Прокуратура органлари томонидан 9350 нафар тадбиркорнинг бузилган ҳуқуқлари тикланди

июл 19 / 2016

alt

Бу борада 2015 йил ва 2016 йилнинг 6 ойи давомида ўтказилган назорат тадбирлари давомида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи, назорат ва бошқа давлат органлари ходимлари томонидан содир этилган 12 мингдан ортиқ қонун бузилиши ҳолатлари аниқланиб, 1200 дан ортиқ мансабдор шахслар маъмурий ёки интизомий жавобгарликка тортилди, 250 дан ортиқ жиноят иши қўзғатилди. Бунинг натижасида 9350 нафар тадбиркорнинг бузилган ҳуқуқлари тикланди.

Бош прокуратура ташаббуси билан манфаатдор вазирлик, идоралар, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, тадбиркорлик субъектлари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирокида ташкил этилган видеоконференция мазкур соҳага доир қонунчилик ижросини янада самарали таъминлаш масаласига бағишланди.

Тадбирда қайд этилганидек, Бош прокуратурада Мурожаатларни туну кун телефон орқали қабул қилиш маркази ташкил этилган бўлиб, 34 та вазирлик ва идора билан тўғридан тўғри алоқа ўрнатилган. Мурожаатларнинг кўриб чиқилиши устидан электрон назорат тизими жорий қилинган.

Марказнинг ўтган даврдаги фаолияти давомида қабул қилинган мурожаатларнинг 64 мингдан ортиғи ҳал этилиб, натижаси бўйича 330 та ноқонуний қарорга нисбатан протестлар келтирилди, қонунбузилишлар ва уларнинг сабабларини бартараф этиш ҳақида 364 та тақдимнома ҳамда судларга 23,4 млрд. сўмни ундириш юзасидан даъво аризалар киритилди. Қонунбузилишларга йўл қўйган 886 нафар шахслар маъмурий жавобгарликка тортилди, қўпол қонунбузилиши ҳолатлари бўйича 402 та жиноят иши қўзғатилди.

Шунингдек, тадбирда айрим давлат бошқаруви, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, шунингдек назорат ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан тадбиркорлик субъектлари фаолиятига ноқонуний аралашиш, уларга тўсқинлик қилиш, ҳуқуқларини чеклаш ва давлат хизматларини кўрсатишда қонунбузилиши ҳолатларига йўл қўйилаётгани танқид остига олинди.

Бош прокуратура Матбуот хизмати

 

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *