Президент Тошкент вилоятига ташрифини Ангрен шаҳридан бошлади

июл 21 / 2017

alt

Бугун, 21 июль куни Президент Шавкат Мирзиёев Тошкент вилоятига ташриф буюриши ҳақида хабар берилганди.

ЎзА хабар қилишича, давлат раҳбари вилоятга ташрифини Ангрен шаҳридан бошлади.

Шавкат Мирзиёев шаҳардаги «Ангрен» эркин иқтисодий зонасида бўлиб, бу ерда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари, йирик инвестиция лойиҳалар ижросининг бориши билан танишди.

Улардан бири конвейер ленталари, қишлоқ хўжалиги техникаси ва автомобиль шиналари ишлаб чиқариш лойиҳасидир. Лойиҳага кўра йилига 100 минг погон метр конвейер лентаси, 200 мингта қишлоқ хўжалиги техникаси шинаси, 3 миллион дона автомобиль шинаси ишлаб чиқариш режалаштирилган.

Бу завод мамлакатимиз иқтисодиёти учун жуда муҳим аҳамиятга эга, деди Президентимиз. Бу ерда жаҳон стандартларига мос, юқори сифат ва кенг номенклатурадаги маҳсулотлар ишлаб чиқарилади. Одамлар барқарор даромад манбаига эга бўлади, ҳаётдан рози бўлиб яшайди.

Завод ишга тушгач 1 минг 200 га яқин киши иш билан таъминланади. Ёшлар замонавий технологияларни эгаллаб, малакали кадр бўлиб шаклланади. Ҳозиргача 68 мутахассис Хитойда малака ошириб қайтди.

Давлатимиз раҳбари корхона учун мутахассисларни аниқ, манзилли асосда тайёрлаш, хомашёни маҳаллийлаштириш бўйича кўрсатмалар берди. Хитойнинг "Поли текноложи" компанияси билан ҳамкорликни кенгайтириш, хусусан, янги имкониятларни кашф этиш, ишлаб чиқариш ва қайта ишлашни чуқурлаштириш бўйича "Ўзкимёсаноат" акциядорлик компанияси билан 10 йиллик стратегия ишлаб чиқиш зарурлигини таъкидлади.

Бугунги кунда заводда қурилиш-монтаж ишлари жадал давом этмоқда. Режага кўра, жорий йилнинг 1 сентябрь куни корхонада биринчи шина ишлаб чиқарилади.

Шу ерда қурилиш материаллари, автомобилсозлик, электр техникаси ва нефть-кимё маҳсулотлари ишлаб чиқариш, «Ангрен» эркин иқтисодий зонасида истиқболли лойиаҳаларни амалга ошириш, Тошкент вилоятидаги бўш турган бинолардан самарали фойдаланиш борасидаги ишлар ҳақида маълумот берилди.

Президентимиз бу лойиҳаларнинг иқтисодий самарадорлигига эътибор қаратди, хомашёси ва бозорини суриштирди. Корхоналарнинг оёққа туриб олишига кўмаклашиш, энергия сарфини камайтириш орқали маҳсулотларнинг рақобатбардошлигини ошириш, одамларни иш билан таъминлаш муҳимлигини таъкидлади.

Президентимиз хорижлик инвесторлар билан суҳбатлашди.

UZ24: Хабар ва янгиликларни Facebook ҳамда Telegram'да ҳам кузатиб боринг

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *