В.Савицкий номидаги Қорақалпоғистон давлат санъат музейи — республикадаги йирик музейлардан бўлиб, Нукус шаҳрида 1966 йилда ташкил топган. 1984 йилдан Н.В.Савицкий номи билан аталади. Музейга И.Савицкийнинг саъй-ҳаракати ва у тўплаган қорақалпоқ халқ амалий санъати асарлари негизида асос солинган. Музей халқ амалий санъати, қадимий ва ўрта асрлар Хоразм санъати, 1920—30-йиллар ўзбек ва рус тасвирий санъати, қорақалпоқ замонавий ранг-тасвири ва ҳайкалтарошлиги, илмий-маърифий бўлимлар, кутубхона, фонд ҳамда таъмирлаш уста-хонасига эга. Фондида 85 мингдан ортиқ экспонат мавжуд.

4. Ўзбекистон амалий санъат музейи

alt

Бугунги кунда музей хазинасида XIX асрнинг биринчи ярмидан то ҳозирги кунгача бўлган даврни қамраб олган бебаҳо амалий санъат дурдоналари йиғилган. Музей заҳирасида тўпланган буюмлар 20 номдаги коллекцияга ажратилиб сақланади. Музей экспозицияларида халқ амалий санъатининг 50 дан ортиқ тури намойиш этиб келинмокда. 

5.Ўзбекистон давлат санъат музейи

alt

Санъат музейининг ҳозирги биноси 1974 йилда қурилган. 1997 йилда таъмирланган. Музей экспозицияси санъат жанри ва турларига ажратилган ҳолда хронологик тартибда тузилган. Ҳар бир залдаги экспонатлар санъат турлари, мактаблари, анъаналар ва ҳозирги ривожланиш марказларига қараб жойлаштирилган. Экспозиция Ўзбекистоннинг қадимий санъат ёдгорликлари — Зараутсой расмлари, Холчаёндан топилган ҳайкалларни, сўнг Ўзбекистон халқ амалий безак санъатини намойиш этиш билан бошланади. Ўрта Осиёда яшаб ижод этган рассомлар (И.С.Казаков, Н.Н.Каразин, Р.К.Зоммер ва бошқалар)нинг 250 га яқин санъат асарлари тўпланган, шу ерда ишлаган рассом П. Бенков, А. Волков, М.И.Курзин, Усто Мўмин (А. Николаев), О. Татевосян, В. Уфимсев, Н.В.Кашина, З.М.Ковалевская ва бошқаларнинг асарларига экспозициядан алоҳида ўрин берилган.

6. Тошкент темирйўл техникаси музейи

alt

Музейда жуда қадимий темирйўл техникалари намойиш этилган. Бу музейга ташриф буюрганлар 1914 йилда ишлаб чиқарилган 700 от кучига эга ОВ паравози, 3000 от кучига эга П 36 («Победа») паровози ва кўплаб қизиқарли темирйўл техникаси намуналарини томоша қилиш, шу билан бирга, вагон-музей экспонатларидан баҳраманд бўлиш ва экскурсион поездда саёҳат қилиш имкониятига эгалар.

7. Олимпия шон-шуҳрати музейи

alt

Олимпия шон-шуҳрати музейи 1996 йил ташкил этилган. Ўзбекистон Олимпия шон-шуҳрати музейида 2000 дан ортиқ экпонат ўрин эгаллаган бўлиб, шундан мингдан ортиғи доимий экспозицияга қўйилган. Музейда медаллар, кубоклар, маёқлар, почта маркалари, спорт анжомлари ва кийим-кечаклари кўп миқдорда кўргазмага қўйилган.

8. Алоқа тарихи музейи

alt

Музей 2009 йил Тошкентда  очилган. Музейда мамлакатимиз телекоммуникация соҳасининг шаклланиш ва ривожланиш йўлидан гувоҳлик берувчи 400 дан зиёд экспонатлар бор.

"Ўзбекистон почтаси" стендида ўзбек почта хизматининг Темурийлар давридан тортиб, ҳозирги давргача бўлган шаклланиш тарихидан ҳикоя қилувчи экспонатлар мавжуд. Ўтган аср бошларида почтальонлар ишлатган сумка, 1916 йилга тегишли почта хизматчилари кийими, муҳр, грифа ҳамда почта аравасининг табиий катталикдаги макети  ҳам ўрин олган.

Ўзбекистонда телефон алоқасининг ривожланишинини акс эттирувчи стендда ўтган аср бошларидан бери фойдаланиб келинган турли телефонлар моделлари бор. Телефон аппратларининг баъзилари 60 ёшдан ошган. Аммо уларнинг ҳаммаси тармоққа уланган бўлиб, истаган киши қўнғироқ қилиб кўриши мумкин.

Ўзбекистон телевидениеси стендларида телевизион сигнални қабул қилиб узатувчи техника ва телевизорлар ҳам бўлиб, уларнинг ҳар бири миллий телевидениенинг ривожланишидаги маълум бир босқични ифодалайди. Бу ерда ҳозирги кунда ноёб бўлиб қолган "КВН-49" телевизорини ҳам кўриш мумкин.

9. Қатағон қурбонлари хотира музейи

alt

Музей 2002 йилда Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов ташаббуси билан очилган. “Қатағон қурбонлари хотираси” музейи “Шаҳидлар хотираси” майдонининг марказида жойлашган. Зал марказида “Изтироб ҳайкали” ўрнатилган. Унда фарзандини кутаётган ота-она, ўз ёрини соғинган аёл, ота меҳрига тўймаган бола тасвирланган. Деворларга музейни бўлимларга ажратувчи, мавзуларга оид, ўша даврларга хос лавҳа – суратлар осилган. Музей 7 бўлимдан иборат. 1. XIX аср ўрталари ва охирлари. 2. 20-йиллардаги қатағон. 3. “қулоқ”лаштириш даври. 4. 30-йиллардаги қатағон. 5. 40-50-йиллардаги қатағон. 6. 80-йиллардаги қатағон. 7. Мустақиллик йилларида қатағонларни хотирлаш ва эъзозлаш. Ҳар бир бўлимда шу даврга оид ҳужжатлар, маҳфий қоғозлар, расмлар, давр лавҳалари ва экспонатлар бор.

10. "Афросиёб" Самарқанд шаҳар тарихи музейи

alt

Самарқанд шаҳар тарихи музейи 1970 йилда ташкил этилган. Музей Афросиёб шаҳарчасида – Самарқанднинг қадимий, мўғиллар истилосигача бўлган қисмида жойлашган.

Музей экспозиция залларида милоддан аввалги биринчи минг йилликнинг ўрталаридан XIII асрнинг бошларигача бўлган шаҳар тарихини ёритувчи экспонатлар намойиш этилган. Самарқанд икки минг йил давомида (Сўғд ёки Сўғдиёнанинг) марказий шаҳри бўлиб, музейда намойиш этилаётган экспонатлар Самарқанднинг юқори даражадаги маданий, сиёсий, диний ва ишлаб чиқаришдаги ҳаётини яққол ёритади.

Музейда Самарқанднинг моддий маданиятини ёритувчи сопол, шиша, тош, метал, суяк, корапиластика ва меъморий нақшлардан иборат бой тўпламлар сақланади. Булар қарийб 20 мингдан ортиқ осори-атиқаларни ташкил қилади. Бу экспонатларнинг асосий қисми музейнинг 11 та залидан иборат экспозицияларида намойиш этилиб, қолган ёрдамчи материаллар музей фондларида сақланмоқда.

Самарқанд шаҳрининг 2750 йиллик юбилейи муносабати билан музейнинг иккинчи қават экспозиция заллари тўлиқ қайта ишга туширилди.

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *