Президент Сузук ота мажмуасида бўлди

мая 10 / 2019

Шавкат Мирзиёев 10 май куни пойтахтимиздаги Сузук ота мажмуасига ташриф буюрди, деб хабар беради давлат раҳбарининг матбуот хизмати.
 
Президент 2017 йил 26 май куни ушбу мажмуада бўлиб, мақбара ҳамда масжидни реконструкция қилиш, атрофини ободонлаштириш бўйича топшириқлар берган эди. 2018 йил 9 февралда қурилишнинг бориши билан танишиб, мажмуа ёнида ҳунармандлар учун уй-жойлар барпо этиш зарурлигини таъкидлаганди. 
 
Бугун мақбара ва масжид қурилиб, қарийб 8 гектарлик майдон ободонлаштирилди. Мажмуага кириш биносида музей, кутубхона, маҳалла идораси ва бошқа объектлар жойлаштирилди. Мақбаранинг икки томонида ҳунармандлар учун ҳар бири 4,5 сотихли ўттизта коттеж барпо этилди.
 
Ташриф чоғида Президент ушбу бунёдкорлик ишлари билан танишди. Мақбара зиёрат этилиб, Қуръон тиловат қилинди.
 
Шу ерда диний уламолар, нуронийлар билан суҳбат бўлиб ўтди. Давлат раҳбари уларни Рамазон ойи билан яна бир бор табриклаб, янгиланган мажмуанинг шундай улуғ айём кунларда очилиши хайрли эканини таъкидлади.
 
- Бошқа давлатлар йўқ тарихини бор қилишга ҳаракат қилади. Биз буюк тарихимизни, алломаларимиз меросини халқимизга, ёшларимизга тўлиқ етказиб беролмадик, - деди Шавкат Мирзиёев. 
 
Қадамжо атрофида икки қаватли ҳунармандчилик уйлари барпо этилиб,  биринчи қавати устахона ва дўкон учун ажратилган. 
 
Президент ушбу уйларни, ёғоч қирмачилик ва хаттотлик устахоналарини кириб кўрди.
 
Хабар ва янгиликларни ОдноклассникиFacebookTwitterTelegram'да ҳам кузатиб боринг
 

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *