Президент раислигида биринчи ярим йилликдаги натижалар муҳокама қилинди

авг 15 / 2019

alt

Шавкат Мирзиёев раислигида 14 август куни мамлакатимизни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича 2019 йилнинг биринчи ярмида амалга оширилган ишларни муҳокама қилиш ҳамда 9 ой ва йил якуни бўйича белгиланган прогноз параметрларига эришишни таъминлайдиган устувор вазифаларга бағишланган кенгайтирилган йиғилиш ўтказилди.
 
Йиғилишда макроиқтисодий барқарорликни таъминлаш, ёқилғи-энергетика, қайта ишлаш саноати ва агросаноат тармоқларини модернизация қилиш, ҳудудларни комплекс ривожлантириш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, ижтимоий соҳаларни яхшилаш, аҳоли фаровонлигини ошириш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар натижалари чуқур таҳлил қилинди.
 
Бундан буён Вазирлар Маҳкамаси комплекслари раҳбарлари, вазирлар, қўмиталар ва хўжалик бирлашмалари раислари ўзларининг иш услубини тубдан ўзгартириб, кўпроқ ҳудудларга, олис қишлоқларга бориб, пастдаги муаммоларни аниқлаш ва ҳал этишда ҳокимликлар, тадбиркорлар ва жойлардаги раҳбарларга амалий ёрдам бериши зарурлиги таъкидланди.
 
Бунда, ҳар бир комплекс раҳбари ўзининг вазирлари билан бирга ҳар чоракда вилоятларга бориб, тегишли соҳалардаги мавжуд муаммоларни ҳал этиши ва натижалари бўйича вилоят халқ депутатлари кенгаши ва фаоллари олдида ҳисобот бериши керак.
 
Худди шундай, вилоятлар ҳокимлари ҳам ўз ўринбосарлари ва вилоят бошқармалари раҳбарлари билан бирга ҳар чоракда туманларга бориб, муаммоларни ҳал қилиб, туман халқ депутатлари кенгаши ва фаоллар олдида ҳисобот беради.
 
Олий Мажлис палаталари ва Вазирлар Маҳкамасига раҳбар ва ҳокимларнинг пастга тушиб ишлаши ва ҳисобот бериши бўйича янги тизимни амалда жорий қилиш масъулияти юкланди.
 
Йиғилишда макроиқтисодиёт, таркибий ўзгартиришлар, молия-банк тизими ва хусусий тадбиркорлик масалалари муҳокама қилинди. Жорий йилнинг биринчи ярмида мамлакат ялпи ички маҳсулоти 5,8 фоиз, саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 6,9 фоиз ўсгани қайд этилди. Маҳаллий бюджетлар ихтиёрида 2,6 триллион сўмдан зиёд ёки ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 1,5 баробар кўп маблағ қолдирилди. Бюджет даромадлари қарийб 51 триллион сўмни ёки прогнозга нисбатан 109 фоизни ташкил этди.
 
Йиғилишда давлат бюджетининг даромадлари ва харажатлари мутаносиб бўлишини таъминлаш, маҳаллий бюджетларга қўшимча тушумлар резервларини топиш ва сафарбар қилиш бўйича кўрсатмалар берилди. 
 
Банк тизимини тубдан ислоҳ қилиш, замонавий банк хизматларини жорий этиш ва уларнинг сифатини ошириш зарурлиги таъкидланди.
 
Давлат раҳбари нархларнинг кескин ошиб кетишининг олдини олиш масаласига алоҳида эътибор қаратди.
 
Дастлабки 6 ойда инфляция 5,6 фоизни ташкил қилиб, прогноз кўрсаткичларидан ошмаган. Лекин тарифлар ва нархлар босқичма-босқич бозор механизмларига ўтаётгани боис мутасаддиларга инфляция ўсишининг олдини олиш бўйича зарур чоралар кўриш топширилди.
 
– Охирги бир йилда ялпи ички маҳсулот таркибида саноат улуши 26 фоиздан 30 фоизга етган бўлса-да, бу биз бошлаган ислоҳотлар кўламига нисбатан ҳали етарли эмас, – деди Шавкат Мирзиёев. 
 
Биринчи ярим йилликда қарийб 86 триллион сўм, яъни ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 1,6 баробар кўп инвестициялар ўзлаштирилган. Шунингдек, тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ўзлаштирилиши 2,7 баробар, халқаро молия институтлари маблағлари жалб этилиши 3,7 баробар ўсган.
 
Алоҳида таъкидлаш жоизки, мамлакатимиз тарихида биринчи марта инвестициянинг ялпи ички маҳсулотдаги улуши 38 фоиздан ошди. Олдинги йилларда бу кўрсаткич 25 фоизга ҳам етмасди.
 
Йиғилишда электр энергияси ишлаб чиқариш ва етказиб беришда йўқотишларни камайтириш, энергия ресурслари учун ҳисоб-китоблар тизимини тартибга солиш, дебитор қарздорликни қисқартириш бўйича аниқ топшириқлар берилди. 
 
Кимё саноатида янги маҳсулотлар ишлаб чиқарадиган 4 та корхонани йил якунигача фойдаланишга топшириш, 31 та инвестиция лойиҳаси бўйича ишларни тезлаштириш муҳимлиги таъкидланди.
 
Автомобилсозлик, қишлоқ хўжалиги машинасозлиги, электротехника саноатини янада ривожлантириш, бутловчи қисмлар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириб, маҳсулотлар таннархини пасайтириш, ишлаб чиқариш ва экспорт ҳажмини ошириш бўйича қўшимча вазифалар белгилаб берилди.
 
Шундан сўнг ҳудудларни комплекс ривожлантириш ва коммуникациялар инфратузилмасини яхшилаш масалалари кўриб чиқилди. 
 
Ҳисобот даврида уй-жойлар, йўл-логистика ва ижтимоий инфратузилма объектлари қуриш бўйича кўплаб ишлар амалга оширилди. Хусусан, “Обод қишлоқ” дастури доирасида 159 тумандаги 478 та қишлоқ янгича қиёфа касб этди, уларга ичимлик суви, газ ва электр тармоқлари тортилди. Шунингдек, 3,6 минг километр автомобиль йўлларида қурилиш-таъмирлаш ишлари бажарилди.
 
Бу борадаги ишларни давом эттириб, аҳолининг уй-жойга бўлган эҳтиёжини қондириш, ижтимоий шароитларни яхшилаш масалаларига яна бир бор эътибор қаратилди.
 
Йил якунига қадар 10 мингта уй-жой ва 111 та кўп қаватли уйларни қуриб битказиш, 1 минг 200 километр ичимлик ва оқова сув тармоқларини қуриш ва реконструкция қилиш, уларнинг сифати ва нархларини алоҳида назоратга олиш зарурлиги таъкидланди.
 
Транспортда йўловчи ва юк ташиш сифатини ошириш масаласи муҳокама қилинар экан, мутасаддиларга 10 минг километрлик республика ва маҳаллий йўлларни қуриш ва таъмирлаш, халқаро юк ташишларга ихтисослашган транспорт-логистика қўшма корхоналарини тузиш, Бухоро, Қарши, Нукус ва Термиз халқаро аэропортларини “очиқ осмон” режимига ўтказиш, “Навоий қуруқлик порти”ни ташкил этиш бўйича топшириқлар берилди.
 
Қурилиш материаллари ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш, шаҳарсозлик нормалари ва лойиҳалаштириш жараёнларини такомиллаштириш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш юзасидан ҳам вазифалар белгиланди.
 
Йиғилишда ижтимоий соҳаларни янада ривожлантириш, хизматлар қамрови ва сифатини ошириш бўйича қўшимча вазифалар белгилаб берилди.
 
– Барча давлат идоралари ва корхоналарида тизимли ишлаш, қатъий тартиб-интизом, қабул қилинган қарорларни сўзсиз бажариш, тадбиркорларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва амалий ёрдам бериш ислоҳотларимизнинг натижадорлигини таъминлашда асосий омил бўлиши зарур ва шарт, – деди Президент.
 
Муҳокама қилинган масалалар бўйича Бош вазир ва унинг ўринбосарлари, вазирлик ва идоралар, хўжалик бирлашмалари, ҳудудлар раҳбарлари амалга оширилган ишлар самарадорлиги, 9 ой ва йил якуни бўйича кутилаётган натижалар, бу борадаги устувор вазифаларни бажариш юзасидан ҳисобот берди. Йиғилиш якунлари бўйича тегишли чора-тадбирлар белгиланди.
 
Хабар ва янгиликларни FacebookTwitterTelegram'да ҳам кузатиб боринг

 

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *