Сенаторлар Ўзбекистонда тўйларни тартибга солувчи қарорни қабул қилди

сен 14 / 2019

alt

Бугун, 14 сентябрь куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг йигирма иккинчи ялпи мажлиси бўлиб ўтди. 

Сенат ахборот хизмати маълум қилишича, ялпи мажлисда сенаторлар “Тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар, марҳумларнинг хотирасига бағишланган тадбирлар ўтказилишини тартибга солиш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Кенгашининг ва Олий Мажлис Сенати Кенгашининг Қўшма қарорини тасдиқлаш ҳақидаги масалани кўриб чиқди.

Қарорга мувофиқ, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларида, шунингдек, фуқаролар йиғинларида оилавий тадбирлар ўтказилишини тартибга солиш масалалари бўйича комиссиялар тузилди, кўплаб тушунтириш ва тарғибот тадбирлари ўтказилди.

Бироқ ўрганишлар таҳлили, шунингдек, аҳоли билан бевосита ўтказилган мулоқотлар, жамоатчилик вакилларидан келиб тушган мурожаатлар ушбу соҳада бир қатор жиддий муаммо ва камчиликлар ҳамон сақланиб қолаётганлигини кўрсатди. Хусусан, айрим фуқаролар дабдабали тўй маросимларига катта маблағ сарфланиши туфайли қарзга ботмоқда ва қарзни узиш учун чет элга ишлаш учун чиқиб кетмоқда.

Баъзи фуқаролар оилавий тадбирларни дабдаба билан ўтказишни қўшнилар, қариндошлар танқидидан, умуман олганда, жамоатчиликнинг босимидан халос бўлиш воситаси сифатида тушунмоқда. Ваҳоланки, бундай тадбирлар яқин қариндошлар ўртасида зиддиятлар пайдо бўлишига олиб келмоқда.

Сенаторлар кенг жамоатчиликнинг фикр-мулоҳазалари ва хоҳиш-истакларидан келиб чиқиб, бундай ҳолатларга барҳам бериш, аҳоли, айниқса, ёшларда бу масаланинг моҳияти ва аҳамияти ҳақида тўғри тушунча ҳосил қилиш мақсадида қатъий чоралар кўриш муҳим эканлигини таъкидлади. Муҳокама якунлари бўйича Олий Мажлис Сенатининг тегишли қарори қабул қилинди.

Аввалроқ Олий Мажлис Сенати аъзоси, Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши раиси ўринбосари Мақсуда Ворисова Ўзбекистонда тўй ва бошқа маросимларда ортиқча сарф-харажатларга йўл қўймаслик, исрофгарчиликнинг олдини олиш, сохта обрў қозониш мақсадида, бир кунда ортиқча маросимлар, дабдабали тўйларга барҳам бериш, тўй ва маросимларнинг аниқ меъёрини белгилаш ҳақида Сенат томонидан қарор қабул қилиниши лозимлигини, никоҳланувчилар ўртасида «Никоҳ шартномаси», тўй қилувчи иккала тараф ўртасида «Тўй шартномаси» тузилиши кераклигини айтган эди.

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *