Ҳафтанинг энг муҳим воқеалари

апр 09 / 2016

UZ24 ўтган ҳафтанинг муҳим ва оммабоп воқеалари билан таништиришда давом этади.

alt

Ravon автомобилларининг Россияга жўнатилган биринчи партияси сотиб бўлингани хабар қилинди

Савдолар расман 10 апрелдан бошланишига қарамасдан, мижозларнинг кўпчилиги дастлабки тўловни амалга ошириб бўлди. R2 билан бирга Равон маркаси россиялик харидорларга Matiz ва Gentraни ҳам таклиф қилмоқда. Улар қаторига яқинда Nexia ҳам қўшилади.

Ҳозирда Ўзбекистондан иккинчи партия автомобиллар жўнатиш учун ҳозирланмоқда.

Бухорода қуёш электростанцияси ишга туширилди

Қуёш энергиясини ишлаб чиқариш бўйича энг замонавий ечимлар ва технологияларнинг қўлланилиши натижасида электростанциянинг жами қуввати кундузги пайтда 5000 кВт, тунги вақтда 1000 кВт гача етказилди.

Мутахассисларнинг баҳолашича, ишга туширилган янги станциянинг МДҲ мамлакатлари орасида ўхшаши йўқ. 

“ERIELL” ҳамда “ENESOL” компаниялари томонидан қурилган станция марказлашган электр таъминоти тармоқларидан олисдаги ишлаб чиқариш объектлари ва қурилиш инфратузилмасини энергия билан узлуксиз таъминлаб туриш мақсадида ишлаб чиқилган.

Ургут тумани яқинида ерости силкинишлари кузатилди

5 апрел куни маҳаллий вақт билан соат 17:12 да Ўзбекистоннинг айрим ҳудудларида зилзила қайд этилди.

Зилзила маркази Ўзбекистоннинг шарқий ҳудудида 10 километр чуқурликда, Самарқанддан 46 километр, Ургутдан 21 километр узоқликда жойлашган. Магнитудаси 5 баллни ташкил этгани хабар қилинди. 

Фанлар академияси академиги Абдулаҳад Муҳаммаджонов вафот этди

Тарих ва археология фанлари соҳасидаги йирик олим, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси академиги Абдулаҳад Муҳаммаджонов 85 ёшида вафот этди.

А.Муҳаммаджонов 1931 йилда Тошкент шаҳрида туғилди. 1951 йили Ўрта Осиё давлат университетини (ҳозирги Ўзбекистон Миллий университети) тугатиб, Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти (ҳозирги Шарқ қўлёзмалари маркази) аспирантурасида таҳсил олди. 1955 йилда номзодлик, 1977 йилда докторлик диссертациясини ҳимоя қилди. 1989 йилда Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг аъзоси этиб сайланди.

98,9 фоиз респондентлар фикри: "Пластик карточка қулай, хавфсиз ва ишончли тўлов воситаси" - Ижтимоий сўров

“Ижтимоий фикр” жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази томонидан ўтказилган сўров жараёнида одамларнинг пластик карточкага бўлган муносабатини ўрганилди. Натижаларга кўра, респондентларнинг 98,9 фоизи “Пластик карточка — жуда қулай, хавфсиз ва ишончли тўлов воситаси”, деган фикрда эканлиги аён бўлди.

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Бахтиёр Қосимов 63 ёшида оламдан ўтди

“Таҳдид”, “Зарб”, “Гумроҳлар”, “Ҳаётда...” каби фильмлардаги роллари билан томошабинларга яхши таниш бўлган актёр, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Бахтиёр Қосимов 63 ёшида оламдан ўтди. Маълумотларга қараганда, актёр саратон касали билан оғриган.

Абдулазиз Комилов Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров билан учрашди.

8 апрел куни Москва шаҳрида МДҲ Ташқи ишлар вазирлари Кенгашининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Унда иштирок этаётган Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров билан учрашди.

Бўлиб ўтган суҳбат давомида томонлар икки давлат ташқи сиёсат идоралари раҳбарлари олий даражадаги Ўзбекистон-Россия учрашувларига тайёргарликнинг боришини ҳам муҳокама қилишди.

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *