Февраль ойида нашрдан чиққан янги китоблар

фев 22 / 2016

2016 йил февраль ойида республикамиздаги нашриётларда бир неча янги китоблар чоп этилди. Қуйида ана шу янги китоблар билан танишасиз.

"Ўзбек халқ қўшиқлари" тўплами

alt

"Ўзбекистон" нашриёт-матбаа ижодий уйида Гулжаҳон Мардонованинг "Ўзбек халқ қўшиқлари" тўплами нашр этилди.

Ушбу китобга маданиятимизнинг энг гўзал қирраларидан бири бўлган халқ қўшиқлари киритилган. Булар аллалар (оналар алласи, бувилар алласи), болаларга эркалама айтимлар, ёр-ёрлар, келин саломлар, халқ қўшиқ-ўланлари, чой байтлари, рамазон қўшиқлари ва айтимлардан иборатдир.

Тўпламга киритилган қўшиқларни этнограф, фолклоршунос журналист Гулжаҳон Мардонова тартибга келтирган. Китобнинг яна бир аҳамиятли томони шундаки, унда бутун Республикамиз ҳудудини қамраб олган ва ноёблиги билан янада қимматли бўлган қўшиқлар жамланган. Мазкур маънавий хазина шу соҳада илмий изланишлар олиб бораётган тадқиқотчилар, мактаб, академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари ўқитувчилари, маънавият тарғиботчилари, маҳалла маслаҳатчилари, хотин-қизлар кенгаши фаоллари, фолклор-этнографик ансамбллар жамоаси ва кенг китобхонлар оммасига мўлжалланган.

"Минг бир кеча'

alt

“Ўзбекистон” нашриёт-матбаа ижод уйи томонидан “Минг бир кеча” китоби қайта нашр этилди.

Араб халқ эртаклари жамланган мазкур асар дунёнинг кўплаб тилларига таржима қилинган. Унинг ёзилиш услуби диққатга сазовор. Эртаклар асосан насрда ёзилиб, шеърий парчалар билан бойитилган.

Қайта нашрга тайёрланган мазкур китоб саккиз жилддан иборат бўлиб, беш минг нусхада чоп этилган. Асарнинг насрда ёзилган қисмлари С.Муталлибов, А.Расулов, У.Каримов, Ю.Ҳакимжонов, А.Ирисов, шеърий мисралар эса С.Абдулла, Ш.Шомуҳамедов томонидан таржима қилинган. Китобдаги расм ва безаклар рассом-дизайнер Беҳзод Зуфаров томонидан ишланган.

“Ўзбек исмлари изоҳи”

alt

Ғафур Ғулом номидаги нашриёт-матбаа ижодий уйи босмахонасида “Ўзбекистон миллий энциклопедияси” давлат илмий нашриёти буюртмасига кўра “Ўзбек исмлари изоҳи” номли китоб нашрдан чиқди.

Ушбу филология фанлари доктори, профессор Эрнст Бегматов қаламига мансуб китобда 14 600 га яқин ўзбек исмлари жамланган бўлиб, уларнинг маъноси изоҳлаб берилган. Ота-онада чақалоқлари учун китобда берилган исмлардан ўзларига ёққанини қандай маъно англатишини билган ҳолда танлаб қўйишлари мумкин.

Китоб ҳар бир оилага керакли ва расмий идораларда фойдаланиш учун зарур қўлланмадир.

“Усулуш Шоший” ва “Тиловат одоблари”

alt

Ғафур Ғулом номидаги нашриёт-матбаа ижодий уйи босмахонасида “Мовароуннаҳр” нашриёти буюртмасига кўра Низомуддин Шоший қаламига мансуб “Усулуш Шоший” ва Жалоллидин Ҳамроқуловнинг “Тиловат одоблари” номли китоблари нашрдан чиқди.

Ҳанафий усулул фиқҳи бўйича ёзилган “Усулуш Шоший” китоби орадан бир неча аср ўтишига қарамай, ҳануз тадқиқотчилар эътиборини ўзига жалб қилиб келмоқда.

“Тиловат одоблари” китобида Каломуллоҳни тиловат қилиш ва ёд олиш одоблари зикр қилинган. Албатта, бу одобларнинг асоси Қуръони карим ва ҳадиси шарифлардир. Асарда қорилар одоби, тиловат одоблари билан бир қаторда Қуръон ёд олишни осонлаштирувчи баъзи омил ва қоидалар ҳам баён этилган.

alt

  • Мехмон
    13 апрел 2017, 16:27

    Саид Ахмад асарлари

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *