Япония Бош вазирининг рафиқаси Ўзбекистонга ташрифини якунлади

авг 05 / 2016

alt

Акиэ Абэ 4 август куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг рафиқаси Татьяна Каримова ҳамроҳлигида Ўзбекистон Амалий санъат музейига ташриф буюрди.

Акиэ Абэнинг ушбу ташрифи Япония Бош вазири Шиндзо Абэнинг мамлакатимизга расмий ташрифининг мантиқий давоми бўлди. Ташриф мамлакатларимиз ўртасидаги маданий алоқаларни янада мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этади.

Акиэ Абэга миллий либослар ва чолғу асбоблари, каштачилик, зардўзлик, заргарлик, ўймакорлик, кандакорлик ва кулолчилик асарлари, улардаги безак ва нақшларнинг маънолари ҳақида маълумот берилди. Кашта ва гилам тўқиш, металлга нақш солиш жараёни жонли тарзда кўрсатилиб, мумтоз куйларимиздан намуналар ижро этилди.

Миллий ҳунармандлик ва халқ амалий санъати намуналари меҳмонда катта таассурот қолдирди. Акиэ Абэ мамлакатимизда Президент Ислом Каримов раҳнамолигида тарихни ўрганиш, миллий қадриятларни тиклаш, ёшларни тарихий хотира ва миллий ифтихор асосида тарбиялаш борасида амалга оширилаётган ишларни юксак баҳолади. Ўзбекистон халқ ҳунармандлиги буюмлари гўзаллиги ва бежиримлиги билан яққол ажралиб туришини таъкидлади.

Акиэ Абэ япон ҳарбийлари мангу қўним топган масканни зиёрат қилди. Меҳмон ватандошлари хотирасига бунёд этилган ёдгорлик пойига гулчамбар қўйди. Бу жой обод масканга айлантирилгани, юртдошларининг хотираси абадийлаштирилгани учун Президентимизга миннатдорлик билдирди.

Куннинг иккинчи ярмида Татьяна Каримова ва Акиэ Абэ Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон давлат академик Катта театрига ташриф буюрдилар.

Мазкур театр қурилишида Иккинчи жаҳон уруши йилларида тақдир тақозоси билан юртимизга келиб қолган японияликлар ҳам қатнашган. Яқинда театр биноси реконструкция қилиниб, замонавий техник воситалар билан жиҳозланди.

Татьяна Каримова ва Акиэ Абэ айни кунларда мамлакатимизда ижодий сафарда бўлиб турган Япониянинг ¢€œДрам Тао¢€ жамоасининг концертини томоша қилдилар.

Шунинг билан Япония Бош вазирининг рафиқаси Акиэ Абэнинг мамлакатимизга ташрифи ниҳоясига етди.

Тошкент халқаро аэропортида Акиэ Абэни Ўзбекистон Республикаси Президентининг рафиқаси Татьяна Каримова кузатиб қўйди.

ЎзА

UZ24: Хабар ва янгиликларни Telegram каналида ҳам кузатиб боринг. Каналга ўтиш:  https://telegram.me/uz24news_uz

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *