Ўзбекистонда 2022 йилда илк бор аҳолини рўйхатга олиш ўтказилади

фев 06 / 2019

alt

Президент 5 февраль куни "Ўзбекистон Республикасида 2022 йилда аҳолини рўйхатга олишни ўтказиш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида"ги фармонни имзолади. Ҳужжат матни ЎзАда эълон қилинди.

Қайд этилишича, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти 2015 йил 10 июндаги “2020 йилда аҳоли ва уй-жой фондини рўйхатга олиш борасидаги принциплар ва тавсиялар” резолюциясига таяниб, аъзо давлатларни 2020 йилда Бутунжаҳон аҳоли ва уй-жой фондини рўйхатга олиш дастури доирасида аҳоли ва уй-жой фондини рўйхатга олишга тааллуқли халқаро ва ҳудудий тавсияларни инобатга олган ҳолда камида бир марта аҳоли ва уй-жой фондини рўйхатга олишни ўтказишни қатъий даъват этади.
 
Мустақиллик йилларида Ўзбекистон Республикасида аҳолини рўйхатга олиш ўтказилмаган. Аҳоли сонига, ёш-жинс таркибига кескин таъсир кўрсатган ўзгаришлар, республика ҳудудидаги аҳоли жойлашуви хусусиятлари ва бошқа ижтимоий-демографик ўзига хосликлар аҳолининг жорий ҳисобига оид мавжуд маълумотларни қўллашни сезиларли даражада чекламоқда.
 
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти 2020 йилда Бутунжаҳон аҳоли ва уй-жой фондини рўйхатга олиш дастурини қўллаб-қувватлашини эътиборга олган ҳолда, шунингдек, аҳоли сонининг аниқ ҳисоблаб чиқилишини таъминлаш, аниқ белгилаб қўйилган ягона ҳисобга олиш даврида аҳолининг жинси, ёши, оилавий аҳволи, маълумоти, ҳаёт даражаси, яшаш шароити, бандлиги, миллати, фуқаролиги ҳамда бошқа демографик, ижтимоий-иқтисодий хусусиятлари бўйича якка тартибда ҳисобга олиш ва батафсил тавсифлаш мақсадида Ўзбекистон Республикасида 2022 йилда аҳолини рўйхатга олиш ўтказилади.
 
Ўзбекистон Республикасида 2022 йилда аҳолини рўйхатга олишни ўтказишга кўмаклашиш бўйича республика комиссиясининг асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгиланди:
 
аҳолини рўйхатга олишга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш билан боғлиқ тадбирларнинг ўз вақтида ва сифатли бажарилишини таъминлаш;
 
аҳолини рўйхатга олишни ўтказишга ваколатли орган ҳамда бошқа давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ўртасидаги ўзаро ҳамкорликни мувофиқлаштириш;
 
аҳолини рўйхатга олишга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш жараёнини назорат қилиш;
 
аҳолини рўйхатга олишга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишни молиялаштириш, материалларни қайта ишлашни ташкил этиш ва якуний натижаларни эълон қилиш масалалари бўйича таклифларни кўриб чиқиш;
 
аҳолини рўйхатга олишни ўтказишда иштирок этиш учун жисмоний ва юридик шахсларни, уларнинг меҳнатига ҳақ тўлаш масалаларини ҳал қилган ҳолда, жалб этишни ташкил этиш;
 
ташкилотларни, уларнинг мулкчилик шаклидан қатъий назар, аҳолини рўйхатга олишга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш билан боғлиқ ишларга, шунингдек, халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликни фаоллаштириш ва ҳамкорлик самарадорлигини ошириш бўйича таклифлар ишлаб чиқишга жалб қилиш масалаларини кўриб чиқиш;
 
Давлат статистика қўмитаси, Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Молия вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Адлия вазирлиги бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда 2019 йил 1 июлга қадар муддатда буни назарда тутувчи “Аҳолини рўйхатга олиш тўғрисида”ги қонуни лойиҳасини ишлаб чиқади ва Вазирлар Маҳкамасига киритади.
 
UZ24: Хабар ва янгиликларни FacebookTwitterTelegram'да ҳам кузатиб боринг
 

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *