Ўзбекистон ва БМТ кенг кўламли ҳамкорликни янада кенгайтиради

апр 26 / 2019

alt

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 26 апрель куни Пекин шаҳрида ўзи учун ажратилган қароргоҳда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби Антониу Гутерриш билан учрашув ўтказди.

Президентимиз Бош котибнинг БМТни ислоҳ қилиш, халқаро хавфсизлик ва барқарорликни, изчил тараққиётни таъминлаш йўлидаги ташаббуслари ва саъй-ҳаракатларини тўлиқ қўллаб-қувватлашини билдирди. Ушбу ислоҳотлар Ўзбекистонда Ҳаракатлар стратегияси доирасида амалга оширилаётган қатъий ислоҳотларни фаол давом эттиришга хизмат қилишига умид билдирди. 

БМТ Бош котиби Президентимиз билан яна бир бор учрашиб турганидан мамнун эканини таъкидлаб, Ўзбекистон ташаббуслари халқаро ва минтақавий хавфсизликни мустаҳкамлаш, маънавият, таълим, экология, туризм каби соҳаларни ривожлантиришда муҳим ўрин тутаётганини қайд этди.

БМТ Бош котибининг кўмаги туфайли БМТ шаъфелигида Оролбўйи учун кўп шериклик асосидаги Траст фонди фаолият бошлади. Оролбўйида умумий қиймати 3 миллиард доллардан ортиқ лойиҳалар ишлаб чиқилган ва амалга оширилмоқда.

Антониу Гутерриш Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида Оролбўйида аҳоли турмуши сифати ва даражасини ошириш, замонавий уй-жой, ижтимоий инфратузилма ва саноат объектларини қуриш, умуман, Орол фоижасининг салбий оқибатларини юмшатиш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирларни юксак баҳолади. Беш ой мобайнида Оролнинг қуриган тубидаги 500 минг гектардан ортиқ майдонда ҳимоя ўрмонзорлари экилди, 1,1 миллион гектар майдонда қум тутиш тизими яратилди.

alt

Учрашувда, жорий йил октябрь ойида Нукусда бўлиб ўтадиган Оролбўйида экологик инновация ва технологияларни ривожлантириш бўйича халқаро конференция якунида Ўзбекистон БМТ Бош Ассамблеясига ушбу ҳудудни "Экологик инновация ва технологиялар ҳудуди" сифатида эълон қилишга доир махсус резолюция қабул қилиш ташаббуси билан чиқиши режалаштирилгани таъкидланди. 

Бундан ташқари, 2020 йилда Тошкент шаҳрида Озон қатламини емирувчи моддалар бўйича Монреал протоколини амалга ошириш масалаларига бағишланган халқаро конференция ўтказилиши қайд этилди.

Суҳбат чоғида Афғонистондаги вазиятни тез фурсатда тинч йўл билан ҳал этиш минтақамизда барқарорликни таъминлашнинг муҳим омили экани таъкидланди. Ўзбекистон Афғонистонни минтақавий иқтисодий ҳамкорликка фаол жалб этмоқда, ушбу мамлакат учун савдо, инфратузилма ва ижтимоий лойиҳаларни илгари сурмоқда. 

Антониу Гутерриш Ўзбекистон билан кенг кўламли ҳамкорликни янада кенгайтириш учун зарур барча кўмакни кўрсатишга тайёр эканини яна бир бор тасдиқлади.

Хабар ва янгиликларни ОдноклассникиFacebookTwitterTelegram'да ҳам кузатиб боринг

 

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *