Буюк Британия билан шериклик ва ҳамкорлик тўғрисида битим имзоланди

ноя 01 / 2019

alt

Тошкентда Ўзбекистон Республикаси ҳамда Буюк Британия ва Шимолий Ирландия Бирлашган Қироллиги ўртасида Шериклик ва ҳамкорлик тўғрисида битим имзоланди, деб хабар қилмоқда “Дунё” ахборот агентлиги.

Ҳужжатга Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов ва Буюк Британиянинг мамлакатимиздаги элчиси Тим Торлот имзо қўйди.

Бугунги кунда Ўзбекистон ва Буюк Британия ўртасидаги муносабатларни белгилайдиган асосий ҳужжат мамлакатимиз ва Европа Иттифоқи ўртасида 1996 йил 21 июнь куни имзоланган Шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битим ҳисобланади. Бироқ Буюк Британия Европа Иттифоқи таркибидан чиққандан сўнг («Брехит») мазкур ҳужжат Ўзбекистон ва Буюк Британия муносабатларига тааллуқли бўлмайди. Шу муносабат билан Лондон шериклик ва ҳамкорликка оид давлатлараро битим имзолаш ташаббуси билан чиқди.

Буюк Британия элчиси мазкур битимни имзолаш Буюк Британия ЕИ таркибидан чиққандан сўнг ўзаро муносабатларда ҳуқуқий аниқликни сақлаб қолиш ва икки мамлакат бизнес жамиятлари ўртасидаги узлуксиз ҳамкорликни ривожлантириш учун қулай шароит яратиш учун зарурлигини қайд этди. Ҳужжат лойиҳасида Ўзбекистон ва ЕИ ўртасида амалда бўлган Шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битимнинг барча қоидалари сақлаб қолинган ва улар Ўзбекистон-Британия ҳамкорлигига мослаштирилган.

“Битим томонларнинг ижтимоий-сиёсий, савдо-иқтисодий, инвеститсиявий, молиявий, интеллектуал мулк ҳимояси, таълим, илм-фан ва технологиялар, қишлоқ хўжалиги, энергетика, транспорт, соғлиқни сақлаш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, барқарор ривожланиш, туризм ва маданият соҳаларидаги ҳамкорлигини қамраб олган”, деб таъкидлади Буюк Британия дипломатик миссияси раҳбари.

Битимга биноан томонлар ҳамкорликнинг барча жабҳалари, шунингдек, ўзаро манфаатли халқаро ва минтақавий масалалар юзасидан мунтазам сиёсий мулоқотда бўлади.

Томонлар бир бирига импорт товарларига қўлланиладиган божхона йиғимлари, солиқлар ва барча кўринишдаги бошқа тўловларга нисбатан энг қулай тартиб тақдим этади.

Томонлар сармояларни ҳимоя қилиш, капиталнинг эркин ҳаракати ва инвестиция имкониятлари ҳақидаги ахборот алмашиш учун шароитларни яхшилаш воситасида хусусий инвеститсиялар учун қулай муҳит яратиш йўлида ҳамкорлик қилади.

 

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *