Эндиликда апостиль олиш учун Тошкентга келиш шарт эмас

фев 28 / 2019

alt

Ҳукумат қарорига асосан эндиликда, давлат нотариал идоралари нотариуслари томонидан хорижий давлатларда амал қилиши учун берилган ишончнома, шартнома, гувоҳномаларни, шунингдек ФҲДЁ бўлимлари томонидан берилган гувоҳнома ва маълумотномаларни тасдиқлаш (апостиль қўйиш) давлат хизматлари марказлари орқали амалга оширилади. Бу ҳақда “Ҳуқуқий ахборот” канали хабар қилди.

Маълумот учун – хорижий давлатларда амал қилиш ёки хорижий давлатларнинг қайсидир ташкилоти ёки органига тақдим қилиш учун берилган ҳужжат (ишончнома, шартнома, гувоҳнома, маълумотнома)даги имзонинг ва ҳужжатга қўйилган муҳр ёки штампнинг ҳақиқийлигини тасдиқлаб, махсус штамп қўйиш апостиль ҳисобланади.

Бугунги кунгача хорижий давлатларда амал қилиши учун берилган ҳужжатларни тасдиқлатиш учун фуқаролар Адлия вазирлигига, Тошкент шаҳрига келишлари зарур эди. Янги тартибга асосан бу талаб бекор қилиниб, фуқаролар ушбу ҳужжатларни тасдиқлатиш учун Тошкент шаҳрига келиб юрмасдан, ўзларининг доимий яшаш жойларидаги туман (шаҳар) давлат хизматлари марказларига мурожаат қиладилар.

Марказ ходимлари томонидан электрон анкета тўлдирилиб, 10 дақиқа ичида тегишлилиги бўйича Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги ёки ҳудудий адлия бошқармаларига юборилади.

Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги ёки ҳудудий адлия бошқармалари анкетани қабул қилиб олганидан сўнг 5 иш куни ичида ҳужжатни тасдиқлаш (апостиль қўйиш) бўйича қарор қабул қилади. Ҳужжатлар тасдиқланган тақдирда дарҳол давлат хизматлари марказига етказилади.

Давлат хизматлари маркази ҳужжат тасдиқланганлиги ҳақидаги хат тушгандан сўнг 1 соат мобайнида ҳужжатини олиб кетиш учун ариза берувчини ахборот-коммуникация тизими орқали хабардор қилади.

UZ24: Хабар ва янгиликларни FacebookTwitterTelegram'да ҳам кузатиб боринг

 

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *