"Фара"ларни ёқиб юриш бўйича талаб икки йилга узайтирилди

июн 05 / 2019

 

Ҳукуматнинг 9 апрелдаги қарори билан барча транспорт воситаларига чироқларни кундузи ёқиб юриш бўйича талаб қўйилган эди. Ички ишлар вазирлиги томонидан Адлия вазирлиги билан ҳамкорликда ушбу тартиб таҳлил қилинди ҳамда тегишли лойиҳа май ойининг бошида Ҳукуматга киритилган. Қабул қилинган Ҳукумат қарорига (460-сон, 04.06.2019 й.) мувофиқ “фаралар” бўйича қатъий талаб ҳайдовчиларга эмас, ишлаб чиқарувчиларга қўйилади, деб хабар қилади "Ҳуқуқий ахборот" канали.
 
Яъни қарорга кўра, 2021 йил 1 январга қадар кундузи чироқларни ёқиб ҳаракатланиш шартлиги тўғрисидаги талаб фақатгина автоматик ёниб турувчи кундузги чироқлари бор машиналарга нисбатан татбиқ этилади.
 
Шунингдек, 2020 йил 1 январдан бошлаб ички бозор учун ишлаб чиқарилаётган автомобилларга сутканинг ёруғ вақтида автоматик ёнадиган чироқлар ўрнатиш мажбурий этиб белгиланади. Импорт автомобилларнинг ҳам шундай автоматик ёнадиган чироқлари бўлмаса, мамлакат ичкарисига олиб кирилишига рухсат берилмайди.
 
Бундан ташқари, Ҳукумат топшириғига асосан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга ҳам ташқи ёритиш асбобларидан фойдаланиш қоидаларини бузганлик учун жарима миқдорини (ҳозирда 101 минг 365 сўм) камайтиришга оид тегишли Қонун лойиҳаси ишлаб чиқилади.
 
Хабар ва янгиликларни ОдноклассникиFacebookTwitterTelegram'да ҳам кузатиб боринг
 

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *