Президент аҳолини дори воситалари билан таъминлаш тизимига доир яна бир қарорни имзолади

июл 18 / 2017

alt

17 июль куни Президентнинг “Аҳолини дори воситалари ва тиббиёт буюмлари билан таъминлаш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори вабул қилинди. Ҳужжат матни ЎзАда эълон қилинди.

Қарорга мувофиқ 2017 йил 1 августдан бошлаб ижтимоий аҳамиятга эга дори воситалари ва тиббиёт буюмларини четдан харид қилиш фақатгина “Ўзмедэкспорт” республика ташқи иқтисодий давлат корхонаси томонидан амалга оширилади. Ушбу корхонага ижтимоий аҳамиятга эга дори воситалари ва тиббиёт буюмларини жорий йилнинг иккинчи ярмида қўшимча эҳтиёждан келиб чиқиб етказиб берилишини таъминлаш топширилди. 

Бундан ташқари, тиббиёт маҳсулотларини сертификатлаш сифатини янада ошириш мақсадида ушбу фаолиятнинг фақатгина давлат сертификатлаштириш органлари томонидан амалга оширилиши назарда тутилмоқда. 

Дорихоналар фаолиятини ташкил этиш бўйича янгидан жорий этилган талабларга асосан уларнинг дори воситалари ва тиббиёт буюмларини чакана сотиш бўйича амалдаги лицензиялари 2018 йил 1 январга қадар қайта расмийлаштирилиши шартлиги белгиланди. Бунда қайта расмийлаштириш янги лицензияловчи орган – Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан амалга оширилади. 

Ушбу мақсадларда Қорақалпоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, вилоятлар соғлиқни сақлаш бошқармалари ва Тошкент шаҳар соғлиқни сақлаш бош бошқармаси тузилмасида дори воситалари ва тиббиёт буюмларини чакана сотиш соҳасида лицензия талаблари ва шартларига риоя этилишини назорат қилиш шўъбалари ташкил этилмоқда. 

Шу билан бирга, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигига манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда: 

Ижтимоий аҳамиятга эга дори воситалари ва тиббиёт буюмларининг рўйхатини қайта кўриб чиқиш, натижаси бўйича уни мақбуллаштириш юзасидан таклифлар киритиш; 

Ижтимоий аҳамиятга эга дори воситалари ва тиббиёт буюмларига эҳтиёжни аниқлаш тартиби тўғрисидаги низомни ишлаб чиқиш; 

Ижтимоий аҳамиятга эга дори воситалари ва тиббиёт буюмларининг рўйхатига киритилган дори воситаларининг савдо номлари ва тиббиёт буюмларига белгиланган улгуржи ва чакана нархларни ўрнатиш тартибини такомиллаштириш бўйича таклиф киритиш; 

дорихоналар ва уларнинг филиалларини товар чекларини бериш бўйича асбоб-ускуна ва дастурий комплекслар билан жиҳозлаш юзасидан комплекс чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқиш, шунингдек товар чекларини бериш бўйича асбоб-ускуналар мавжуд бўлмаган ёки носоз бўлган ёхуд электр энергияси вақтинча ўчирилган ҳолларда дори воситалари ва тиббиёт буюмларини чакана сотишда фойдаланиладиган товар чеклари китобининг шаклини тасдиқлаш вазифалари юклатилди.

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг ижтимоий дорихона тармоқлари ташкил этилиб, аҳолига дори воситалари ва тиббиёт буюмларини белгиланган нархларда сотиш уларнинг асосий вазифаси этиб белгиланди.

UZ24: Хабар ва янгиликларни Facebook ҳамда Telegram'да ҳам кузатиб боринг

 

  • Мехмон
    18 июл 2017, 17:12

    Коракалпакстоннинг арка туманларигада дориларни арзонлатишни йулга куйса буларди илтимос

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *