Ўзбекистонда АЭС қурилиши 2020 йилда бошланади

фев 11 / 2019

alt

Президентнинг 7 февралдаги қарори билан яқин 10 йилда маҳаллий атом энергетикасини ривожлантириш режаси тасдиқланди, деб ёзади "Норма".
 
Мамлакатимиз атом-энергетика соҳасини ривожлантириш бўйича «дастурий» ҳужжатлар тасдиқланди.
 
2019–2029 йилларда Ўзбекистон Республикасида атом энергетикасини ривожлантириш концепцияси қуйидагиларни назарда тутади:
 
– миллий ядро инфратузилмасини ривожлантириш, шу жумладан норматив-ҳуқуқий базани шакллантириш, Ўзбекистоннинг ядро хавфсизлигининг глобал режимида иштирок этиши, атом электр станциясини (АЭС) эксплуатация қилувчи ташкилот фаолиятини таъминлаш, атом энергетикасини тартибга солишнинг асосини яратиш, ядро-энергетика дастурининг шаффофлиги ва жамоатчилик учун очиқлигини таъминлаш, малакали кадрлар билан таъминлаш;
 
– ҳар бирининг белгиланган қуввати 1,2 ГВт бўлган иккита энергия блокидан иборат III+ авлод биринчи АЭСни қуриш, шу жумладан майдончани танлаш ва АЭСни жойлаштиришни лицензиялаш, лойиҳалаштириш, қуриш ва фойдаланишга топшириш;
 
– атом энергиясидан фойдаланишда атроф муҳит муҳофазасини ва одамларни радиациядан ҳимоя қилишни таъминлаш;
 
– хавфсиз ва иқтисодий самарадор ядро ёқилғи циклини ташкил этиш, шу жумладан атом энергетикасини ядро ёқилғиси билан узоқ муддатга таъминлаш, ишлатиб бўлинган ёқилғи билан боғлиқ ишларни хавфсиз амалга ошириш учун шароитлар яратиш, уни қайта ишлаш ва чиқиндиларни утилизация қилишни ташкил этиш;
 
– атом энергетикасини узоқ муддатли ривожлантиришни таъминлаш, шу жумладан атом илм-фани ва технологияларини ривожлантириш, АЭС қурилиши ва унинг эксплуатация қилинишини қўллаб-қувватлаш учун мамлакатимиз ташкилотлари томонидан лойиҳа, конструкторлик, экологик ва бошқа билим ҳамда тажрибани эгаллашни, келажакдаги АЭСлар референт технологияларини танлаш учун ядро технологиялари тенденцияларини ўрганиш.
 
2019–2029 йилларда Ўзбекистон Республикасида атом энергетикасини ривожлантириш концепциясини амалга ошириш бўйича «Йўл харитаси» қуйидаги тадбирлар бажарилишини ўз ичига олади:
 
– ядро хавфсизлиги соҳасидаги халқаро конвенцияларга қўшилиш ёки уларнинг қоидаларини Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига имплементация қилиш, шунингдек атом энергиясидан тинчлик мақсадларида фойдаланиш соҳасида нормалар ва қоидаларни ишлаб чиқиш ва қабул қилиш;
 
– майдончани танлаш ва АЭСни жойлаштиришни лицензиялаш (2019–2020 йиллар), АЭС (2022–2030 йиллар) ва унинг ташқи инфратузилма объектларини (2020–2022 йиллар) лойиҳалаштириш, қуриш ва фойдаланишга топшириш;
 
– атроф муҳитни муҳофаза қилиш ва радиация ҳимояси, шу жумладан ишлатиб бўлинган ядро ёқилғисини олиб чиқиш ва сақлаш, шунингдек янги ва ишлатиб бўлинган ядро ёқилғиси билан ишлаш;
 
– атом илм-фани ва технологияларини, шу жумладан иқтисодиёт ва ижтимоий соҳа тармоқлари учун ноэнергетик ядро технологияларини, ядро тиббиёти ва радиокимёни ривожлантириш.
 
Ҳужжат 8.02.2019 йилдан кучга кирди.
 
UZ24: Хабар ва янгиликларни FacebookTwitterTelegram'да ҳам кузатиб боринг
 

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *