Президент Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги ташкил этилди

фев 05 / 2019

alt

Ахборот соҳаси ва оммавий коммуникацияларни янада ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисидаги Президент Фармони қабул қилинди.
 
Фармон билан қуйидагилар ташкил этилди:
– Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги негизида Президент Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги;
– Ахборот соҳаси ва оммавий коммуникацияларни ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш жамғармаси;
– Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигининг Оммавий коммуникациялар масалалари бўйича маркази.
 
Агентликнинг асосий вазифаси, жумладан мамлакатни ижтимоий-сиёсий ва социал-иқтисодий ривожлантиришда оммавий ахборот воситаларининг ролини кучайтиришдан иборат.
 
Агентлик фонограммалар ва аудиовизуал асарларни тарқатишда муаллифлик ҳуқуқлари соҳасидаги қонунчиликка риоя қилиниши устидан давлат назоратини амалга оширади. 
 
Илгари бу назоратни Ахборотлаштириш ва телекоммуникациялар соҳасида назорат бўйича давлат инспекцияси амалга оширган.
 
Агентлик Ўзбекистон Республикасининг ахборот соҳасидаги ягона давлат сиёсатини ишлаб чиқувчи ва амалга оширувчи ҳамда оммавий ахборот воситалари, матбуот, ноширлик-матбаа ва ахборот-кутубхона фаолиятини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш бўйича ваколатли орган ҳисобланади; 
 
Агентликка Президент томонидан лавозимига тайинланадиган ва лавозимидан озод этиладиган директор раҳбарлик қилади. 
 
Агентлик директори Президент билан келишилган ҳолда Президенти Администрацияси раҳбари томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимдан озод этиладиган уч нафар ўринбосарлар, шу жумладан, бир нафар биринчи ўринбосарга эга бўлади.
 
Агентлик директори мақоми, меҳнатга ҳақ тўлаш, моддий рағбатлантириш, тиббий ва транспорт хизмати кўрсатиш шароитларига кўра Президент маслаҳатчисининг биринчи ўринбосарига, унинг ўринбосарлари эса Президент маслаҳатчисининг ўринбосарларига тенглаштирилади.
 
Агентликнинг ўз ваколатлари доирасида қабул қилган қарорлари ахборот соҳасида фаолиятни амалга оширувчи барча давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, бошқа ташкилот ва идоралар, хўжалик юритувчи субъектлар томонидан бажарилиши мажбурий ҳисобланади. 
 
UZ24: Хабар ва янгиликларни FacebookTwitterTelegram'да ҳам кузатиб боринг

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *