Қозоғистон Президенти Нурсултон Назарбоевнинг мамлакатимизга ташрифи ниҳоясига етди

апр 15 / 2016

alt


Ташрифнинг асосий тадбирлари 15 апрель куни Кўксаройда бўлиб ўтди.

Ислом Каримов ва Нурсултон Назарбоев музокаралар чоғида Ўзбекистон ва Қозоғистоннинг турли соҳалардаги ҳамкорлигининг бугунги ҳолати ва уни ривожлантириш истиқболларини муҳокама қилдилар, минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик долзарб масалалар юзасидан фикр алмашдилар.

Президентимиз Қозоғистон Президентини юртимизга ушбу ташрифи билан қутлаб, бу олий даражадаги мулоқотларнинг изчил давоми эканини таъкидлади.

– Сизни Ўзбекистонда кўришдан ҳар доим хурсандмиз. Ўзбек ва қозоқ халқлари азалдан яхши қўшни, дўст бўлиб яшаб келган. Бугун мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорлик ана шу тамойиллар асосида ривожланмоқда. Халқаро вазият тез ўзгариб, тобора мураккаблашиб бораётган ҳозирги кунда бундай дўстлик, ўзаро англашув янада муҳим аҳамият касб этмоқда. Ушбу ташрифингиз томонларни қизиқтирган масалаларни муҳокама этиш учун қулай имкониятдир, – деди Ислом Каримов.

Қозоғистон Президенти Ўзбекистон Президентига таклиф учун миннатдорлик билдириб, мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорлик барча соҳаларда изчил ривожланаётганини қайд этди.

– Тўғри таъкидлаганингиздек, халқларимиз асрлар давомида ёнма-ён, тинч-тотув ҳаёт кечириб келмоқда. Мустақиллик йилларида биз бу муносабатларни янада мустаҳкамладик. Марказий Осиёнинг етакчи давлатлари бўлган мамлакатларимиз ҳамкорлиги бутун минтақа учун муҳим аҳамият касб этади. Ўзаро муносабатларимизни янада мустаҳкамлаш ва изчил давом эттиришдан манфаатдормиз, – деди Нурсултон Назарбоев.
Музокарада савдо-иқтисодий, сармоявий ва маданий ҳамкорликни янада ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.

Қозоғистон мамлакатимизнинг савдо-иқтисодий соҳадаги муҳим шерикларидан биридир. Ўзбекистон Қозоғистонга мева-сабзавотлар, транспорт воситалари, минерал ўғитлар, қурилиш материаллари ва бошқа маҳсулотлар, турли хизматлар экспорт қилади. Қозоғистондан юртимизга қора ва рангли металлар, ёғ-мой маҳсулотлари келтирилади.

Мамлакатларимиз ўртасидаги ўзаро товар айирбошлаш ҳажми изчил ўсиб бормоқда. 2015 йил якунларига кўра, бу кўрсаткич 3 миллиард доллардан зиёдни ташкил қилган.

Қозоғистонда мамлакатимиз ишбилармонлари иштирокида ташкил этилган 151 корхона фаолият юритмоқда. Юртимизда Қозоғистон капитали иштирокида 206 корхона, шу жумладан, 171 қўшма корхона очилган.

Учрашувда ижтимоий соҳадаги алоқаларни кенгайтириш масалаларига ҳам эътибор қаратилди.

Шу билан Қозоғистон Президенти Нурсултон Назарбоевнинг мамлакатимизга амалий ташрифи ниҳоясига етди.

ЎзА

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *