Шавкат Мирзиёев Тошкентнинг еттита тумани солиқ инспекциялари раҳбарларини ишдан олди

апр 05 / 2019

alt

Биринчи чоракда Ўзбекистон бўйича бюджет тушумлари тўлиқ ҳамда ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 2 баробар кўп бажарилган. Чорак якуни бўйича маҳаллий бюджет даромадлари режага нисбатан 1 триллион 253 миллиард сўм ортиғи билан бажарилиб, ҳудудлар ихтиёрида ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 1,5 баробар кўп маблағ қолган. Бу ҳақда Шавкат Мирзиёев раислигида 4 апрель куни 2019 йилнинг биринчи чораги якунлари бўйича Давлат бюджетига тушумлар ва экспорт прогнозлари ижроси натижадорлиги ҳамда биринчи ярим йиллик учун белгиланган кўрсаткичларнинг сўзсиз бажарилишини таъминлаш юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида маълум қилинди.
 
Қайд этилишича, бюджетга тушумлар прогнози 9 туман ва шаҳарда бажарилмаган. Айниқса, Тошкент шаҳрининг ўн битта туманидан еттитасида тушумлар прогнози бажарилмаган. Ушбу туманлар солиқ инспекциялари раҳбарлари лавозимларидан озод этилди.
 
Шаҳар ҳокимлиги ва солиқ идоралари раҳбарлари томонидан бюджетга тушумларни таъминлашда сусткашликка йўл қўйилганлиги қаттиқ танқид остига олинди. Бундай ҳолатлар вилоятларда ҳам қайд этилган.
 
Видеоселектор йиғилишида раҳбарларга қуйидаги топшириқлар берилди:
 
– Давлат солиқ қўмитасига маҳаллий бюджетга тушумлар прогнози бажарилмаган қатор туман ва шаҳар солиқ идоралари раҳбарларининг лавозимига лойиқлигини танқидий кўриб чиқиш;
 
– Бир ой муддатда халқаро экспертлар билан биргаликда Вазирлар Маҳкамаси ва Давлат солиқ қўмитасига Ўзбекистонда солиқ ислоҳотларини амалга оширишда вужудга келаётган муаммоларни бартараф этиш бўйича қарор лойиҳасини ишлаб чиқиш;
 
– Савдо-саноат палатаси, Бизнес-омбудсманга ҳокимликлар билан биргаликда фаолиятини тўхтатган тадбиркорлар билан учрашувлар ўтказиш ва фаолиятини тиклашда уларга кўмаклашиш.
 
Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, юқорида кўрсатилган муаммолар ўз вақтида бартараф қилинса, йил охирига қадар бюджетга қўшимча камида 6 триллион сўм тушишини таъминлаш мумкин.
 
Жумладан, жорий йилнинг иккинчи чорагида Бухоро, Навоий, Тошкент вилоятлари ва Тошкент шаҳрида 200 миллиард сўмдан, Қашқадарёда 170 миллиард сўм, Андижонда 140 миллиард сўм, Қорақалпоғистонда 130 миллиард, Фарғонада 100 миллиард, Самарқанд ва Наманганда 80 миллиард сўмдан, Жиззах, Сурхондарё, Сирдарё ва Хоразмда 60 миллиард сўмдан, жами қарийб 2 триллион сўм бюджетга қўшимча маблағ тушириш имконияти мавжуд.
 
Йиғилишда иккинчи чоракда ўтган чоракка нисбатан 1,1 миллиард долларга кўп экспортни амалга ошириш вазифаси турганлиги қайд этилди. Жумладан, апрель-июнь ойларида ҳокимликлар биринчи чоракка нисбатан 3 баробар кўп мева-сабзавот маҳсулотлари экспортини таъминлаши зарур. Давлат раҳбари айрим соҳа ва тармоқ мутасаддилари ва ҳудудлар раҳбарларини бу борада мавжуд имкониятлар тўлиқ ишга солинмаётгани учун кескин танқид қилди. 
 
Хабар ва янгиликларни ОдноклассникиFacebookTwitterTelegram'да ҳам кузатиб боринг
 

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *