Шавкат Мирзиёев Тўполанг гидроэлектр станциясини бориб кўрди

апр 30 / 2019

alt

Шавкат Мирзиёев 30 апрель куни Сариосиё туманидаги Тўполанг гидроэлектр станциясини бориб кўрди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар қилди.

Мамлакатимизда гидроэнергетикани ривожлантириш учун табиий шароитга эга жойлар кўп. Бу имкониятдан самарали фойдаланиб, энергия ишлаб чиқаришни кўпайтириш иқтисодиётимизнинг энг муҳим йўналишларидан бирига айланди. 

alt

Тўполанг гидроэлектр станциясида ҳар бири 15 мегаватт бўлган иккита агрегат ишлаб турган эди. Президентимиз топшириғига мувофиқ, аввалига Тўполанг сув омбори тўғони 20 метрга кўтарилди. Натижада унинг сиғими 380 миллион куб метрдан 500 миллионга етказилди. Айни пайтда жами қуввати 145 мегаваттли яна иккита агрегат ўрнатиш бўйича иш олиб борилмоқда. 

alt

Бундан ташқари, ҳар бири қарийб 38 мегаватт бўлган Зарчоб-1 ва Зарчоб-2 кичик гидроэлектр станциялари ҳам барпо этиляпти. Шу тариқа энергия олиш қуввати жами 250 мегаваттга етказилади.

alt

Давлатимиз раҳбари янги тўғон ва гидроэлектр станцияни кўздан кечирди.

- Бу тарихий воқеа, - деди Шавкат Мирзиёев. -  Бу ишлар  келажак учун, болаларимиз учун. Келгусида Сурхондарё гидро энергия ҳисобидан бемалол иқтисодиётини таъминласа бўлади.

alt

Шу ерда сув омборлари ва гидроэлектр станциялари ҳолатини мониторинг қилишга ихтисослашган техник тизимлар тақдимоти ҳам ўтказилди.

Президент сув омборлари тўғонларини мустаҳкамлаш ва доимий назорат қилиш, хавфсизлигини таъминлаш, илмий ишланмалар асосида улардан фойдаланиш коэффицентини ошириш бўйича кўрсатмалар берди.

alt

Хабар ва янгиликларни ОдноклассникиFacebookTwitterTelegram'да ҳам кузатиб боринг

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *