Шавкат Мирзиёев Форишда атом электр станциясини қуриш учун тадқиқотлар олиб борилаётган майдонни кўздан кечирди

янв 30 / 2019

alt

Шавкат Мирзиёев 30 январь куни Жиззах вилояти Фориш туманига ташриф буюриб, атом электр станциясини қуриш учун муҳандислик тадқиқотлари олиб борилаётган майдонлардан бирини кўздан кечирди. Бу ҳақда давлат раҳбарининг матбуот хизмати хабар беради.

Президент тадқиқот ишларининг бориши билан қизиқди, «Ўзатом» агентлиги ва «Росатом» корпорацияси раҳбарлари билан суҳбатлашди.

- Бу улкан лойиҳа Россия билан стратегик шериклигимизнинг янги йўналиши. Мамлакатимиз саноати ривожланяпти, аҳоли сони ўсяпти. Ҳали олдинда яна катта режаларимиз бор. Булар учун барқарор энергия таъминоти керак. Атом электр станцияси энергия манбалари чекланган шароитда ана шундай имконият яратади, иқтисодиётни ривожлантиришга, одамларни иш билан таъминлашга хизмат қилади, деди давлат раҳбари. 

Атом электр станциясини аниқ ҳисоб-китоб ва пухта тайёргарлик билан қуриш, хориждаги станциялар қурилишидаги тажрибани ўрганиш зарурлиги таъкидланди. 

- Бизнинг атом станциямиз бошқалардан ҳам яхши, сифатли ва хавфсиз бўлиши керак, - деди Шавкат Мирзиёев. 

Ушбу соҳага ихтисослашган кадрлар тайёрлаш борасидаги ишлар ҳақида ҳам маълумот берилди. Ҳозирда 30 нафар ўзбекистонлик талаба “Москва муҳандислик-физика институти” миллий тадқиқот ядровий университетида таълим олмоқда. Мазкур билим юртининг Тошкентда ташкил этилаётган филиали келгуси ўқув йилидан илк талабаларни қабул қилади. Бу ёшлар юқори малакали мутахассис бўлиб етишади ва атом электр станциясининг хавфсиз ишлашини таъминлайди.

UZ24: Хабар ва янгиликларни FacebookTwitterTelegram'да ҳам кузатиб боринг

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *