Соғлиқни сақлаш соҳасида янги лавозим жорий этилди

фев 06 / 2019

alt

Соғлиқни сақлаш тизими ислоҳотларига илғор хорижий тажрибани жорий этишга доир ташкилий чора-тадбирлар тўғрисидаги Президент қарори қабул қилинди, деб хабар қилмоқда “Ҳуқуқий ахборот” канали.

Қарор билан соғлиқни сақлаш соҳасига илғор хорижий тажрибани жорий этиш бўйича таклифлар тайёрлаш ва ислоҳотларни эксперт жиҳатдан қўллаб-қувватлаш бўйича Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари лавозими жорий этилди.

Вазир ўринбосари, жумладан, қуйидагилар учун масъул ҳисобланади:

– халқаро стандартлар ва Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг тавсияларини имплементация қилган ҳолда соғлиқни сақлаш соҳасини комплекс ҳуқуқий тартибга солиш;

– соғлиқни сақлашни молиялаштириш ва ташкил этиш тизимини такомиллаштириш;

– мажбурий тиббий суғуртани жорий этиш;

– давлат-хусусий шериклик ва тиббий туризмдан фойдаланишнинг энг яхши амалиётларини татбиқ қилиш;

– соҳага инвестицияларни кенг жалб этиш учун қулай шарт-шароитлар яратиш ва рақобат муҳитини яхшилаш;

– “электрон соғлиқни сақлаш” тизимларини кенг жорий этиш.

Мазкур лавозимга соғлиқни сақлаш соҳасидаги юқори малакали хорижий мутахассис жалб этилади ҳамда у Президент томонидан тайинланади.

Шунингдек, соғлиқни сақлаш вазирининг мазкур ўринбосари бир вақтда Бош вазирнинг ижтимоий ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари маслаҳатчиси ҳисобланади.

UZ24: Хабар ва янгиликларни FacebookTwitterTelegram'да ҳам кузатиб боринг

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *