Президент Тошкент вилоятида саноатни ривожлантириш бўйича қўшимча вазифаларни белгилаб берди

июн 26 / 2019

Шавкат Мирзиёев раислигида 26 июнь куни ҳудудларда саноатни ривожлантириш, бўш турган бино ва ерларда янги лойиҳаларни амалга ошириш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилиши ўтказилди.
 
Жорий ой бошида давлат раҳбарининг Тошкент вилоятига ташрифи давомида 2019-2020 йилларда амалга ошириладиган 40 триллион 300 миллиард сўмлик 800 га яқин лойиҳадан иборат дастур ишлаб чиқилган эди. Шундан 300 дан зиёди саноат соҳасида.
 
Шунингдек, бу борада резервлар кўплигидан келиб чиқиб, Ҳудудлар саноатини комплекс ривожлантириш бўйича ишчи гуруҳ томонидан яна 310 та қўшимча лойиҳа шакллантирилди.
 
Йиғилишда мазкур саноат лойиҳалари тақдимоти ўтказилди. Унга кўра, июнь ойи бошида тасдиқланган Дастур билан биргаликда вилоятда 2019-2022 йилларда умумий қиймати қарийб 51 триллион сўм бўлган 636 та лойиҳани амалга ошириш режалаштирилган. 
 
Ушбу лойиҳалар доирасида 4,2 миллиард доллар тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни ўзлаштириш орқали саноат маҳсулоти ишлаб чиқариш ҳажмини қарийб 2, аҳоли даромадларини 2,1 баробар ошириш кўзда тутилган. Бу 51 мингдан ортиқ доимий иш жойи ташкил этиш имконини беради. 
 
Йиғилишда ҳар бир лойиҳа тармоқлар, шаҳар ва туманлар, тижорат банклари кесимида кўриб чиқилди. Мутасаддиларга ушбу саноат лойиҳалари бўйича режа жадвалларини тасдиқлаб, уларни ўз муддатида ишга тушириш бўйича топшириқлар берилди. 
 
Муҳим жиҳати шундаки, вилоят саноатини ривожлантириш бўйича таклиф этилган лойиҳаларнинг 60 фоизи инфратузилмаси мавжуд, лекин бўш турган объектлар ва ер майдонларига жойлаштирилди.
 
Масалан, биргина Янгийўл туманида 250 гектар ер ва 350 минг квадрат метр майдонга эга бинолар, Янгийўл шаҳрида 64 гектар ер ва 136 минг квадрат метр иншоотлар бўш тургани аниқланган. 
 
Президент бундай объектларни “қуруқ” ушлаб туриш фойда эмас, зарар келтираётгани, уларни ишга солиб, одамларга иш ўрни ва даромад манбаи яратиш кераклигини таъкидлади. 
 
Давлат активларини бошқариш агентлигига тегишли вазирлик ва хўжалик бирлашмалари билан биргаликда республика бўйича самарасиз фойдаланилаётган барча бино ва ер майдонларини хатловдан ўтказиб, бўшайдиганларини тадбиркорларга аукцион орқали сотиш, инвестиция мажбуриятлари билан “ноль” қийматда бериш ёки улар негизида кичик саноат зоналари ташкил этиш вазифаси қўйилди.
 
Хусусийлаштирилган объектларни самарали ишлатиш борасида мулк эгаларида айрим муаммолар борлиги қайд этилиб, уларни ҳал қилиш бўйича тадбиркорларга кўмаклашиш зарурлиги таъкидланди.  
 
Видеоселекторда эркин иқтисодий зоналар ва кичик саноат зоналари салоҳиятидан унумли фойдаланиш масаласи ҳам атрофлича муҳокама қилинди.
 
Хабар ва янгиликларни ОдноклассникиFacebookTwitterTelegram'да ҳам кузатиб боринг
 
 
 

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *