Ўзбекистон Тожикистон ҳукуматига Роғун ГЭСи борасида яна эътироз билдирди

июл 19 / 2016

alt

Мактуб Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги расмий сайтига жойлаштирилди:

"2016 йилнинг 1 июлида "Роғун ГЭС" ОАЖ ва Италиянинг "Salini Impregilo S.p.A" компанияси ўртасида шартнома тузилганлигига оид маълумотнинг бир қатор оммавий ахборот воситаларида чоп этилиши муносабати билан қуйидагиларни маълум қиламиз. 

2016 йилнинг 19 июлида Тожикистон Ташқи ишлар вазирлигига Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Ш.М.Мирзиёевнинг хати йўлланди. Мазкур хат Тожикистон Республикаси Бош вазири Қ.Расулзода номига йўлланиб, у қуйидаги мазмунга эга бўлди: 

"Мазкур мурожаат Тожикистон Республикаси Ҳукуматининг Роғун ГЭСи қурилиши бўйича Италиянинг "Salini Impregilo" компанияси билан келишувга эришгани тўғрисидаги янгиликлар билан боғлиқ.

Шу муносабат билан Сизнинг эътиборингизни яна бир бор қурилиш майдонидаги бир қатор тадқиқотлар, биринчи навбатда, Жаҳон банки бошчилигида ўтказилган лойиҳанинг мажмуавий халқаро экспертизаси - Роғун ГЭСининг қурилиши Марказий Осиёнинг барча минтақалари учун улкан хавф-хатар туғдиришини тасдиқлаганини эслатиб ўтишни жоиз деб топдик, бу ҳақида раҳбариятнинг ҳамда қўшни мамлакатлар экспертларининг маълумотларида бир неча маротаба таъкидланган, Тожикистон Ҳукумати ҳам бундан яхши хабардор. 

Жаҳон банки мазкур лойиҳанинг улкан техноген, экологик, ижтимоий ва иқтисодий хавфини инобатга олиб, Роғун ГЭСи қурилишини молиялаштиришда иштирок этишдан бош тортди. 

Шуни эслатиб ўтиш лозимки, Роғун ГЭСини барпо этиш лойиҳаси ўтган асрнинг 70- йилларида ишлаб чиқилган. Бугунги кунда замонавий талаб ва тажрибани ҳисобга олиб, бу лойиҳани қайта кўриб чиқиш шарт.

Баландлиги бўйича дунёда тенги йўқ ҳисобланган 335 метрлик тўғонга эга бу қадар улкан миқёсли ГЭС мажмуаси қурилиши учун танланган майдоннинг сейсмиклиги Рихтер шкаласи бўйича 9-10 балл бўлган тоғ ҳудудида экани жиддий шубҳа-гумонларни келтириб чиқаради. Объектнинг маълум қилинган 3,9 млрд АҚШ доллари миқдоридан анча узоқ бўлган умумий смета қийматида амалий аниқлик мавжуд эмас, лойиҳавий ҳужжатлаш ишлари тўлиқ якунланмаган, обрўли экспертлар томонидан билдирилган жиддий мулоҳазалар инобатга олинмаган.

Тожикистон ҳукуматининг ҳар қандай йўл билан бўлса ҳам минтақа учун улкан хавф туғдириши мумкин бўлган Роғун ГЭСи қурилишини давом эттириш учун қилаётган уринишлари кишини хавотирга солмай қўймайди, албатта.

Тожикистон раҳбарияти мамлакатнинг энергия таъминоти билан боғлиқ муаммоларни кичик ва ўрта ГЭСлар ҳисобидан ҳал қила олади деб ҳисоблашга асосимиз бор, бунинг учун Тожикистон ҳудудида кўплаб дарёлар ва сув ресурслари мавжуд. 

Бизга маълум бўлишича, бундай истиқболли дастур Тожикистонда амалга оширилмоқда", дейилади хатда. 

  • Мехмон
    13 декабр 2016, 22:35

    Энди бу биз учун нокулай булган хакикатдир ва биз сув кам сарфлайдиган масалан,томчилаб сугориш каби исроил технологияларига утишни тезлаштиришимиз зарур.

  • Мехмон
    09 август 2016, 20:00

    Газ бермаганимиз учун шундай килишияпти. Келишиш керак

  • Мехмон
    21 июл 2016, 08:57

    Қишда қоронғида музлаб,қоронғуда ўтиргандан, қуришгани ва сув масаласида келишиши йўлидан борганимиз яхшимасмиди....

  • Мехмон
    20 июл 2016, 15:51

    уларга бундай килиб яхши гапирмаслик керак. жойини топиб уларни мажбур килиш керак. АЛИ ДЕСАНГ ВАЛИ ДЕБ ТУРАВЕРИШАДИ БУЛМАСА. УЛАРНИ КОНИДА БОР БУ НАРСА

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *