Россияга жосуслик қилган ўзбекистонлик сиёсатшунос Рафик Сайфулин 12 йилга қамалди

мая 28 / 2020
alt
Ўзбекистон Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институтининг собиқ директори, сиёсатшунос Рафик Сайфулин давлатга хоинлик қилганликда айбдор деб топилиб, 12 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинди. Бу ҳақда Ўзбекистон Олий суди матбуот хизмати маълум қилди.
 
Манба берган хабарга кўра, 2020 йил 25 май куни Ўзбекистон Ҳарбий судида Жиноят кодексининг 157-моддаси (Давлатга хоинлик қилиш) 1-қисми ва 248-моддаси (Қурол, ўқ-дорилар, портловчи моддалар ёки портлатиш қурилмаларига қонунга хилоф равишда эгалик қилиш) 1-қисмида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбланган Рафик Сайфулинга нисбатан жиноят ишини кўриб чиқиш бўйича суд жараёни ниҳоясига етди ва суд ҳукми эълон қилинди.
 
«Бир неча ой давомида ўтказилган ёпиқ суд мажлисида судланувчи ва гувоҳларнинг кўрсатмалари тингланиб таҳлил қилинди. Тергов органи томонидан тўпланган далилларга баҳо берилиб, судланувчининг важлари текширилди», — дейилади Олий суд хабарида.
 
Маълум қилинишича, суд судланувчи Рафик Сайфулинни юқорида кўрсатилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топиб, унга 12 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлади.
 
ОАВларнинг ёзишича, Рафик Сайфулин билан бирга Ўзбекистон Давлат хавфсизлик хизмати ва Мудофаа вазирлигининг бир неча ходими ҳам давлатга хоинлик қилганликда айбланган. Сиёсатшунос 2019 йилнинг июль ойида қўлга олинган. Рафик Сайфулин давлат сирлари ва таҳлилий материалларни Россия томонига етказганликда айбланган.
 
Рафик Сайфулин ўз фаолиятини СССР Давлат хавфсизлик қўмитасида бошлаган. Ўзбекистон мустақилликка эришгач, Сайфулин Прогнозлаштириш ва статистика давлат қўмитасида ишлаган. Кейинчалик у Ўзбекистон Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институтига раҳбарлик қилган.

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *