Самарқандда "Ҳиндистон – Марказий Осиё" мулоқоти ташқи ишлар вазирларининг биринчи учрашуви бўлиб ўтди

янв 14 / 2019

alt

12-13 январ кунлари Самарқанд шаҳрида Афғонистон иштирокидаги “Ҳиндистон – Марказий Осиё” мулоқоти ташқи ишлар вазирларининг биринчи учрашуви бўлиб ўтди.

Самарқанд Форумлар саройида бўлиб ўтган учрашувда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов ва Ҳиндистон Ташқи ишлар вазири Сушма Свараж раислик қилди.

Ялпи сессияда Қирғизистон, Қозоғистон, Тожикистон, Туркманистон ташқи сиёсат идоралари раҳбарлари Чингиз Айдарбеков, Бейбут Атамқулов, Сироджиддин Муҳриддин, Рашид Мередов икки ва кўп томонлама шаклларда Ҳиндистон ва Марказий Осиё мамлакатлари ўртасидаги дўстона ва ўзаро манфаатли муносабатларни кенгайтиришга қаратилган кенг кўламли масалаларни муҳокама қилишди.

Тадбирда ўзаро савдо ўсишига кўмаклашиш чоралари, минтақа мамлакатлари иқтисодиётига сармоя, инновация, технологияларни жалб қилиш соҳасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш истиқболлари, Марказий Осиё давлатларининг транзит ва транспорт-коммуникация салоҳиятини ривожлантириш, туристик сафарларни ошириш, шунингдек, илм-фан, тиббиёт, таълим ва спорт соҳаларида муайян қўшма лойиҳаларни амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилди.

Делегациялар раҳбарлари нутқларида БМТ Бош Ассамблеясининг “Маърифат ва диний бағрикенглик” резолюциясини инобатга олган ҳолда ёшларга оид қўшма лойиҳаларни амалга оширишга асосий эътибор қаратилди.

Мулоқотнинг алоҳида ялпи сессиясида Афғонистон ташқи ишлар вазири Салаҳиддин Раббоний бошчилигидаги делегация иштирок этди.

“Ҳиндистон – Марказий Осиё” мулоқотининг ташқи ишлар вазирлари Афғонистоннинг нуфузли делегацияси иштирокини маъқуллади ҳамда мамлакатни минтақа ва жаҳон иқтисодий алоқалари тизимига жалб этишга хозмат қиладиган қўшма инфратузилма, транзит-транспорт, энергетика ва бошқа лойиҳаларни амалга ошириш орқали Афғонистоннинг иқтисодий тикланишига ёрдам беришга тайёр эканликларини таъкидлади.

Таъсис Саммити якунларига кўра Қўшма баёнот қабул қилиниб, унда ташқи ишлар вазирлари даражасида “Ҳиндистон – Марказий Осиё” мулоқоти жорий этилганлиги тўғрисида маълум қилинди.

Ташқи сиёсат идоралари раҳбарлари томонидан Вазир Сушма Сваражнинг навбатдаги вазирлар учрашувини 2020 йили Ҳиндистонда ўтказиш таклифи маъқулланди.

UZ24: Хабар ва янгиликларни FacebookTwitterTelegram'да ҳам кузатиб боринг

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *