ШҲТ Ишбилармонлар кенгаши бошқарувининг мажлиси ўтказилди

июн 23 / 2016

alt

Унда ШҲТ Бош котиби Р.Алимов, ШҲТ Ишбилармонлар кенгаши Ижрочи котиби С.Канавский, шунингдек, ШҲТ Ишбилармонлар кенгаши миллий қисмлари раислари Ўзбекистон Республикасидан А.Шайхов, Қозоғистон Республикасидан Р.Баталов, Қирғизистон Республикасидан М.Шаршекеев, Хитой Халқ Республикасидан Х.Мэйцин, Россия Федерациясидан С.Катирин ва Тожикистон Республикасидан С.Шариф иштирок этди.

Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Ишбилармонлар кенгаши 2006 йилнинг 14 июнида таъсис этилган бўлиб, иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш, ишбилармон ва молиявий доиралар ўртасида тўғридан-тўғри алоқаларни йўлга қўйиш, кўп томонлама лойиҳаларни амалга оширишга кўмаклашиш мақсадида ШҲТга аъзо давлатларнинг бизнес ҳамжамиятлари вакилларини бирлаштирган нодавлат тузилмадир.

Ўзбекистон савдо-иқтисодий алоқаларни янада ривожлантириш, ШҲТ мамлакатлари бозорларига харидоргир саноат маҳсулотларини ўзаро етказиб беришни кенгайтириш, савдо муносабатларини рағбатлантириш бўйича қулай шароитлар яратиш ва бу борада бошқа тадбирларни амалга ошириш тарафдоридир. Шунингдек, ШҲТ давлатлари ўртасида инвестициявий ҳамкорлик тубдан ривожлантирилишига, муҳим тармоқларда ўзаро манфаатли лойиҳа ва дастурлар амалга оширилишига ишонади.

Мажлисда ШҲТ Ишбилармонлар кенгаши фаолиятини ривожлантириш истиқболлари, хусусан, минтақа давлатларининг иқтисодий салоҳиятини юксалтиришга қаратилган қўшма лойиҳаларни амалга ошириш орқали яқин истиқболда ўзаро ҳамкорликни янада кенгайтиришнинг устувор йўналишлари муҳокама этилди. Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, хорижий инвестицияларни жалб этиш, транспорт ва логистика, инновациялар, ахборот-коммуникация технологиялари, кўргазма-ярмаркалар фаолияти, қишлоқ хўжалиги, туризм ва бошқа турли соҳалардаги ҳамкорлик масалалари кўриб чиқилди.

Савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликнинг янада ривожланишига кўмаклашиш учун қўшма тадбирлар ташкил этиш, бизнес вакилларининг ШҲТ давлатларида ўтказиладиган йирик халқаро форумлар, кўргазма ва ярмаркаларда мунтазам иштирок этишини таъминлаш муҳимлиги қайд этилди.

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *