Шавкат Мирзиёев: Биз Алишер Усмоновдек ватандошларимиз билан ғурурланишимиз керак (видео)

мар 04 / 2019

alt

Россиялик миллиардер, USM Holdings асосчиси Алишер Усмонов «Обод қишлоқ» ва «Обод маҳалла» дастурлари учун 50 миллион доллар хайрия қилди. Президент бу ҳақда Наманганда бўлиб ўтган фаоллар йиғилишида маълум қилгани ҳақида аввалроқ хабар берилган эди. Куни кеча эса "Ўзбекистон 24" телеканали орқали бу ҳақда лавҳа берилди, деб ёзмоқда “Дарё”.

“Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари бўйича Алишер Усмонов менга бир таклиф қилдиларки, “Агар сиз рухсат берсангиз, ўртоқ Президент, 50 миллион долларни “Обод қишлоқ” бўйича Наманган вилоятига берсам, сиз шуни қандай қабул қиласиз?”. Мен айтдимки, бу пулларни ҳар бир туманга 20—25 миллиард сўмдан биз тарқатмоқчимиз. Бу пуллар, очиғини айтсам, Тошкентга тушди. Бу ваъда эмас, нақд пулни юборди”, — деб айтган Шавкат Мирзиёев.

Президент ноёб лойиҳа сифатида Наманган шаҳрида Алишер Усмонов номи билан халқаро бизнес-марказ ва бизнес-мактаб очишни таклиф қилди.

“Биз бунақа ватандошларимиз билан ғурурланишимиз керак. Тадбиркорлик деяпмиз. Ҳамма ҳам тадбиркор бўлавермайди. Ўқитиш керак, сир-асрорини ўргатиш керак. Наманганда туғилиб, дунёга таниқли тадбиркор бўлиш — бу Наманган ҳавоси, Наманган суви, Наманган халқининг катта эҳтироми ва меҳнатининг натижаси бўлса керак. Наманган ёшларини тарбия қилсангиз, Наманган халқига бутун умр замин ва эсдалик бўлади”, — дея таъкидлаган Ўзбекистон Президенти

Давлат раҳбари, шунингдек, тоғли Нанай қишлоғида санатор-соғломлаштириш мажмуаси қуриш қарори берилганини ҳам маълум қилган. Нанайда рекреацион зона ташкил этиш ҳақида Президент 2018 йил май ойида Наманганга ташриф буюрганида ҳам гапирган эди.

UZ24: Хабар ва янгиликларни FacebookTwitterTelegram'да ҳам кузатиб боринг

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *