Фаол сиёсий мулоқотларнинг изчил давоми (фото)

апр 15 / 2019

alt

Аввал хабар қилганимиздек, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Қозоғистон Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев 14 апрель куни давлат ташрифи билан мамлакатимизга келди.

alt

Олий мартабали меҳмон 15 апрель куни Кўксаройда расмий кутиб олинди.  

alt

Ушбу маросимдан сўнг давлат раҳбарлари тор доирада учрашув ўтказди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар қилди.

alt

Президентимиз Қозоғистон раҳбарини Ўзбекистонга ташрифи билан қутлаб, бу кейинги йилларда анча фаоллашган сиёсий мулоқотларнинг изчил давоми эканини таъкидлади. 

alt

– Қозоғистон Президенти сифатида илк давлат ташрифингизни Ўзбекистонга амалга оширганингизни юқори баҳолаймиз. Буни мамлакатларимиз ўртасидаги стратегик шерикликни янада мустаҳкамлашга қатъий интилиш ифодаси деб биламиз. Қозоғистон биз учун яқин қўшни, стратегик шерик. Ҳамкорлигимизнинг барча йўналишлари бўйича ижобий динамикага эришилаётганидан мамнунмиз, – деди Шавкат Мирзиёев.

alt

Қозоғистон Президенти Ўзбекистонга таклиф учун давлатимиз раҳбарига миннатдорлик билдириб, музокаралар самарали ўтишига ишонишини қайд этди.

alt

– Мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорлик сифати ва амалий мазмуни ҳақидаги гапларингизга тўла қўшиламан. Сиз, ҳурматли Шавкат Миромонович, ва Қозоғистоннинг Биринчи Президенти Нурсултон Назарбоев давлатлараро муносабатларни юқори босқичга олиб чиқдингиз. Бу суръатни сақлаб қолишни ўзимнинг асосий вазифам деб биламан. Қозоғистонда қардош Ўзбекистон билан алоқаларга талаб жуда катта, – деди Қасим-Жомарт Тоқаев.

alt

Учрашувда мамлакатларимиз ўртасидаги дўстлик ва яхши қўшничилик муносабатларини янада мустаҳкамлаш, савдо, транспорт, саноат кооперацияси, туризм ва бошқа соҳалардаги ҳамкорликни ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди, томонларни қизиқтирган минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик масалалар юзасидан фикр алмашилди. 

Ўзбекистон ва Қозоғистон БМТ, ШҲТ, МДҲ, Ислом ҳамкорлик ташкилоти, Оролни қутқариш халқаро жамғармаси каби халқаро тузилмалар доирасида самарали ҳамкорлик қилиб келмоқда. Қозоғистон мамлакатимиз ташаббуси билан БМТ шафелигида ташкил этилган Оролбўйи минтақаси учун Инсон хавфсизлиги бўйича кўп томонлама шериклик асосидаги Траст фонди фаолиятини қўллаб-қувватлади.  

Минтақада тинчлик ва хавфсизликни мустаҳкамлаш, Афғонистондаги вазиятни тинч йўл билан ҳал этишга кўмаклашиш масалаларига ҳам эътибор қаратилди.  

Мулоқотда минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик масалалар бўйича томонларнинг позициялари мос ёки яқин экани яна бир бор ўз тасдиғини топди.

Хабар ва янгиликларни ОдноклассникиFacebookTwitterTelegram'да ҳам кузатиб боринг

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *